Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Сирена» ёки «мигалка» ўрнатишга рухсат берилмайди

«Сирена» ёки «мигалка» ўрнатишга рухсат берилмайди

Фото: Xushnudbek.uz канали

Жорий йилнинг 4 декабрь куни ижтимоий тармоқларда «2021 йил 1 январдан бошлаб транспорт воситаларига махсус товушли ишоралар берувчи мослама «СИРЕНА» ёки ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча «МИГАЛКА» ўрнатиш учун бир йилига БХМнинг 50 фоизи (1 431 660 сўм) миқдорида пул тўлаб рухсатнома берилиши белгиланди» деган хабар тарқалди. ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати буни асосланмаган ёлғон хабар дея изоҳлади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 3-иловаси (Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар) 7.21-бандига кўра, транспорт воситалари ўзбошимчалик билан ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва (ёки) махсус товушли ишоралар билан жиҳозланган бўлса, ёхуд транспорт воситасининг ташқи юзасида белгиланган талабларга мос келмайдиган махсус рангли график чизмалар, ёзувлар ва белгилар бўлса бундай транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 ноябрдаги «Автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарномани тақдим этиш ва автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 758-сон қарорида транспорт воситаларига тўлов асосида ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва (ёки) махсус товушли ишоралар ўрнатиш учун рухсатнома берилиши бўйича маълумотлар мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 127-моддаси иккинчи қисмига кўра, тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш — ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

«Ижтимоий тармоқдаги барча норасмий саҳифалар эгаларидан асосланмаган, ёлғон маълумотларни ўз саҳифаларида эълон қилмасликларини сўраб, ёлғон маълумот тарқатганлик учун тегишли тартибда жавобгарлик мавжудлиги ҳақида огоҳлантирамиз», дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг