Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Коррупция, ёқилғи-энергетика, электр ва газ – Президент муаммоли жиҳатларни санади

Коррупция, ёқилғи-энергетика, электр ва газ – Президент муаммоли жиҳатларни санади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма йиғилишида мамлакатдаги энг муаммоли жиҳатларни санаб ўтди.

– Энг оғир масала ёқилғи-энергетика соҳасидир. Афсуски бу борада ҳали биринчи қадамни ҳам қўя олганимиз йўқ.

Тўғри, қарор қабул қилдик. Аммо соҳада коррупция жуда кўп, порахўрлик жуда кўп. Шу боис ҳам ёқилғи ва энергетика соҳасида қилинадиган ишлар жуда кўп.

Бу соҳани йўлга қўймай туриб, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Йиллар давомида коррупция жуда кучайиб кетган.

Бир вақтлар геология соҳасида анча катта билимга эга эдик. Аммо охирги йилларда бирор киши геология билан шуғулланмади ва бу борада илмий салоҳиятини йўқ қилдик.

Таъбир жоиз бўлса, ҳозирги геология УЗИ аппаратисиз ишлаётган шифокорга ўхшайди. Бирор нарсани аниқ билмаймиз.

Яна бир катта муаммо транспорт соҳаси. Йўлларимизнинг аҳволи жуда оғир. Ҳаво йўллари соҳасида ҳам ҳали биринчи қадамни қўя олмаяпмиз. Қурилиш ва йўл қурилиши, ичимлик суви билан таъминлаш жуда оғриқли.

Тадбиркорлик, янги иш ўринлари яратиш, аграр соҳада халқимиз биздан аниқ қарор ва қонунлар кутмоқда. Мана шулар энг муаммоли масалалардир. Бугун сиз тасдиқлайдиган номзодлар мана шу соҳада иш олиб боришлари керак.

Газ-нефт соҳасида қанча раҳбар ўзгартирдик. Бу соҳани бошқариш учун етарлича салоҳиятга эга раҳбар Ўзбекистонда йўқ.

Сал совуқ тушса электр ўчиши, газ етишмай қолиши мени жуда ташвишга солмоқда. Агарда бу борада тартиб ўрнатмасак, ривожланишимиз жуда қийин бўлади.

Камида 4,5 миллиард киловатт энергетика импорт қилмоқдамиз. Тарихда биринчи марта қўшимча 1 миллиард киловатт энергетика ишлаб чиқардик. Ҳозирда қуёш ва шамол энергетикаси бўйича кўплаб ишларни амалга оширяпмиз. Агар бу ишларни 15 йил олдин қилганимизда ҳозир мутлақо бошқача иқтисодга эга бўлардик.

Сиз билган катта-катта тоғ кон комбинатларининг аҳволи ҳам анча оғир. Чунки ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархи анча юқори.

Агар дарҳақиқат соҳани яхши биладиган, ҳалол ва пок раҳбарни депутатларимиз топиб берса, жуда миннатдор бўлар эдим. Айнан вазирлар ўз ишини уддалай олмагани учун жойларда муаммолар етарли. Ўзи бошқарадиган соҳага танқидий ёндошиб, халқимиз ва парламентга берилган ваъдани бажарадиган одамларга эҳтиёж бор.

Тарихда алоҳида шахсларнинг ўрни жуда катта. Йирик корхоналар, вазирликлар ва ўринбосарларнинг муносибларини топа олсак, катта ишни амалга оширган бўлардик. Бундай кадрларни қидиряпмиз.

Энг катта иллат бу коррупция. Биз билан бирга коррупция ҳам тенгма-тенг юрибди. Унга қарши туриш учун ишлаш, қонунлар қабул қилиш лозим.

Қонунни бирор жойдан кўчириб олиб, мана ишлаяпмиз, деманглар, илтимос, – дея депутатларга мурожаат қилди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг