Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ҳеч нарсадан қўрқманг» — Путинни қойил қолдирган ўзбекистонлик дастурчи қизлар (видео)

Ўзбекистоннинг IT Queens жамоаси 12 ноябрь куни Москвада Сунъий интеллект ва маълумотлар таҳлили бўйича ўтказилган онлайн конференция доирасида «Artificial Intelligence Journey» танловининг «Data Lady» номинациясида ғолиб бўлишгани ва уларнинг ишига Россия Федерацияси президенти баҳо бергани хабар қилинганди.

«IT Queens» ёш дастурчилар жамоаси таркибида Юнусобод туманидаги 257-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчилари — Насруллина Лана, Королева Анастасия, Мирзо Улуғбек туманидаги 279-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Юлиана Лутсенко ҳамда Сергели туманидаги 7-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчилари — Бадян Ксения, Бадян Анастасиялар иштирок этган.

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали IT Park билан ҳамкорликда «Artificial Intelligence Journey» танлови ғолиблари билан суҳбат қурди.

– Қачондан бери сунъий интеллект билан шуғулланасиз?

– Сунъий интеллект устида яқиндан ишлай бошладик. Бу мусобақа бизнинг биринчи тажрибамиз эди. Биз сунъий интеллектдан кўра, кўпроқ дастурлаш билан шуғулланар эдик.

– Ахборот технологиялари билан қачондан бери бевосита шуғулланасиз? АйТи соҳасида кўпроқ қайси йўналишда машғулсиз?

Лана Насруллина: Мен мактабда дарслик ёрдамида ўргана бошлаганман. Ҳаммаси шундай бошланди. Мен у ерда ёзилган барча вазифаларни тўғридан-тўғри компютерда бажардим. Чунки амалиётсиз назария ўликдир. Аммо бу йил ёзда Pythonни чуқур ўргандим, You Tubeда видео қўлланмаларни томоша қилдим. Телеграм каналларидан дастурлаш бўйича материалларни ўқидим.

Анастасия Бадян: Мен веб-дастурлаш билан анчадан буён шуғулланаман, сўнгги икки ой давомида сунъий интеллект устида ишладим.

Юлиана Лутсенко: Буларнинг барчасини карантин даврида қила бошладим. Биз мактабга бормадик ва кўпроқ маълумот олишимиз керак эди. Мен дарсликларни, You Tube, Интернетни ўқидим ва бу соҳага жуда қизиқиб қолдим.

Ксения Бадян: Мен веб-дастурлашга ҳам қизиқаман. Тахминан тўрт ойдан бери информатика билан шуғулланаман. Бу мен учун сунъий интеллект борасида жуда қизиқарли тажриба бўлди.

Анастасия Королева: Дастурлаш соҳасида у қадар жиддий билимга эга эмасман. Лекин мен беш йилдан бери Adobe After Effects дастурини ўрганиб, уни яхши ўзлаштирганман. Дўстим билан биргаликда карантин даврида html-саҳифалаш устида ҳам ишладик. Шунингдек, оддий веб-сайтлар ярата оламан ҳамда Photoshop, Corel Draw график дизайнларини қила оламан.

– Лойиҳангиз ҳақида гапириб беринг. Унинг вазифаси, мақсади, у нима учун яратилган?

Анастасия Королева: Бу саралаш босқичининг вазифаси эди, биз уни янада такомиллаштирдик. Бизга кодли синов тўплами берилди, унга аугментация қўлладик. 8 минг фотосуратнинг барчасини ўзгартира бошладик, шунда бизнинг сунъий интеллект томонидан яратилган нейрон тармоғимиз суратга олинган тасвирни фарқлашни ўрганди.

– Мусобақа ҳақида гапириб беринг: қандай тайёргарлик кўрдингиз, иштирокингиз, яна кимлар бор эди? Сиз ва бошқа иштирокчилар ўртасидаги рақобатни ҳис қилдингизми? Ҳаяжончи?

Анастасия Бадян: Албатта ҳаяжон бор эди. Танловда биз бошқа номинациялар бўйича иштирокчилар билан танишдик. Уларнинг лойиҳалари ҳам жуда қизиқарли ва аҳамиятли эди: кар-соқовлар учун сўзларни ҳаракатга айлантириб берарди.

Юлиана Лутсенко: Биз ҳеч қандай рақобатни ҳис қилмадик, чунки ҳаммамиз дўстлашдик, тажриба алмашдик. Дўст бўлиб, бир-биримизга ёрдам бердик.

– Мусобақанинг ўзига қанча вақт тайёргарлик кўрдингиз?

Анастасия Королева: Белгиланган вақт қисқалиги сабабли, икки-уч ҳафтада топшириқни бажардик. Москвага борганимиздан сўнг, Россиянинг биринчи шахслари қаршисида ўз ечимимиз тақдимоти учун бир ҳафта тайёргарлик кўрдик...

Юлиана Лутсенко: Тақдимотда сўзларни тўғри ишлатишни ўргатган мураббийимиз бор эди, аммо нотиқлик тажрибамиз йўқ эди. Мураббийимиз бизга саҳна қўрқувини енгишда кўп ёрдам берди. Юқори мартабали шахслар олдидаги чиқиш жуда ҳаяжонли бўлди. Лекин биз мураббийларимиз билан ишлаш орқали бу ҳаяжонни енгдик.

– Ушбу мусобақадан олган энг катта тажрибангиз?

Лана Насруллина: Ҳар қандай киши, агар унда дастурлаш бўйича хоҳиш ва билим бўлса, сунъий интеллект соҳасида шуғуллана олади. Қўрқмаслик ва кучни синаб кўриш керак.

– Жамоангиз ҳақида гапириб беринг: уни қандай туздингиз, қандай танишдингиз?

Анастасия Бадян: Биз ўқув марказида учрашдик. У ерда бизга ушбу танлов ҳақида маълумот берилди ва информатика ўқитувчиси энг яхши ўқувчилар жамоасини тўплади.

– Ота-онангиз сизнинг АйТи соҳасида ўқиётганингизга ва уни муваффақиятли бажараётганингизга қандай қарашади?

Анастасия Королева: Шахсан мен ўзимни ҳеч қачон гуманитар ёки техник соҳа вакили деб ҳисобламаганман. Чунки ҳамма нарсага қизиқардим. Аммо биттасини танлашим керак бўлган пайтда, аввалига гуманитар йўналишга бораман, деб ўйлардим. Ота-онам «АйТига бор, чунки у ҳозир тез ривожланмоқда, бу жуда зўр ва сенга кўп тажриба беради» дейишди. Шунинг учун ота-онам мени қўллаб-қувватлашади. Сунъий интеллект жуда тез ривожланаётган соҳадир.

Ксения Бадян: Мен ҳар доим техник йўналишни танлаганман, ота-онам буни билишган ва ҳеч қачон эътироз билдиришмаган, аксинча, мени қўллаб-қувватлашган.

Юлиана Лутсенко: Менга иқтисодчи бўл дейишади, бобом эса ҳалигача шифокор бўлишимни хоҳлайди. Аммо бу соҳага қизиқиб қолганимда, онам нега бундай қарор қилганимни  тушунолмади, чунки мен доим адабиётга қизиқардим. Аммо онам мени ҳамма нарсада қўллаб-қувватлайди.

– АйТи соҳасида ўқиш қийин эмасми? Чунки кўпчилик қизлар бу соҳани қийин, у эркаклар учун деб билишади.

Анастасия Королева: Агар истак бўлса, унда мутлақо ҳамма нарсага эришиш мумкин, ҳатто АйТи соҳасида ҳам. Агар сиз математикада яхши пойдеворга эга бўлсангиз, компютер фанлари математикага асосланган, унда улкан чўққиларни забт этишингиз мумкин. Эркакми, аёлми, фарқи йўқ, жуда оддий нарсадан бошласангиз ва мақсад сари қадамлар қўйсангиз, ажойиб натижаларга эришилади.

– АйТини ўрганишга арзийдиган сабаб?

Анастасия Королева: Бу талабгир ва ажойиб соҳа.

Ксения Бадян: Ҳозир бу йўналиш тез ривожланмоқда ва жуда аҳамиятли. Барча университетлар шу йўналишда кўпроқ ўрин ажратишга ҳаракат қилмоқда, чунки ахборот технологиялари ва сунъий интеллект барча соҳаларда керак.

Юлиана Лутсенко: АйТи соҳасида чегара йўқ, уни исталганча ўрганиш мумкин, бунда қиз ёки ўғил бола бўлишнинг фарқи йўқ.

Лана Насруллина: Ҳозир таълим соҳасида, ҳатто қурилишда ҳам жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Роботлар одамлар учун хавфли бўлган жойларда ҳам қўлланилади.

– «Artificial Intelligence Journey» танловида тақдим этилган лойиҳангиз устида ишлашни давом эттирмоқчимисиз ёки ҳар ким ўз йўлидан бориб, ўз лойиҳасини яратадими?

Ксения Бадян: Бу лойиҳа чуқурроқ ўйлашга арзийди, биз жамоани сақлаб қолишни ва сунъий интеллект бўйича бошқа мусобақаларда ўзимизни синаб кўришни ҳам хоҳлардик.

— Келажакдаги режаларингиз ҳақида гапириб берсангиз, қандай лойиҳалар яратишни режалаштиряпсиз?

Лана Насруллина: Мен робототехника билан шуғулланмоқчиман, одамларга ўхшаш бўлган ва мулоқот қила оладиган роботларни дастурламоқчиман.

Анастасия Бадян: Келажакда мен ахборот технологиялари ва дастурлаш, айниқса сунъий интеллектни ўрганишни давом эттирмоқчиман.

Юлиана Лутсенко: Ҳозир ҳаммамиз ОТМга кириш ҳақида ўйлаяпмиз, чунки 11-синфни битирамиз. Албатта, келажагимизни АйТи билан боғламоқчимиз.

– Ахборот технологиялари соҳасида ўқишни бошламоқчи бўлган, лекин жазм қила олмаётган қизларга қандай маслаҳат бера оласиз?

Юлиана Лутсенко: Ҳеч нарсадан қўрқманг, чунки ҳамма нарса нимадандир бошланади. Асосийси, олдинга ҳаракат қилиш. Агар ҳаракат қилмасангиз, бу сизнинг соҳангизми ёки йўқми, ҳеч қачон била олмайсиз.

Лана Насруллина: Фақат ҳеч нарса қилмайдиганлар адашишмайди.

Ксения Бадян: Машқлар орқалигина келажакда сизга ёрдам берадиган тажриба тўплашингиз мумкин.

Анастасия Королева: Асосийси, ахборотлар оқимини саралай олиш, чунки агар сиз мустақил ўрганмоқчи бўлсангиз, интернетда жуда кўп кераксиз маълумотлар ҳам бор. Шунинг учун сиз кўплаб манбаларни кўриб чиқишингиз ва қайси маълумотлар ишончлироқ эканини таққослашингиз керак. Ва, албатта, амалиётда ҳамамсини текширинг ва ҳеч қачон хато қилишдан қўрқманг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг