Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Автомобилсозликда ишлатиладиган металл нархи олтиндан ҳам қимматлашиб кетди

Автомобилсозликда ишлатиладиган металл нархи олтиндан ҳам қимматлашиб кетди

Фото: «Zolotogid»

Жаҳон бозорида палладийнинг нархи ўтган йилиёқ олтиндан ошган эди, бу йил яна 40 фоизга қимматлади ва бу чегара эмас — «РИА Новости» сўровномасида экспертлар шундай жавоб берган.

Ҳозир палладийнинг бир унцияси (1 унция = 31,1034768 грамм) 1,8 минг долларга сотиляпти (олтиннинг бир унцияси — 1,5 минг доллар), 2019 йил якунига бориб бу металл қиймати ҳатто 2 минг доллардан ошиб кетиши кутилмоқда.

«Палладий қийматининг бунчалик тез ошиб кетишига асосан фундаментал омиллар сабаб: Европа ва Хитой автосаноатида палладийга талаб кескин ошиб кетди, таъминотда узилишлар бўляпти», — деди «Saxo Bank» товар-хомашё бозоридаги стратегиялар бўлими раҳбари Оле Ҳансен.

Палладий бензинли двигателлардан чиқадиган газларни камайтирувчи катализаторлар тайёрлашди ишлатилади, йирик мамлакатларда экологик талаблар тобора кучайтирилаётган шароитда бу металлга талаб ҳам, унинг нархи ҳам ошиб бораверади.

«Қачонки палладий ўрнига бошқа металл ишлатишни ўзлаштириш даражасига чиққанимизда ёки глобал иқтисодиёт секинлашуви янги автомобилларга талабни камайтирган тақдирдагина палладий нархининг ошиши тўхташи мумкин», — қўшимча қилди Ҳансен.

«Қимматбаҳо палладийни нисбатан арзонроқ платинага алмаштириш ҳақида кўп тортишувларга қарамасдан, ҳозирча бу иш амалга ошган эмас. Бу мураккаб ва ўта секин технологик жараён, камига харажати ҳам катта. Бошқа транспорт воситаларига, масалан, палладий қўлланилмайдиган электромобилларга ўтишга кўп йиллар кетади, шундай экан ҳали-вери палладийнинг қиймати пасайишига умид қилмасак ҳам бўлади», — деди «Промсвязьбанк» бош таҳлилчиси Роман Антонов.

Платина қўлланилувчи дизелли двигателларга қайтиш ғояси ҳам вазиятни ўзгартиришига ишониш қийин, дейди яна бир таҳлилчи Оксана Лукичева. Барибир палладий танқислигича қолаверади: Россияда платиноидлар ишлаб чиқарилиши камаймоқда, Жанубий Африкадаги ишлаб чиқарувчилар эса муаммолар гирдобига ўралашиб қолган. Глобал бозорга ҳатто АҚШда 2019 йили ишга туширилган янги кон ҳам ёрдам беролмайди, чунки Канададаги «Vale» ва «Glencore» компаниялари чиқараётган палладий миқдори озайиб кетган.

Маълумот учун: Жаҳондаги палладийнинг катта қисмини Россия беради (40 фоиз атрофида), қолган қисми асосан ЖАР, Канада ва АҚШга тўғри келади.

Маълумотларга кўра, глобал бозорда палладий энг кўп қўлланиладиган соҳа айнан автомобилсозлик — 53 фоиз атрофида, шунингдек, электроника (15 фоиз), стоматология (11 фоиз), заргарлик (10 фоиз) соҳаларида ҳам бу қимматбаҳо металл кўп ишлатилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг