Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Кўнгил кўзи» лойиҳасидан яна бир хайрли тадбир (фото)

«Кўнгил кўзи» лойиҳасидан яна бир хайрли тадбир (фото)

Бугун, 27 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги «Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида яна бир хайрли тадбирни ўтказди. Тадбирга Тошкент шаҳридаги кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчи ва ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.

Йиғилганлар эътиборига мамлакатимизда илк бора брайл алифбосида чоп этилган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг «Муҳаббат» асари, шунингдек, мактаб-интернатнинг юқори синф ўқувчилари учун физика, кимё, алгебра ва таҳлил асослари дарсликларининг тақдимоти ҳавола этилди.

– Тақдимотимиздан мақсад,  – деди тадбирда иштирок этган Агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева. – Давлатимиз раҳбари илгари сурган беш ташаббус доирасида имконияти чекланган болалар орасида китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш. Шунингдек, Сизларнинг таклиф ва ташаббусларингизни тинглаб, шу асосда яна кўп хайрли тадбирларни амалга оширишдир.

– Китоб инсоннинг маънавий улғайишида муҳим аҳамиятга эга, – деди тадбир фахрий меҳмони, ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг қизи Юлдуз Ҳошимова. – Отамнинг асари брайл алифбосида чоп этилишидан мамнунмиз. Ушбу китоб ўқувчиларимиз қалбида адабиётга муҳаббатни янада мустаҳкамласа, уларнинг мутолаага бўлган қизиқишларини янада оширса мақсадимизга етган бўламиз. Ташкилотчиларга эса катта раҳмат.

Ўқувчилар билан мулоқот жуда самимий кечди, улар ўзларини қизиқтирган саволларни беришди. АОКА раҳбарияти саволларга батафсил жавоб қайтарди. Бир пиёла чой устида ўтган суҳбатда мактаб-интернат ўқувчиси Ойдинхон юракдан қўшиқ куйлади. Тадбир ташкилотчилари уларга шеър ҳам ўқиб беришди. Мароқли ва мазмунли тадбир ҳақиқий китоб байрамига айланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг