Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Карантин даври кимларда оғир кечади?

Карантин даври кимларда оғир кечади?

Фото: Xabar.uz

Коронавирус пандемияси туфайли кўплаб мамлакатларда жорий қилинган мажбурий карантин ва ўзини-ўзи изоляция қилиш режими миллионлаб одамларнинг одатий турмуш тарзини жиддий равишда ўзгартирди.

Мутахассислар карантинни қандай ўтказиш, унда ўзини тутиш ва нималар қилиш кераклиги ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Кўплаб таниқли кишиларнинг хатти-ҳаракатларини ўрганган мутахассис, шу соҳада қатор китоблар муаллифи Патрик Уэнис карантин вақтида одам турли хил ёқимсиз психологик зўриқишларга дуч келиши мумкинлигини айтади.

«Бу – қўрқув, хавотир, ваҳима, тушкунлик, турли фобия ва умидсизлик бўлиши мумкин... Бундай вазиятда энг яхши ҳаракатлар режаси – нимага қодирлигингизни ва нималарни назорат қила олмаслигингизни аниқлай олишингиздир. Назорат қила олмайдиган нарсаларни бошқаришга уриниш янада кўпроқ муаммолар туғдиради. Аксинча, назорат қила олмайдиган жиҳатлар борлиги тан олинса, стресс ва қўрқув камаяди», дейди Патрик Уэнис.

Мутахассислар, шунингдек, пандемиянинг давомийлиги ва «биз (жамият) ундан кейин қанақа бўлишимиз» нуқтаи назаридан вужудга келадиган мавҳумликнинг муҳим омилига эътибор қаратишди.

Психология бўйича қатор китоблар муаллифи Элис Бойснинг таъкидлашича, инсон хавф остида қолганда, унга нисбатан диққатни жамлашга мойил бўлиб, бошқа воқеа-ҳодисаларга эътибор қаратишга қийналишади.

«Бу мослашиш (хавфга) механизми, лекин у, шунингдек, инсон бундай шароитда ўз ишини 100 фоиз бажара олмаслиги сабабли умидсизликни кучайтириши мумкин», дейди Бойc.

Унинг сўзларига кўра, бундай кунларда инсонга илгари қувонч ва завқ келтирган нарсалар ҳам муаммолар туғдириши мумкин.

Бойc карантин стрессидан омон қолишга ёрдам берадиган баъзи маслаҳатларни беради:

Ўзингиздан кутганларингизни камайтиринг, телефон ва интернет орқали бошқалар билан кўпроқ мулоқот қилинг, болаларингиз бўлса – улар билан тез-тез ўйнанг, ижодий ишлар қилинг, жисмоний фаолликни сақлаб қолишга ҳаракат қилинг.

Мутахассис вазиятдан тушкунликка тушмасликка ва кескинлаштирмасликка чақиради, чунки инсонлар янги таҳдидларга ва воқеликка мослаша олишади.

Патрик Уэниснинг таъкидлашича, ёлғизлик ва умуман стрессга бардош бериш ҳар бир киши учун ҳар хил кечади. «Уч кун ичида эсни йўқотиш ёки қўрқув ва хавотирга тушиб қолишингизни келтириб чиқарадиган ҳеч қандай математик формула йўқ. Буларнинг барчаси одамнинг ўзига боғлиқ: интроверт (шовқин ва жамоат орасида бўлишни истамайдиганлар) – бошқалар билан камроқ мулоқотни истайди, экстроверт эса бунга кўпроқ эҳтиёж сезади, шунинг учун ўзини изоляция қилиш унга кўпроқ таъсир қилади», дейди мутахассис.

Унга кўра, шундоқ ҳам кичик ижтимоий доирага эга бўлган кекса одамлар учун бу қийин бўлади. «Кексаларга бу қийин, чунки улар ушбу касалликка кўпроқ дучор бўлишлари мумкинлигини ва бу оғир кечишини билишади. Шу жиҳатдан уларда қўшимча хавотирлар пайдо бўлади», дейди Уэнис.

Бошқа томондан, оилалиларга карантин даври ва изоляция жараёнини ўтказиш осонроқ. «Улар бир-бирлари билан мулоқатда бўлишлари, бағрига босишлари мумкин  – бу ақлий ва ҳиссий саломатлик учун жуда муҳимдир. Бу инсонда тинчлантирадиган ва ўзгалар билан муносабатларни яхшилайдиган окситоцин гормони ажралиб чиқишига сабаб бўлади. Биз уни «севги гормони» деб атаймиз, – қайд этади эксперт.

Унинг сўзларига кўра, ёлғиз инсонлар учун уй ҳайвонлари ўз-ўзини изоляция қилиш жараёнидан омон чиқишга ёрдам беради. «Уй ҳайвонлари билан ўйнашингиз, уни эркалашингиз мумкин. Бу ёлғизликни даволаш учун яхши восита», дейди Уэнис.

Уэнис карантин ва изоляция ҳолатида инсонлар ижтимоий тармоқлар, ОАВ, ҳатто, шифокор ва амалдорлар сўзларига қаттиқ ишонмасликларини маслаҳат беради, бу баъзида янада кўпроқ ташвиш ва қўрқувни келтириб чиқариши мумкинлигини айтади. Ҳар қандай шароитда ҳам эҳтиёткорлик ва хотиржамлик сақлаб қолиниши керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг