Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўқув машғулоти: Блок-постни бузиб ўтган ноқонуний қуролланган шахслар қўлга олинди

Ўқув машғулоти: Блок-постни бузиб ўтган ноқонуний қуролланган шахслар қўлга олинди

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан Жиззах вилояти, Бахмал туманидаги санатория йўналишига ўрнатилган блок-пост хизмати тўсатдан текширилди. Бу ҳақда ҳарбий журналист Ғайрат Мадраҳимов маълум қилди.

Округ қўмондонлиги томонидан тасдиқланган режага асосан, ноқонуний қуролланган кичик гуруҳ енгил автомобилда ҳаракатланиб, вақтинча ташкил этилган блок-постни бузиб ўтади ва тезкорлик билан яширинади.

Блок-постда навбатчилик қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг тўсиқ бузиб ўтилгандан кейинги тактик ҳаракати, психолок ҳолати ва тезкор тадбирларни ҳамкорликда бажариш амалиёти кўриб чиқилди.

Бахмал санаторияси йўналишидаги блок-пост вақтинча ташкил этилганига қарамасдан, ҳарбий хизматчилар карта ёрдамида йўллар, тоғ олди ҳудудлари, қишлоқлар ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқишган.

Тўсиқ бузилганидан сўнг шахсий таркиб икки гуруҳга бўлиниб, ҳаракатланди. Жанговар техникада таъқибига олинган ноқонуний қуролланган гуруҳ машинасини 20 дақиқадан сўнг иккинчи гуруҳ техникаси пистирмада кутиб олди.

Енгил автоулов портлашдан кейин, издан чиқиб тўхтади. Қўлга олиш гуруҳи жиноятчиларни қуролини ташлаш ҳақида огоҳлантирди. Аммо бу фойда бермагач, ҳарбийлар шиддат билан ҳужумга ўтди.

Округ қўмондонига блок-пост бошлиғи вазият ҳақида маълумот етказди. Яъни машинада уч нафар қисман ҳарбий тайёргарликка эга бўлган шахслар ҳаракатланишган. Улардан 1 нафари таслим бўлди. Текшириш давомида 2 та АК-74 қуроли, 1 та Макаров пистолети ва портловчи моддалар ашёвий далил сифатида қўлга олинди.

Бу каби ўқув машғулот кўринишидаги тўсатдан текширув тадбирлари Самарқанд ва Жиззах гарнизонидаги блок-постларда ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг