Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ишчи гуруҳ Сурхондарёда қайси объектларга борди? (фото)

Ишчи гуруҳ Сурхондарёда қайси объектларга борди? (фото)

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигиниинг Ишчи гуруҳи аъзолари хизмат сафари билан Сурхондарё вилоятида бўлиб турибди. Бугун, 1 июнь куни вазирлик Ишчи гуруҳи Термиз шаҳридаги информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган 16-таянч мактаби фаолияти билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги «Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2023 йил якунига қадар барча туман (шаҳар)ларда босқичма-босқич 205 та информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши белгиланган. Ҳозирги  кунга қадар республика бўйича 14 та ана шундай мактаблар фаолияти йўлга қўйилди.

Термиздаги 16-мактабни ҳам информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган таянч мактабига айлантиришга қарор қилиниб, ушбу таълим даргоҳи таъмирланди. «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУК эса иккита информатика, робототехника, лаборатория, ўқитувчилар хоналари ва электрон кутубхонани компьютерлар ва мебеллар билан жиҳозлади. Шу йилнинг февраль ойида таянч мактаби расман иш бошлади.

Мактабда жами 980 нафар ўқувчи таълим олади. Шу йил бошида имтиҳон ўтказилиб, 30 нафар ўқувчи информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган синфларга қабул қилинди.

Бу ерга Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамроҳлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ва АКТ вазирининг ўринбосари Баҳромжон Олматов келишиб, мактаб ўқитувчилари билан мулоқот қилишди. Яратилган шароитлар билан танишишди. Мактаб фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашинилди.

Шундан сўнг Ишчи гуруҳ «Ўзбектелеком» АК Сурхондарё филиали Термиз шаҳар телекоммуникациялар  боғламасининг яқинда очилган сотув ва хизмат кўрсатиш офисида бўлишди.

Ўтган йилда вилоятда замонавий телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 51,3 минг рақамли 38 та замонавий телекоммуникация қурилмалари ўрнатилиб, станциялар сони 122 тага ва умумий сиғими 112,8 минг рақамга етказилган эди. Шунингдек, 2021 йилнинг ўтган даври давомида 920 км. оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 5 минг км.га етказилди.

Мижозларга замонавий телекоммуникация хизматларини тақдим этиш мақсадида 2021 йил 3 март куни Термиз шаҳрида UZTELECOM миллий операторининг замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш офиси очилди.

Ҳақиқатда бу масканда мижозлар учун барча шароитлар тўлақонли яратилган.

– Офисимизга кунига 40-50 нафар мижоз келади, – дейди биз билан суҳбатда офис менежери Фазлиддин Эшқулов. – Асосан ЎзМобайл карталарини сотиш, IPTV, интернетга улаш ва хонадонларга уй телефонларини тушириш сингари хизматларни кўрсатамиз.

Фазлиддин Тошкент ахборот технологиялари университетининг ахборот технологиялари сервиси йўналишида таҳсил олиб, 2020 йили ишга келган. Унга ишонч билдирилиб, зиммасига менежерлик сингари масъулиятли вазифа юкланган. Умуман олганда, филиалда Фазлиддин каби иқтидорли ёшлар кўп. 

Бугунги кунда Сурхондарё вилоятидаги аҳоли масканлари 104 та почта алоқа бўлимлари орқали почта хизматлари билан қамраб олинган.  32 та алоқа бўлимларида аҳолига 16 турдаги давлат ва банк хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Мижозларга почта хизматларини тақдим этиш мақсадида 2021 йил 5 май куни Термиз шаҳрида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш офиси иш бошлади.

Умида Бобожонова ушбу офисда хизмат кўрстаиш оператори бўлиб ишлайди. Почта тизимида фаолиятни 1996 йили бошлаган. Қулай шароит, мижозларга тезкор хизмат кўрсатишдан мамнун.

Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази «Ўзбекистон почтаси» АЖ ходимларини давлат хизматларни кўрсатиш бўйича ўқитиб, қайта тайёрлади ҳамда дастурий таъминотини йўлга қўйиб берди. Офис ходимларининг айтишларича, ташкилотлардан хат жўнатиш миқдори кўпайган. Бу ерда китоб савдоси ҳам йўлга қўйилган.  

АКТ вазирлиги Ишчи гуруҳи шохобчада ходимлар учун янада қулай шароитлар яратиш бўйича тегишли тавсияларни берди. Ишчи гуруҳ ташрифи давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг