Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сув келтирган хору кўза синдирган азизми? Бухорода 16 та иш ўрни очган тадбиркор касодга учрамоқда (видео)

Сув келтирган хору кўза синдирган азизми? Бухорода 16 та иш ўрни очган тадбиркор касодга учрамоқда (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Таҳририятимизга Бухоро тумани Шейхонча маҳалласида яшовчи тадбиркор — «Рухсат Шаҳноза» хусусий корхонаси раҳбари Шавкат Қудратовдан мурожаат келиб тушди. Алам ва ўкинч билан ёзилган мурожаат журналистик суриштирув ўтказиш учун бизни Бухорога  етаклади.

Шавкат Қудратов 2006 йилдан бери тадбиркорлик қилиб келади. Шу пайтгача банклардан бир неча бор кредит олган. Уларни ўз вақтида қайтарган, буни унинг кредит тарихини акс эттирувчи ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди.

Тадбиркорлик соҳасидаги 12 йиллик фаолияти мобайнида  моддий аҳволи ўнгланди, ул-бул орттирди, ҳам банкка, давлатга фойда келтирди. Шу чоққача бундай ҳамкорликдан ҳар икки тараф мамнун эди. Аммо 2014 йили тадбиркор яна  кредит олишга бел боғлади-ю, муаммолар ботқоғига ботди-қолди.

Гап шундаки, Шавкат Қудратов Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Фазо-2» кредит линияси доирасида хорижий валютада кредит берилиши ҳақида эшитиб қолади. Сўнг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва узоқ муддат сақлаш ускуналарини сотиб олиш бўйича бизнес режа тайёрлаб, банкка тақдим этади. Бу кредитга Хитойда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ускунаси(музлаткич)ни сотиб олмоқчи эди.

Фото: «Xabar.uz»

2015 йил 5 ноябрда «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банкининг Бухоро минтақавий филиали тадбиркор билан ХТАнинг 240 минг АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредитини ажратиш тўғрисида шартнома тузди. Тадбиркорнинг айтишича, ҳамма ташвиш шундан кейин бошланган.

Қизиғи, кредит шартномаси 2015 йилнинг 5 ноябрида тузилган бўлса-да, пул тадбиркорнинг ссуда ҳисобрақамига 14 декабрда ўтказиб берилган. Аммо ойлик фоизлар шартнома имзоланган кундан, яъни пул ҳисобрақамга тушишидан 39 кун аввал ҳисоблана бошлаган ва Шавкат Қудратовнинг ҳисобрақамидан автоматик ечиб олинаверган.

«Бу ҳам майли, — дейди тадбиркор биз билан суҳбатда. — «Қишлоқ қурилиш банк» филиали шартномадаги пулнинг ҳаммасини фақатгина орадан бир йил ўтиб, яъни 2016 йилнинг 28 ноябрь куни Хитойдаги корхона ҳисобига тушириб берди. Ана шундан кейингина Хитой тарафи ускунанинг асосий қисмини етказиб берди. Бунинг натижасида музлаткич белгиланганидан анча кеч, яъни 2017 йилнинг бошида ишга туширилди».

Шу ўринда бир нарса диққатимизни тортди. Шартномада кўрсатилган пулни бўлиб-бўлиб, сўнгги қисмини 2016 йилнинг 28 ноябрида ўтказиб берган «Қишлоқ қурилиш банк» филиали бир йил давомида 240 минг АҚШ доллари ҳисобидан фоиз олиб турган. Бу нима? Ҳам бўйидан, ҳам энидан уришми?

Яна бир муаммо. Кредит шартномасига мувофиқ, ажратилган маблағдан ҳар ойнинг 5-санасида фоиз (240 минг доллардан ойига 1121,1 доллардан сўм ҳисобида 1121,1 х 2600 = 2914860 сўм) ечиб олиниши керак бўлгани ҳолда, банк тадбиркорнинг ҳисобрақамидан бир ойда бир марта эмас, ўзи истаган куни, баъзан ҳар куни, баъзан кунора, гоҳида 3-4 кун оралатиб пул ечиб олаверган. Тадбиркорнинг айтишича, бу пайтда унинг ҳисобрақами ҳам ёпиб қўйилган. Яъни фоизлар хоҳлаган пайтда олинган, фоиз олиш баҳонасида эса ҳисобрақам ёпиб қўйилаверган. Натижада бу тадбиркорнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатган, у маҳсулотлар учун тўловлар ва коммунал қарзларни тўлашга қийналган.

Тадбиркор ҳисобидан пуллар бетартиб ечиб олинавергач, буни алоҳида дафтарга қайд этиб борган.
Фото: «Xabar.uz»
Дафтардаги рақамларнинг қанчалик ҳақиқатни АКТ ривожланган бугунги замонда текшириб кўриш у қадар мураккаб иш бўлмаса керак!
Фото: «Xabar.uz»

Юқоридаги масалалар ва бошқа баҳсли ҳолатлар юзасидан «Қишлоқ қурилиш банк»нинг Бухоро минтақавий филиали бошқарувчиси, ҳуқуқшуносидан изоҳ сўрадик. Ҳуқуқшунос саволларимизга жавоб бера олмади, бошқарувчи эса... Яхшиси, буни мақолага илова қилинган видеодан кўринг!

Аммо Шавкат Қудратовни қийнаётган муаммо булар эмас. Бу ҳақда у шундай дейди:

— Мен кредит олган вақтимда 1 АҚШ долларининг расмий курси 2600 сўм эди. Бизнес режамни ҳам ўша пайтдаги курс бўйича тузганман. Мен долларда олди-сотди қилмайман. Деҳқонлар етиштирган маҳсулотларини сақлаб бераман. Бир килограмм маҳсулот учун  кунга 1 сўм 50 тийин ҳақ оламан. Музлаткич 450 тоннагача, оғирроқ келадиган маҳсулотлар учун 600 тоннагача маҳсулотни сиғдира олади. Агар музлаткич тўла турса, ойига 25 миллион сўмгача даромад кўра оламан.

Фаолиятим мавсумий. Йилда олти-етти ойгина ишлайман. Қолган вақтда кредитни бошқа тадбиркорлигим ортидан тўлашни режа қилгандим. Маҳсулотни етказиб берувчи билан аккредитив шартнома имзолаганим учун ва менга кредит берган «Қишлоқ қурилиш банк» Бухоро минтақавий филиали томонидан ҳам кредит маблағлари маҳсулот етказиб берувчининг ҳисобрақамига ўз вақтида ўтказиб берилмагани сабабли бир йиллик имтиёзли муддат музлаткични Хитойдан олиб келиб ўрнатиш ва қуришга кетган вақтдаёқ  тугади.

Кредит шартномаси 2015 йил 5 ноябрда имзоланган бўлса, юқоридаги сабаблар, яъни кредит пули хориждаги ҳамкорнинг ҳисобига ўз вақтида ўтказиб берилмагани, ускуналарни олиб келиш ва ўрнатиш вақт талаб қилгани боис фаолиятимни 2017 йил февралидан бошладим. Орада доллар курси 2600 дан 4200 сўмгача ошди ва табиийки олган кредитимнинг фоизи ва танини қайтаришим қийинлаша бошлади. Шу сабабли имтиёзли даврни чўзиб беришларини сўраб банкка мурожаат қилдим. Қайта-қайта мурожаатларимдан кейингина банк имтиёзли даврни бир йилга узайтириб берди. Бир йил фақат фоизни тўлаб турай-чи, ҳаммаси яхши бўлиб кетар деган ниятда эдим. Аммо бундай бўлмади. 2017 йилнинг сентябрида амалга оширилган валюта ислоҳотлари натижасида 1 АҚШ долларининг расмий курси 8100 сўм этиб белгиланди. Бу аҳволимни янада оғирлаштирди.

Бухоролик тадбиркор кредитни имзолаган вақтида банкка ойига 10 миллион 400 минг сўм тўлаши керак бўлган. Бизнес режа ҳам, харажат ва даромадлар хомчўти ҳам шунга асосланган. У ойига шунча пулни тўлай олишига кўзи етгани учун бу ишга қўл урган. Бироқ 2017 йилнинг сентябридаги ислоҳотлардан сўнг ойига 42 миллион 800 минг сўм тўлаши керак бўлади.

Тўғри, тадбиркорлик таваккалга асосланади. Унда бойиб кетиш билан бирга куйиб қолиш эҳтимоли ҳам бор. Тўғри, валюта курси бунчалар «сакраб» кетишида банкнинг айби йўқ. Аммо... Шу «аммо»га кўп нарса боғлиқ-да.

«Агар доллар саккиз мингга чиқиб кетишини қўйиб туринг, беш минг бўлиб кетади дейишганда ҳам бу кредитни олмаган бўлардим, — дейди тадбиркор. — Мен хорижий валютада кредит олганим билан бу пулларни ушлаб ҳам кўрганим йўқ, улар тўлиғича Хитойдаги ускуна етказиб берувчининг ҳисобрақамига тушган. Аммо банк бизнес режам долларда тузилганини айтиб оғзимга уриб келади. Агар уни сўмда тузиб топширганимда кредит бермасдилар-ку. Қолаверса, мен мижозларим — музлаткичга маҳсулотларини қўювчи деҳқонлар билан сўмда ҳисоб-китоб қиламан-ку, долларда эмас, буниям ҳеч ким инобатга олмаяпти. Тўғри, кредит фоизлариниям сўмда тўлаяпман, аммо янги курс бўйича. Бироқ оладиган даромадим бунчалик ўсгани йўқ».

Тадбиркорнинг ёзғирганича бор. Тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Дейлик, музлаткич ишга туширилган 2017 йилнинг февралидаям Шавкат Қудратов 1 кг маҳсулотни сақлаб бериш учун 1 сўм 50 тийин олаётган бўлса, ҳозир ҳам шунча олмоқда. У 240 минг долларга иссиқхона қурган бўлганда ҳам бошқа гап эди. Чунки иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотларнинг нархи кундан-кунга ошиб бормоқда. Оддий мисол, 2017 йилнинг бошида помидор-бодрингнинг нархи қанча эди-ю ҳозир қанчалигини солиштириб кўринг-а?! Аммо қишлоқ хўжалик маҳсулотларини маълум муддатга сақлаб берадиган музлаткичлар даромадгирлик бобида иссиқхоналар олдига тушолмайди-да!

«Ҳолим кундан-кунга хароб бўлиб бормоқда. Илгари ҳар ойда кредитни тани билан 10 млн. 400 минг сўм тўлаган бўлсам, девальвациядан сўнг ҳар ойда 42 млн. 800 минг сўм тўлашимни талаб қилишмоқда. Даромадим бунча бўлмаса, бунча пулни қаердан оламан, хонавайрон бўламан-ку!», — дея ёзғиради Шавкат Қудратов.

Тадбиркорнинг шу пайтгача ёзмаган, мурожаат қилмаган жойи қолмади ҳисоб. Қўлида Президент виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура, Марказий банк, «Қишлоқ қурилиш банк»нинг республика бошқаруви, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ўнлаб ташкилот ва идоралардан келган кўплаб жавоб хатлари бор. Аммо бу хатлардаги жавоб уни қониқтираётгани, дардига малҳам бўлаётгани йўқ.

Фото: «Xabar.uz»

Келинг, ёлғон бўлмасин, унга таклиф этилаётган айрим вариантларга тўхталиб ўтсак. Кўплаб идораларга йўлланаётган мурожаатлар айланиб-айланиб кредит берувчи — «Қишлоқ қурилиш банк»ка келаётгани боис масаланинг ечими бевосита ушбу молия муассасасига боғлиқ. Биз билан суҳбат чоғида банкнинг Бухоро минтақавий филиали раҳбари Зайниддин Мардонов ўз ваколатлари доирасида муаммонинг ечими сифатида қуйидагиларни таклиф этди:

— кредит муддатини чўзиб бериш;
— айланма маблағ учун кредит бериш;
— имтиёзли давр оралиқ муддатини ўзгартириб бериш;
— кредитнинг имтиёзли даврини чўзиб бериш;
— бошқа соҳалар бўйича имтиёзли арзон кредитлар бериш.

Шавкат Қудратовдан «Шу таклифлар сизни қониқтирадими?» деб сўраймиз. У «Йўқ!» дея бош чайқайди ва бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайди:

— Банк бу таклифни менга олдин ҳам айтган. Қабул қилмаётганимнинг сабаби шуки, бу таклифлардан фақат банк ютади, мен эмас. Менга кредит муддатини амалдаги 7 йилдан, 11,5 ёхуд 14,5 йилгача узайтириб беришни таклиф этмоқдалар. Ҳисоб-китобларига кўра кредит муддати 11,5 йилга чўзилган тақдирда 138 ой давомида ҳар ойда фоизи билан 2860 доллар (сўмга чаққанда 23 миллион 166 минг сўм), муддат 14,5 йилга ўзгартирилганда эса 174 ой давомида фоизи билан 2500 доллар (20 млн 250 минг сўм) тўлаб боришим керак. Бу билан ҳеч нарса ўзгармайди, мушкулим осон бўлиб қолмайди. Ваҳоланки, мен ва банк ўртасида имзоланган кредит шартномасининг 1-иловасига кўра мен дастлабки 20 ой давомида 1100 доллар тўлаб боришим, кейин эса тўлов миқдори камайиб бориши керак эди. Ҳозирги ҳолатда мен ютқазишим тайин. Ахир даромадим буромадга мос эмас-ку. Ҳеч ким мени одам сифатида эшитмаяпти!

Банк ва тадбиркор ўртасидаги муносабатлар шу қадар чигалки, бундан фақат ёқа ушлаш мумкин, холос. Қизиғи, минтақавий филиал мутасаддиларининг қарорлари амалдаги қонун ҳужжатлари ва «Қишлоқ қурилиш банк» республика бошқарувининг кўрсатмаларига кўпам тўғри келавермайди. Бежиз бундай демаяпмиз. Минтақавий филиал 240 минг долларлик кредитнинг гарови сифатида тадбиркор ва унинг акасига тегишли мол-мулкни 1 млрд. сўмга баҳолатиб қабул қилган. Шу ўринда савол туғилади: агар берган баҳоси ўтмаса консалтинг корхонасига нега баҳолатилди? Охир-оқибат гаровга қўйиладиган мол-мулкнинг қийматини банкнинг ўзи баҳолар экан, тадбиркорни ортиқча харажатга туширишдан ким(лар)дир манфаатдорми? Ўйлаб ўйингга етолмайсан киши...

Тадбиркорнинг айтишича, ундан ҳаддан ортиқ гаров талаб қилинаётгани юзасидан «Қишлоқ қурилиш банк»нинг республика бошқарувига мурожаат қилган. Бошқарув раиси ўринбосари имзо чеккан жавоб хатида 240 минг долларлик кредит учун 800 млн сўмлик гаров қабул қилиниши маълум қилинган. Шавкат Қудратов бу хатни минтақавий филиал раҳбари Зайниддин Мардоновга кўрсатган, аммо ортиқча олинган гаровни қайтариб ололмаган.

«Қишлоқ қурилиш банк»нинг Бухоро минтақавий филиали раҳбари Зайниддин Мардонов қабулида. 2018 йил 19 февраль.
Фото: «Xabar.uz»

Журналистик суриштирув пайтида Зайниддин Мардоновдан банк республика бошқаруви раиси ўринбосарининг хати нима учун инобатга олинмагани, нега тадбиркордан ҳаддан ортиқ гаров талаб қилинганининг сабабларини сўрадик, аммо берилган жавоб қониқарли бўлмади. Бунга видеолавҳани кўриб, ўзингиз ҳам амин бўлишингиз мумкин. «Ортиқча олинган гаровни қайтарасизми?» деган саволимизга жавобан: «Шу пайтгача бу ҳақда мурожаат қилмаганлар, ариза берсалар бўлди, қайтарамиз!», — деб айтган (видеога қаралсин!) банк филиали раҳбари, мана, икки ойдан ошибдики, сўзининг устидан чиққани йўқ. Ваҳоланки, тадбиркор ваъда берилган куннинг эртасигаёқ сўралган аризани ёзиб топширган.

138-кредит шартномаси билан яқиндан танишиш асносида банкнинг 2,5 миллиардлик молк-мулкни 1 млрд.га баҳолатиб гаров сифатида расмийлаштирганининг сабаби ойдинлашгандай бўлди. Шартноманинг 4.5-бандига кўра қарздор кредитни ўз вақтида қайтара олмаса ундирув гаровдаги мол-мулкка қаратилар экан. Банк минтақавий филиали раҳбари: «Шавкат Қудратов гаровга қўйилган мулкни баҳолаш комиссиясининг хулосасига рози бўлган, йўқса қўл қўярмиди», — дейди. Тадбиркор эса бунга жавобан: «Агар шу хулосага қўл қўймасам кредит ажратмасдинглар-ку, ишим тезроқ битсин деб ҳамма шартларингга кўнганман-да, қонуний ҳуқуқимни талаб қилганимда кредит ололмасдим», — деб айтади.

Тадбиркорнинг айтишича, банк шу гаров таъминотига ҳам қаноат қилмай, қўшимча таъминот талаб қилиб тез-тез огоҳлантириш хатини юборади. Унда, хусусан, бундай дейилади: «Бугунги курс билан ҳисоблаганда сиз томонингиздан гаровга қўйилган мол-мулклар қарзингизни қоплаш учун етарли бўлмаётгани боис сиз банкка зудлик билан қўшимча таъминот тақдим этишингиз талаб этилади. Акс ҳолда банк шартномани бекор қилиб, кредит маблағларини муддатидан олдин ундириш ҳаракатларини бошлаб юборади. Сиз билан ўртамизда ишончли ҳамкорликка путур етишидан ташқари суд харажатларини ҳам тўлайсиз».

Шу ўрида бир мулоҳаза. Мол-мулк 2015 йилда баҳолатилган, орадан шунча вақт ўтди. Ўтган йиллар ичида гаровга қўйилган мулкнинг баҳоси ҳам ошгани табиий. Шуни назарда тутиб, гаровни қайта баҳолатиш масаласи кун тартибида бор-йўқлиги билан қизиқдик. Банк мутасаддилари фикримизни маъқуллагандай бўлди-ю, аммо қониқарли жавоб бера олишмади.

— Агар вазият шу тарзда кетса, мен бор-будимдан ажраб кўчада қолишим аниқ, — дейди Шавкат Қудратов. — Ҳозирги ҳолатда кредитни тўлай олмаслигим кундай равшан. Шу боис кредит оқибатларини юмшатиш чораларини кўришлари, олган кредитимни ҳеч бўлмаса 2017 йилнинг сентябригача бўлган курс бўйича, яъни 4210 сўм ҳолатида музлатишларини сўраб бир неча марта мурожаат қилганман. Аммо бу илтимосим жавобсиз қолиб келмоқда. «Қишлоқ қурилиш банк»нинг Бухоро минтақавий филиали раҳбари бу ишни ҳал қилиш менинг ваколатимга кирмайди деб қутилса, банкнинг республика бошқаруви ва Марказий банкдаги расмийлар хатларимга ҳар сафар бир хил жавоб йўллаб чарчашмаяпти...

Фикримизча, банк тадбиркор билан тузадиган кредит шартномаси ҳар қандай ҳолатда ҳам кредит олувчига бўладиган салбий таъсирларни бартараф этиши керак. Валюта либераллашуви жараёнида аввал тақдим этилган кредит маблағларининг қайтарилишида Марказий банк томонидан тижорат банкларига зарур кўрсатмалар берилган бўлиб, жумладан, ҳар бир мижоз билан алоҳида ишлаган ҳолда, уларнинг олинган кредитни қайтариш учун имкониятлари қайта кўриб чиқилиши, олти ойдан бир йилгача қўшимча муддатлар киритилиши ва зарур ҳолда ушбу давр мобайнида айланма маблағларини шакллантириш бўйича муаммони ҳисобга олиб, минимал ставкаларда миллий валютада қайта кредитлашни амалга оширишлари кўрсатиб ўтилган. Бу ҳолатда банкнинг позицияси тадбиркорнинг банкрот бўлишига томошабин бўлиб туриш эмас, максимал даражада унинг кредитни қайтариш имкониятларини кўриб чиқиш, унги тўсиқ бўлаётган муаммони биргаликда бартараф этиш, кейинги фаолиятида тўсиқларга учрамаслиги учун кенгроқ шароит яратиб бериш бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, банк ва Ш.Қудратов ўртасида тузилган кредит шартномасининг «Қарздорнинг ҳуқуқлари» деб номланувчи 5-бандида жумладан, шундай дейилади: «қарздор молия бозорида бўладиган ўзгаришлар туфайли кредит шартномасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида банкка таклифлар киритишга ҳақли». Демак, ҳуқуқ бор экан, мажбурият ҳам бўлиши табиий. Аммо шу пайтгача Ш.Қудратов мурожаат қилган ҳеч бир мутасадди идора масаланинг айни жиҳатини эътибордан соқит қилиб келаётгани ажабланарли.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз прокуратура соҳасининг бир гуруҳ ходимлари билан учрашувда: «Тадбиркор бола-чақасидан қийиб, тўплаган мол-мулки, пулини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни фоизи билан ўзи тўлайди. Шунга қарамасдан таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имкониятини, маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кеча-кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўзини, оиласини, балки эл-юртини ҳам боқади. Шу маънода тадбиркор – бу ҳақиқий фидойи инсон. Мен бундай одамларни, лоақал иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман», деган эди. Бухоролик тадбиркор Шавкат Қудратов, Президент айтмоқчи иккита эмас, балки 16 та иш ўрни ташкил этган эди, аммо бошига тушган қийинчиликлар туфайли уларнинг 13 таси бугун йўқликка юз тутиб улгурди. Муаммо шу даражада бориб етиши эса етиши эса Бухородаги ҳар бир мутассаддидан масъулиятни соқит қилмайди. Зеро, мақсад бир экан, йўллар ҳам муштарак бўлиши талаб этилади. Бир тадбиркор хонавайрон  бўлишидан жамиятга фойда йўқ.

Жамшид Ниёзов,
Каримберди Тўрамурод,
«Хаbar.uz» сайти махсус мухбирлари

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг