Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қарши шаҳар «Ойдин» маҳалласидаги 90 нафар фуқаро нимадан норози?

Қарши шаҳар «Ойдин» маҳалласидаги 90 нафар фуқаро нимадан норози?

Фото: «Xabar.uz»

Қарши шаҳридаги «Ойдин» маҳалласига айнан кўп қаватли бинолар ойдай ярашиб турибди. Йўлаклар чиннидек тоза, ям-яшил арчалар экилган, бинолар арихитектура талаблари асосида тартиб билан қурилган. Ана шу тартиб билан қурилган кўп қаватли уйлар ёнига қўшимча бинонинг қурилиши эса бу мутаносибликка андак соя соладигандек.

2020 йил 13 октябрда шаҳар ҳокимининг Феруза Усановага маҳалла ҳудудига умумий майдони 120.0 кв.метр бўлган «савдо павильони» қурилиши учун 1943-10 сонли қарор чиқариб бериши ушбу маҳалла фуқароларининг норозилигига сабаб бўлди.

Айтишингиз мумкин, «ҳа нима қипти битта ҳудудда савдо павилони ташкил қилинса, одамларга қулай шароит яратилади, мушкули осон бўлади», деб. Аммо фуқаролар ёзган аризада кўрсатилишича, бу бинонинг қурилиши ўзи шундоқ ҳам ҳаво айланмаси йўқ жойда биқиқлик юзага келтириши, болалар майдончасининг қисқариб кетиши, ям-яшил экилган ўт, дарахт ва арчаларнинг пайҳон қилиниши, яъни экологияга зарар етказилиши, экинларни суғорадиган фонтан трубаларининг бузиб ташланиши, махсус ёнғин хавфсизлигини бартараф этиш учун жойлашган сув ҳовузининг тўсиб қўйилиши сабаб қилиб кўрсатилган.

Фото: «Xabar.uz»

Гапнинг индаоллосини айтадиган бўлсак, ҳудудда савдо павилони ўрнатмоқчи бўлган фуқаро бир тараф, ўз ҳуқуқлари учун курашаётган 90 нафардан зиёд фуқаролар бир тараф.

Хўш, бунга қонун нима дейди? Ўзбекистонда аҳоли яшаш жойларида қурилиш ишларини олиб бориш Шаҳарсозлик кодекси билан тартибга солинади. Унинг 4-моддаси, биринчи қисмида «шаҳарсозлик воситалари орқали шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари, аҳолисининг қулай яшаш шароитларини таъминлаш, хўжалик ва бошқа фаолиятнинг атроф муҳитга етказадиган зарарли таъсирига йўл қўймаслик, экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли пунктларининг ва уларга туташ ҳудудларнинг муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларини ривожлантириш, маданий мерос объектларини сақлаш жамиятнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатларидир» дейилган.

Яъни янги қуриладиган объект атроф-муҳитга зарар етказмаса, экологик ҳолатни бузмаса, аксинча яхшиланишига ҳисса қўшсагина манфаатлидир.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида эса «Юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик фаолияти, башарти бундай фаолият чегарадош ер участкалари ва бошқа кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари, эгалари ҳамда мазкур участка ва объектлардан фойдаланувчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари амалга оширилишига монелик қиладиган бўлса, чекланиши керак» дейилган. Ушбу модданинг энг охирги қисмида «Агар шаҳарсозлик фаолияти жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига зид бўлса, бундай фаолият тугатилиши керак», дейилган, яъни ҳар қандай қурилиш ишлари бошланишидан олдин, режалаштирилаётганда, лойиҳалаштирилаётганда шу ҳудуддаги фуқаролар, корхона ва ташкилотларнинг манфаатларига зид эмаслиги текширилиши, уларнинг розилиги олиниши шарт ҳисобланади.

Айнан шу кодекснинг 5-моддаси фуқароларнинг қулай яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳити билан таъминланиш ҳуқуқларига бағишланади. Унинг 4-қисмида фуқароларнинг шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этиши белгилаб қўйилган.

6-моддасида шаҳарсозлик фаолиятининг асосий талабларига урғу берилган. Яъни шаҳарсозлик фаолияти соҳасида қарорларнинг муҳокамаси ва қабул қилинишида фуқаролар, жамоат бирлашмалари иштирок этиши учун шароитларни таъминлаш талаб қилинаркан. Мана шу моддага кенгроқ тўхталадиган бўлсак, хўш, қарор муҳокамасига фуқаролар жалб қилинганми? Улар огоҳлантирилганми, уларнинг фикри ўрганилганми?

Фото: «Xabar.uz»

Кейинги пайтларда кўп қаватли уйлар ҳудудидаги дарахт ва гуллар экилган, фонтан барпо қилинган, болалар майдончалари қурилган ерлар аксарият ҳолларда бўш турган ерлар ҳисобланиб, хусусий тадбиркорларга ажратилаётган ҳолатлари шундай зиддиятларни келтириб чиқармоқда.

Ахир, кўп қаватли уйлар олдининг фойдали объектлар билан банд бўлиши — кўм-кўк майсалар ва гуллар экилиши, фонтандан зилол сувларнинг отилиб туриши аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун қулайлик эмасми? Қолаверса, бу қулайликлар шу ҳудуддаги ҳар бир фуқаронинг ҳордиқ олиш ҳуқуқи ҳамдир.  Нима учун бир фуқаронинг тадбиркорлиги сабаб бир неча фуқаро қисқа қилиб айтганда кўпгина қулайликлардан, «тоза ҳаво»дан мосуво бўлиши керак? Бундай ерларга бирон иншоот қуришдан олдин аҳолининг, шу ерда яшаётган фуқароларнинг фикри инобатга олинса, бундай зиддиятлар ва норозиликлар келиб чиқмасди.

Яна бир гап: кўпни норози қилган одамнинг бошлаган ишида хайр-барака бўлармикан?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг