Ҳомийлик хайрияларида йиғилган пулларни «бегоналаштириш» тақиқланиши мумкин

Парламент Қуйи палатаси қонунчиликдаги ҳомийлик фаолиятига доир тартибларни ўзгартириш ҳақидаги қонун лойиҳасини тақдим қилди.
Унга кўра, «Ҳомийлик тўғрисида»ги ЎРҚ–96-сон қонунга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Жумладан, келгусида ҳомийлик маблағларини бевосита йиғиш ўзи ва қариндошларидан ташқари бегона кишиларга тақиқланиши мумкин.
Яъни, мазкур қонунга киритилаётган ўзгартиришларга кўра, жисмоний шахс ҳомийлик хайрияларини фақат ўзи ёки яқин қариндошлари учун ўзларининг банк ҳисобварақларига ёки шахсий банк картасига пул ўтказиш, нақд пул ёки мол-мулк шаклида йиғишга ҳақли бўлади.
Кўнгиллилар эса ҳомийлик олувчилар манфаатида фақат эълон бериш орқали ҳомийлик хайрияларини йиғишга кўмаклашиши мумкин. Шунингдек, истисно тариқасида, кўнгиллилар томонидан ҳомийлик хайриялари ҳомийлик олувчи жисмоний шахслар ёки уларнинг яқин қариндошлари номларига очилган банк ҳисобварақларига ёки шахсий банк карталарига пул ўтказиш ёки уларга бевосита нақд пулни (мол-мулкни) бериш, шунингдек, ҳомийлик олувчи юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларига пул маблағларини ўтказиш ёки уларга мол-мулкни бериш орқали йиғилиши мумкин.
Жисмоний шахслар томонидан ҳомийлик олувчилар манфаатида ҳомийлик хайриялари йиғилишига ҳамда пул йиғиш учун ўзларига тегишли бўлган банк ҳисобварақлари ва банк карталари рақамлари ҳақида эълон берилишига йўл қўйилмайди.
Қайд этилишича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузишнинг олдини олишга, ҳомийлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга ҳамда ҳомийлик ташкилотларига нисбатан фуқароларнинг ишончи ортишига хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter