Собиқ футболчи Грузия президенти этиб сайланди
Бугун, 14 декабр куни бўлиб ўтган сайловда Михаил Кавелашвили Грузия президенти этиб сайланди.
Мамлакатда давлат раҳбарини биринчи марта аҳоли эмас, балки парламент — 300 нафар сайловчи депутатдан ташкил топган коллегия сайлади. Президентлик учун фақат бир номзод — ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси аъзоси, собиқ футболчи Михаил Кавелашвили даъвогарлик қилди. Сайлов якунига кўра, 300 нафар депутатнинг 244 нафари уни ёқлаб овоз берди.
Маълумот учун: Михаил Кавелашвили 1971 йилда Тбилисида туғилган. Футболчилик фаолияти давомида Тбилисининг «Локомотив» ва «Динамо» (бу жамоа билан 6 марта Грузия чемпиони бўлган), Владикавказнинг «Спартак-Алания» (бу жамоада бир марта Россия чемпиони бўлган) жамоаларида ўйнаган, кейинчалик «Манчестер Сити» ва «Грассхоппер»да фаолиятини давом эттирган. Грузия терма жамоасида 46 ўйин ўтказиб, 9 та гол киритган.
Кавелашвилининг сиёсий фаолияти 2016 йилда Грузия парламентига «Грузия орзуси» партиясидан сайланганидан сўнг бошланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter