Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президентнинг янги қарори эълон қилинди

Президентнинг янги қарори эълон қилинди

Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.

Мамлакатда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларга асосланган иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт ҳажмларини ошириш, шунингдек, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва малакали мутахассисларни кенг жалб қилиш, ўз бизнесига эга оилаларни кўпайтириш мақсадида:

Қуйидагилар республикада замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

замонавий иссиқхона хўжаликларини, биринчи навбатда, унда етиштириладиган маҳсулотлар бўйича импортни қисқартириш ва зарур ускуна ва техникалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига ташкил этиш;

иссиқхона хўжаликлари учун уруғ, кўчат ва ўғитларнинг инвесторлар томонидан доимий етказиб берилишини ташкил этиш;

ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари учун тўлиқ агросервис хизматларини кўрсатиш, малакали агрономларни бириктириш ҳамда замонавий лабораторияларни ташкил этиш;

хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда иссиқхона хўжаликлари ишчиларини ўқитиш орқали соҳа бўйича етарли кўникмаларга эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш;

иссиқхоналар ҳосилдорлигини ва самарадорлигини йил давомида ҳосил олиш амалиётини жорий этиш орқали ошириш.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан ишлаб чиқариладиган замонавий ва энергия тежамкор ускуна-жиҳозлардан фойдаланган ҳолда иссиқхона хўжалигига эга бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагини билдирган аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб:

ташаббускор аҳоли томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар барпо этиш;

қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган турар жой мажмуасини ҳам қамраб олган иссиқхоналар ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган алоҳида қисмлардан иборат тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар 2021 йилнинг 31 декабрига қадар божхона божидан озод қилинди;

иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларини ишлаб чиқариш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган материаллар, хомашёлар ва бутловчи қисмлар 2023 йилнинг 31 декабрига қадар божхона божидан озод қилинди;

иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуалари учун ер солиғи ставкалари ҳамда уй-иссиқхона мажмуалари таркибидаги турар жойлар учун мол-мулк солиғи ставкалари улар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб уч йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг