Руҳий касалхонада ҳаёти тугаган даҳо боланинг фожиали ҳикояси
Унинг шуҳрати бутун Совет Иттифоқига тарқалган. Болани порлоқ келажак кутаётган эди, у ажойиб кашфиётлар қилиши керак эди, лекин унинг ҳаёти жуда эрта тугади... руҳий касалхонада.
Павел Коноплев 1971 йил 25 мартда оддий совет физиги – муҳандис оиласида туғилган. У гўдаклигидан жуда нимжон ва касалванд бола эди.
«Жуда осон туғилди, оғриқни сезмаганман. Бу ҳаётда у ҳамма нарсани қийинчиликсиз амалга оширди – тез гапирди, тез юрди, ҳамма нарсани жуда тез ўрганди ва жуда тез, чақмоқ тезлигида ўйлади», – деб эслайди онаси Наталя Коноплева, ўғли ҳақидаги китобида.
Чақалоқ туғилгандаёқ унинг ривожланишда орқада қолиши башорат қилинган ва ҳатто тиббий картада тегишли ташхис қўйилган. Шу сабабли, унинг ота-онаси оқ қоғозга ҳарфлар ва рақамлар ёзиб илиб қўйишди – болага турли вазифаларни баланд овозда ўргата бошлашди.
«Бир саватда иккита олма, иккинчисида битта олма бор. Улар биргаликда битта саватга жойлаштирилди, қанча бўлди?» – деб сўрайди дадаси уч ёшли ўғлидан.
Кичкина Павел дарҳол жавоб берди: «уч!». Ўшандан кейин болакай отаси билан тез-тез «олма»ўйнашни сўрайди.
Огоҳлантиришлардан фарқли ўлароқ, болакай тенгдошларининг барчасидан ҳам ақлли эди. Мактабга боришдан олдин у қўшиш, айириш, кўпайтириш, бўлиш, ёзиш ва ўқишни ўрганган.
Боланинг ажойиб қобилиятлари поғонама поғона ривожланди. Етти ёшида у ўнинчи синфда ўтиладиган мавзуни мустақил равишда тушуниб, логарифмларни ўрганди.
Ташвишга тушган ота-она Павелнинг ақлий ривожланиш тестини топширишга олиб боришди, бу 142 натижани кўрсатди. Таққослаш учун, собиқ президент Роналд Рейганнинг IQ даражаси 105, шахмат бўйича таниқли жаҳон чемпионлариники эса 150 га яқин эди.
Шунингдек, Коноплев етти ёшида болалар учун нота ёзувини ўрганди ва куйлар ёзишни бошлади.
Ақллиги билан тенгдошларидан сезиларли устунлигига қарамай, Павлик болалардек ўйинқароқ эди. У бошқа болалар билан ўйнарди, хариталар чизарди, ёғочдан турли фигураларни кесарди, футбол ўйнарди – ҳатто яхши дарвозабон деб топилди.
Павлик ўзи учун муаммоларни ўйлаб топишни ва уларни ҳал қилишни яхши кўрарди. Масалан, у космосда сувни қайнатиш мумкин эмаслигини билгач, махсус «космик чойнак»ни ўйлаб топди.
Бундай даҳо учун оддий мактабда ўқиш шунчаки зерикарли эди.
У ёшига қараганда ақлли бўлса-да, унинг қалбида у хаёл қилишни ва турли хил ҳикояларни тўқишни яхши кўрадиган кичкина бола бор эди. Бир куни Павел онасига Плутонга учиш ҳақида ҳикоя ёзишни таклиф қилди.
Кейин ота-онаси уни астрономия тўгарагига беришди, у биринчи дарсдаёқ ажойиб натижа кўрсатди. Ўқитувчи даҳони Астрономия институтига олиб боришни таклиф қилди. Шундай қилиб, Павлик тўққиз ёшида профессор Павел Холоповнинг лабораториясига киришга муваффақ бўлди.
Профессор болага машаққатли меҳнат нима эканлигини кўрсатди ва унга нақшларни излашни, илмий хулосалар чиқаришни ўргатди.
14 ёшли ўспирин учун ҳақиқий совға компьютер эди. Машина Павел учун жуда оддий туюлди, шунинг учун у дарҳол бир нечта дастурлар ёзди. Кейинчалик у компьютер ўйинларини ишлаб чиқишни бошлади. Шундан сўнг газеталарда ёш даҳо ҳақида ёзишни бошладилар.
Шуниси эътиборга лойиқки, бола деярли ҳамма соҳада истеъдодли эди: у чиройли шеърлар ва ҳикоялар ёзган, мусиқа ёзган, икки ҳафта ичида инглиз тилини ўрганган. 18 ёшида эса биринчи демократик сайловларда туман кенгаши депутати бўлди.
15 ёшида Павел Коноплев Москва давлат университетининг математика ва кибернетика факультетига ўқишга кирди. Бироқ, яхши кўрсаткичларга қарамай, ўспирин университетда ўқишга қийналди. Ахир, курсдошлар ундан каттароқ эдилар ва улар у билан мулоқот қилишдан унчалик манфаатдор эмас эдилар. Коноплев ёшидан каттароқ кўринса-да лекин қалбан уятчан ўспирин эди.
16 ёшида у болалиги тугаганини тушунди. Ўтиш давридаги қийинчиликлар даҳога ҳам таъсир қилди. Павел атрофдаги ёшлар билан мулоқотга кириша олмади, яъни ундан катталар беэътибор бўлди, тенгдошлари эса ундан анча орқада эди, қолаверса қизларнинг бефарқ муносабати туфайли азоб чекди. Шундай қилиб, у аста-секин тушкунликка тушиб қолди.
Ҳатто Павел ғазаб билан бирор нарсани синдириши ёки ташлаб юбориши мумкин эди. Афсуски ўша пайтда ҳеч ким йигитнинг қандли диабет билан касалланганлигини билмаган.
Павел 19 ёшида аспирантурага ўқишга кириб, профессор Юрий Павловский бошчилигида иш бошлаганида, у руҳий касалликнинг дастлабки белгиларини кўрсата бошлади.
«Иқтидорли болаларга ҳаёт давомида ёрдам бериш керак. Бирида улар даҳо, бошқасида ёрдамга муҳтож болалар», деб ёзган Наталя китобда.
Натижада, йигитга даҳшатли ташхис қўйилди – шизофрения. Унга тайинланган дорилар вазнига вазн қўшди – 200 килограммгача етди.
Хавотирга тушган ота-она ўғлини эндокринолог, психиатрга кўрсатишди. Психиатр гормонал мувозанатни аниқлади ва даҳога бошқа даво чораларини қўллади. Бу ёрдам берди: Павел озиб кетди, ғазабланиши ҳам камайди.
Қайта қуриш бошлангандан кейин Павел ўзини даволаган профессорга бошқа бора олмади ва аҳволи жуда ёмонлашди. Атрофдаги катта ўзгаришлар ва қизларнинг бефарқлиги уни ақлдан оздирди. У шунчалик азоб чекдики, ҳатто ўз жонига қасд қилишга уринди.
Маълумки, касалхонада Коноплевга оғир дорилар буюрилган. Бу унинг организмида қон билан боғлиқ салбий ўзгаришларни келтириб чиқарди. Шундай қилиб, 2000 йил 17 сентябрда ажойиб олим бўлиши мумкин бўлган даҳо 29 ёшида «ўпка эмболияси»дан вафот этди.
Унинг онаси эса ўғли ҳақида иқтидорли болаларни тарбиялашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида китоб ва мақолалар ёзган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter