Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Қодиров даври»да «урилган» генерал масъул лавозимга тайинланди

«Қодиров даври»да «урилган» генерал масъул лавозимга тайинланди

Фото: «Xabar.uz»

Кеча тунда Бош прокурорга икки нафар янги ўринбосар тайинлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Уларни «янги» дейиш бироз нотўғрироқдай, чунки иккиси-да аввал  ҳам мамлакат бош қонун посбони муовини лавозимида ишлаб улгурганди. 

Шуҳрат Узоқов. Узоқ йиллар Ҳарбий прокуратурада турли лавозимларда фаолият юритди. Аста-секин юқорилаб, республика Ҳарбий прокурори ўринбосари бўлди. Сўнг унга Ҳарбий прокурор лавозимига қўшилиб, адлия генерал-майори унвони ҳам насиб этди.  Эътиборлиси, Ш.Узоқов 2016 йилда айни лавозимни тарк этганидан бери республика Ҳарбий прокурорлигига ҳеч ким тайинлангани йўқ. Номзодлар кўрилгани эҳтимоли катта, албатта. Бироқ масала тайинлов даражасига етмади.

Бу орада у Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бошлиғи, Президент девони масъул ходими, ниҳоят, янги очилган Халқ қабулхонасининг Самарқанд вилояти бўлими раҳбари вазифаларини адо этди. Кечадан эса «эски жойи»га янгидан қайтди: Шуҳрат Узоқов яна Бош прокурор ўринбосари — республика Ҳарбий прокурори.

Яна бир тайинлов —  Абдуҳалим Холмахматовнинг Бош прокурор биринчи ўринбосарлигига лойиқ кўрилгани билан боғлиқ. Сирасини айтганда, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари лавозими борлиги ёддан ҳам кўтарилаёзганди. Негаки, кейинги икки ўн йилликда айни лавозим кўпам банд бўлмади, аксинча, бўш турди. Янги аср бошида Рашид Қодиров Бош прокурор этиб тайинланганида маҳкама биринчи ўринбосари вазифасида Азимжон Эргашев ишлаётганди. Кўп ўтмай А.Эргашев Тошкент вилояти, сўнг Сирдарё вилояти прокурорлигига «сурилди»... Шундан кейин бир неча йил «эгасини кутган» биринчи ўринбосарлик курсисига О.Набиев таклиф этилди. Мазкур мутахассис «махсус миссия» билан айни лавозимга қўйилгандики, бир неча ой давомида вазифа бажарилгач, республика раҳбарлик идорасига кўтарилиб кетди. Янги вазифада ҳам кўп ишламаган О.Набиев тағин прокуратурага қайтарилди: бу сафар «биринчи» эмас, балки оддий ўринбосар сифатида. Бироқ бу «қайтиш»нинг ҳам умри узун бўлмади...

Қисқаси, Рашид Қодиров маҳакамага раҳбарлик қилган ўн беш йил давомида Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари лавозимида бор-йўғи икки нафар шахс ишлаганди, уларнинг умумий фаолияти жамланса, икки йилга ё етади, ё етмайди...

Кейинги тўрт йилда Ўзбекистон Бош прокурори ҳам, унинг биринчи ўринбосарлари ҳам уч бора ўзгарди. Бош прокурорларнинг лавозимидан кетиши сабаблари маълум. Биринчи ўринбосарларнинг алмашавериши бутунлай бошқа масала: Р.Матиев айни лавозимда кўп ишламагани маълум, унинг кейинги фаолияти ҳақида деярли маълумот йўқ. Муроджон Азимовнинг биринчи ўринбосарликдан тезда учирма бўлиши унинг Давлат божхона қўмитаси раиси этиб тайинлангани билан изоҳланади. Унинг ўрнига келган Эркабой Тажиев роппа-роса 20 ой ишлагач, Қашқадарё вилояти прокурори (2019 йил, октябрь) этиб тайинланди.

Куни кеча Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланган Абдуҳалим Холмахматов шу тизимда суяги қотган мутахассис. Фаолиятини туман прокуратурасида бошлаган А.Холмахматов тизимнинг барча пиллапояларини аллақачон босиб ўтган. Бир муддат республика раҳбарлик идорасидаги фаолиятидан сўнг у 2001 йилда, ҳали қирқ тўрт ёшга тўлиб-тўлмай Бош прокурор ўринбосари этиб тайинланади. Орадан йил ўтиб, 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси (генерал-майорга тенг ҳарбий унвон) рутбасига муносиб кўрилади. Нисбатан ёш кадрнинг бундай лавозим-у рутбаларга лойиқ кўрилаётгани маҳкамада ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга тушган  ўша пайтдаги Бош прокурорга ёқмаслиги эҳтимоли катта эди. Зеро, собиқ Бош прокурорга «юқори»дан юборилган эмас, ўзи «тарбиялаган» кадрлардан бири муовин бўлиши ҳар тарафлама маъқулроқ эди-да (бунинг аянчли оқибатига бугун ҳамма гувоҳ).  Шундай бўлди ҳам. Бош прокурор ўринбосари сифатида икки йил нари-бери ишлаган А.Холмахматов ҳам «синалган усулда» аввал Тошкент вилояти прокурорлигига туширилди, сўнг Фарғона вилоятига юборилди. Фарғонада уч йил ишлаб-ишламай вилоят прокурорлигидан олиниб, Қарши туман прокурорлигига тайинланди. Туман даражасига туширилган мутахассис билан эса хайрлашиш жуда осон...

Шу тариқа А. Холмахматов тизимдан бутунлай четлатилди.

Кейинги ўн икки йилнинг салмоқли қисмини А.Холмахматов хўжалик судида ўтказди: консультант, катта консультант, бўлим бошлиғи лавозимларида. Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари вазифасига тайинлангунга қадар эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилояти Халқ қабулхонаси мудири лавозимида ишлади.

Бош прокуратура тизимидаги кейинги ўзгаришларга назар ташланса, асосан тажрибали кадрлар масъул лавозимларга тайинланаётгани кузатилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, хусусан, прокуратура ҳам шундай тизимки, унда ёшларга хос шижоат ва иштиёққа тажриба уйғун келмас экан, кўзланган мақсадга эришмоқ қийин. Зеро, инсон тақдири билан боғлиқ тизимда тажриба доимо ўз сўзини айтиб келган...

Тайинловлар хайрли бўлсин.

Турсунали Акбаров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг