Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

Ҳалок бўлган ўқитувчининг оиласига қанча миқдорда товон пули тўланади?

Ҳалок бўлган ўқитувчининг оиласига қанча миқдорда товон пули тўланади?

Диана Еникееванинг ота-онаси

Фото: «Xabar.uz»

Каттақўрғон туманидаги йўл-транспорт ҳодисасида 23 ёшли мактаб ўқитувчисининг ҳалок бўлгани ҳафтанинг энг шов-шувли ва мунгли хабари бўлди. «Xabar.uz» мазкур воқеа тафсилотларини ёритиб боришда давом этади.

Ҳозир ўқитувчиларнинг кўча тозалашга жалб этилган ё этилмагани ҳақида ёзмаймиз. Бўлар иш бўлди. Лекин марҳумнинг оиласига давлат томонидан қанча миқдорда товон пули тўланиши керак? Мана шуниси ҳаммага қизиқ.


Мавзуга доир:
Фожиа кўзимизни очмади ёхуд синалган усулдаги жавоб


Шу мақсадда Ўзбекистон Меҳнат кодексини варақладик ва бир қатор ҳуқуқий меъёрларга дуч келдик.

Кодекснинг 192-моддасида шундай дейилади: «Ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек, ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт».

Демак, етказилган зарар қопланиши шарт экан. Қанча миқдорда товон пули тўланади? Бу меҳнат шартномасида қайд этилиши керакми? Саволнинг жавоби 194-моддадан топилди:

«Ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки унинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бирйўла бериладиган нафақанинг миқдори жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.

Бунда ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги муносабати билан бирйўла бериладиган нафақанинг миқдори жабрланувчининг йиллик иш ҳақидан, ходимнинг вафоти муносабати билан бирйўла бериладиган нафақанинг миқдори эса марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас».

Ўқитувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақини 800 минг сўм деб олсак, 6 йилга ҳисоблаганда 57,6 млн. сўм келиб чиқади. Демак, марҳумнинг оиласига иш берувчи шу сумма атрофида нафақа тўлаши шарт. Албатта, бу тахминий ҳисоб-китоб. Товон миқдори Диана Еникееванинг ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланади.


Мавзуга доир:
Каттақўрғонлик ўқитувчи ўлимида иш берувчининг айби борми?


Зарарни ундириш учун нима қилиш керак? Бу масаланинг ечими Меҳнат кодексининг 197-моддасида кўрсатилган:

«Зарарни ундириш ҳақидаги аризани иш берувчига жабрланувчи ходим, ходим вафот этган тақдирда эса зарар тўловини олишга ҳақли бўлган манфаатдор шахслар беради.

Иш берувчи аризани кўриб чиқиши ва ариза тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида тегишли қарор қабул қилиши шарт.

Иш берувчининг ходимга зарарни тўлаш ҳақидаги буйруғининг нусхаси ёки рад этиш ҳақидаги далил-асосли ёзма жавоби у қабул қилинган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида ходим ёки манфаатдор шахсларга топширилади.

Ходим ёки манфаатдор шахслар иш берувчининг қарорига рози бўлмаган ёки белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда, улар мазкур низони ҳал қилиб бериш учун судга мурожаат қилишлари мумкин».

Шунингдек, иш вақтида вафот этган марҳумнинг оиласига боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам тўланади. Бу ҳақда 291-моддада сўз боради:

«Боқувчисини йўқотганлик пенсияси меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллиги туфайли вафот этган боқувчининг меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига, унинг меҳнат фаолиятининг муддатидан қатъи назар тайинланади, агар у бошқа сабаблар натижасида вафот этган бўлса, шунга мувофиқ келадиган умумий меҳнат стажига қараб тайинланади, бундай меҳнат стажининг муддати суғурта қилинган ходимнинг вафот этган кунига қадар бўлган ёшига боғлиқ бўлади».

Бундан ташқари, ходим вафот этгунга қадар олинмаган иш ҳақи марҳумнинг оила аъзоларига топширилиши белгиланган.

Меҳнат кодексининг 162-модда: «Ходим вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақи унинг оила аъзоларига, шунингдек меҳнатга қобилиятсизлиги туфайли вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган шахсларга берилади».

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бир ўқитувчи ҳалок бўлгани шунчаки унут бўлмаслиги керак. Унинг оиласига нафақа ва товон пуллари тўланиши шарт. Айниқса, фарзанд доғи, суюкли ёр ва меҳрибон онасини қўмсаб, юқоридаги ҳақ-ҳуқуқларини унутган ёки билмайдиган фуқаролар учун ёзганларимиз эслатма бўлсин.

Иш берувчилар — туман ХТБ ва 42-умумтаълим мактаби маъмурияти эса ўзларидан ташаббус қилиб, марҳумнинг оила аъзоларига товон пули ҳамда керакли пенсия ва иш ҳақларини беришда жонбозлик кўрсатадилар деган умиддамиз.

Эслатиб ўтамиз, 14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани 42-умумтаълим мактабининг кўча тозалаш ишларига жалб қилинган 23 ёшли ўқитувчиси Диана Еникеевани катта йўлдаги тўсиқларни оқлаш чоғида юк машинаси уриб кетгани ҳақида хабар қилган эдик.

Ушбу ҳодиса тафсилотларини ўрганиш учун «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбири воқеа жойига бориб, махсус суриштирув ўтказган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани прокуратураси юк машинаси ҳайдовчисининг шахсини аниқлаган ва унга нисбатан Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг