Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзсаноатқурилишбанк коррупцияга қарши қандай курашмоқда? «Очиқ эшиклар» кунида маълумот берилди

Ўзсаноатқурилишбанк коррупцияга қарши қандай курашмоқда? «Очиқ эшиклар» кунида маълумот берилди

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк Ахборот хизмати

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Ўзсаноатқурилишбанк Бош офисида «Очиқ эшиклар куни» бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Т.Нарбаева томонидан тасдиқланган 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган Антикоррупцион ҳафталик доирасида Ўзсаноатқурилишбанк Бош офисида «Очиқ эшиклар куни» тадбири ўтказилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда асосий эътибор «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, Банк фаолиятида коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганишга қаратилди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида коррупцияга қарши жамиятнинг барча аъзолари «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас ва коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтилмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаслигимизни таъкидлаган эди.

Ўзсаноатқурилишбанк тизимига ҳам ҳалоллик стандартларини жорий этиш, бунда коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратиш, ходимлар зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Марказий банк сингари давлат ва Халқаро Стандартлаштириш Ташкилоти каби халқаро ташкилотлар, шу соҳада нуфузли хорижий нуфузли ташкилотларда фаолият кўрсатаётган хориждаги ватандошларимиз билан ҳамкорликда Банкда яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган «йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

«Йўл харитаси» Банк тизимида коррупцияга қарши курашиш «комплаенс-назорат» тизимини жорий қилиш, замонавий ахборот технологиялардан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш, давлат харидлари ва бюджет маблағларини сарфлашда, мижозларга хизмат кўрсатишда ва ходимларни ишга олиш жараёнларида шаффоф ва самарали тизим жорий қилиш, жамоатчилик назоратининг таъсирчан шаклларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш сингари вазифаларни ўзида қамраб олган.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 13 ноябридан Ўзсаноатқурилишбанк тизимида йўлга қўйилган коррупцион ҳолатлар тўғрисида маълумотларни тўплашнинг янги механизми амалга татбиқ этилди. Мазкур механизм Банк тизимида коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида ишончли маълумотларни доимий равишда йиғиш, таҳлил қилиш ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини тизимли ва чуқур таҳлил қилиш имконини беради.

Ушбу жараёнга кенг жамоатчилик, айниқса, Банк ходимлари, мижозлари ва ҳамкорларини жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шунга кўра, эндиликда фуқаролар тизимда коррупцияга оид хавф-хатарга дуч келганда алоҳида ажратилган ишонч телефони (0-800-120-8888), Telegram боти (@sqbantikor_bot) ва электрон почта (https://uzpsb.uz/uz/compliance-hotline/) орқали Банкнинг махсус аксилкоррупция бўлинмасига аноним ва шахсини очиқлаган ҳолда хабар бериши мумкин.

Хабарлар автоматик равишда қабул қилинади ва тайёргарликдан ўтган мутахассислар гуруҳи томонидан таҳлил қилинади. Таҳлил натижалари эса Банк Коррупцияга қарши курашиш комиссиясига чора кўриш учун тақдим қилинади.

Кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар, блогерлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва талабалар иштирокида ўтказилган «Очиқ эшиклар куни» доирасида Ўзсаноатқурилишбанк ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида «Коррупцияга қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик тўғрисида»ги Меморандум имзоланди.

Тадбирда журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари Ўзсаноатқурилишбанкда коррупцияга қарши кураш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан саволларига жавоблар олишди.
Банк Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг