Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Фотографнинг юраги — бармоғи учида». Таниқли ижодкор Абдуғани Жума билан 110 метр баландликда суҳбатлашамиз (видео)

«110 метр баландликда» деб номланган янги лойиҳамизнинг илк меҳмони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдуғани Жума.

Тошкент телеминорасида олиб борилган суҳбат фотография санъати, унинг бугуни ва ўтмиши, ютуқлари ва камчиликлари ҳақида кечди.

— Абдуғани ака, сиз иштирок этмаган бирор жараён  бўлмаса керак. Яъни, бош суқмаган эшигингиз қолмаган, қаерда қурилиш ёки қайта қуриш, бузиш ишлари борки, барчасини кадрга муҳрлаб келгансиз. Албатта, мана шу миноранинг бунёд этилишида ҳам иштирок этгансиз.

— Ўтган асрнинг 80-йиллари Тошкент телеминорасида конструкция ишлари тугаб, ички интерьерлар қилинаётган жараённи суратга олиш учун келганман. Энг баланд қаватидан туриб шаҳарни томоша қилганман, суратга олганман. Қайтиб тушай десам, лифт ишламаётган экан. Қурувчилар учун махсус кранлар ишлаб турарди, лифт маълум вақтдагина ишлар экан. Мен у ўчирилган пайтга тўғри келиб қолибман. Шунда 110 метрлик жойдан пиёда тушганман. Икки ҳафталар оёғим оғриб юрган. Бу ер билан боғлиқ билан биринчи хотирам туширган суратларим, иккинчиси мана шу.

Фотография соҳасига жуда кўпчилик оддий ишдек қарашади, аслида у санъат, ҳақиқий фотограф эса ижодкор ҳисобланади. Фотограф воқеликни ичига кириб, уни тасвирлаш имконига эга. Авваллари сурат бир-икки дақиқада олинган бўлса, энди отилган ўқни кадрга тушириш имконига эгамиз. Фотографиянинг йўналишлари жуда кўп — фотомухбир, фотожурналист, фоторепортёр. Ишимни фотомухбирликдан бошлаганман. Кези келса портретчиман, кези келса фотомухбирман, кези келса манзарачиман. Фотография орқали даврни баҳолаймиз.

Фото: Абдуғани Жума

— Тарихда олинган суратлар келгусида бирор асар, яъни роман ёзилиши учун асос бўлиши мумкинми?

— Биз юқорида сурат даврни баҳолайди, дедик. Битта сурати катта обрў олиб келган фотографлар бор. Масалан, Парижда фотография аукционида битта суратни бир миллион франкка баҳолашлари мумкин. Бир манзарали сурат бундан икки йиллар олдин беш миллион франкка сотилганди.

Ҳар қандай ижод ҳиссиётлар билан туғилади. Фотография ҳам худди шундай. Аввало, фотографнинг ҳиссиётлари бўлиши керак. Кейин ташқи сезги, рангни кўра олиш, ёруғликни ажрата билиш, композицияни тасаввур қилиш қобилиятига ҳам эга бўлиш лозим. Мендан ҳар доим яхши фотограф қандай бўлиши керак, деб сўрашади. Айтаманки, фотограф қўлни нурга йўналтириб ёруғлик қаёқдан келаётганини билса, ўша яхши ҳисобланади. Ижодкор қуёшнинг чиқиш ва ботиш оралиғидаги лаҳзани ҳам билиши керак. Ичкарида студияда суратга олиш бошқа нарса, табиат қўйнида суратга олишни билиш бошқа нарса.

Фото: Абдуғани Жума

— Ҳақиқий фотограф кузатувчан бўлиши керак, шундайми?

— Ҳа, шундай. Масалан, мен биров билан гаплашиб кетаяпман. Аммо хаёлимда кадр бўлади, кўзим тушган нарса, қўлимда гарчи фотоаппарат бўлмаса ҳам, кўнглимда кадр бўлиб жонланаверади. Яъни, фотограф ҳам бошқа ижодкорлар сингари ўзи бошқа иш билан машғул бўлса-да, хаёлида кадр билан банд бўлади.

Фото: Абдуғани Жума

— Сизнинг суратларингизни томоша қилган одам беихтиёр бадиийликни кўради. Бунга сабаб  — кўп шоирлар билан дўст бўлганингиз, уларни ижодини кузатганингиз, яъни кўп китоб ўқиганингиз  эмасми?

— Бунга сал бошқачароқ ёндашиш керак. Ҳар қандай йўналишдаги ижодкор ҳақида гапиришганида, агар «юқтирмаган» бўлса фойдаси йўқ, деб айтишади. Аслидаям шу, фотографликни ҳам «юқтирмаса» у барибир шунчаки суратга олувчи бўлиб қолаверади, яъни олган суратини санъат даражасига олиб чиқолмайди. Масалан, ҳақиқий фото устаси, айтайлик, отда югуриб кетаётганда ҳам кадрни ўйлаб кетаётган бўлади.

Бешта фотограф бир жойда табиат мазарасини кадрга муҳрлади. Лекин ўша жараёнда ҳиссиёти ва сезими кучли, туйғуси, қалби ёниб турган фотографнинг олган сурати бошқача чиқади. Ундаги ёниқлик, тириклик, уйғоқлик олган суратига кўчади. Буни томошабин ҳам ҳис қилади. Ўша манзарани бир пайтда олган, лекин хаёли бошқа ёқда, ички туйғулари ухлаб ётган фотографнинг сурати ҳам ўзига ўхшаган ҳиссиз бўлади.

Фото: Абдуғани Жума

— Демак, юракдан қилинган иш юракка етиб боради, дейишади. Бу бир-бирига боғлиқ жараён экан-да.

— Фотографни юраги бармоғининг учида. Ўша кадрни босаётган лаҳзасида. Айнан шундай, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Фотоаппаратни бир отар, икки отар ва кўп отар қуролга ўхшатиш мумкин. Масалан, фотоаппаратни автоматга қўйиб ҳам суратга олиш мумкин. Лекин жуда тез ишлаётган фотоаппарат муҳим кадрни, асосий лаҳзани ўтказиб юбориши мумкин. Кўп кадр олиш учун фотоаппаратни тугмасини босаётганингизда асосий лаҳзани қўлдан бой беришингиз турган гап. Мен шунинг учун автоматдан фойдаланмайман. Мен лаҳзани тутиб олишга ҳаракат қиламан.

Айтайлик, оромингизни ўғирлаган кадрни олмоқчисиз, лекин қуёш бошқа ёқда. Айнан қуёшнинг бошқа томондалиги сизнинг кадрингизни бузиб турибди. Айнан ўша кадр чиқиши учун қуёшни сиз истаган томонга ўтишини бир соат, икки соат, ҳатто олти соатлаб кутишингизга тўғри келади. Ноёб суратни олиш осон иш эмас.

Фото: Абдуғани Жума

— Айтмоқчисизки, фотограф ҳам бошқа ижодкорлар каби ойлаб, йиллаб оладиган суратини миясида, қалбида пишитиб юради.

— Мен доимо ёшларга айтаман. Сен чиройли кадрларни кўплаб олишинг мумкин. Лекин улар туйғуларсиз. Ҳақиқий ижодий сурат жуда нозик жараён ҳисобланади. Сен суратни қалбингда ҳис қилсанггина ол.

— Бу соҳада ёшларнинг дунёга чиқишига сиз қандай амалий таклифлар бера оласиз?

—Мен катта-катта лойиҳаларни аввало, ўзимизда амалга ошираётганим учун четга чиқиш имконим кам. Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Германия, Франция, Санкт Петербург, Қозон, Қозоғистонда кўргазмаларим билан иштирок этганман. Энг катта ишларимдан бири, етти йиллик меҳнатим бўлган даврни тарихга муҳрлаш – «Буёндкорлик эпопея»си бўлди. Эпопея жанри фотографияда умуман бўлмаган. Биринчи бўлиб мен эпопеяни яратдим десам, келиб-келиб ўзбек эпопеяни яратибдими, деб ҳатто ўзимизникилар ҳам ишонмайди ёки кулади. Ўзбекистон тарихининг «Олтин фонди»га киришимнинг ҳам асосий сабаби мана шу «Бунёдкорлик эпопеяси» бўлди.

Фото: Абдуғани Жума

Ўзбек фотографлари четга чиқишининг фойдали томони, хориждан келган фотографлар ўзбекни миллийлигини билмасдан четга олиб чиққандан кўра, ўзимизникилар яхшироқ англаган ҳолда олиб чиққани афзалроқ.

Четдан келган фотографлар бизни англамасдан туриб миллийлигимизни кўрсата олмайди. Улар бизнинг тупроқнинг ҳидини ҳис қилмайди. Ҳақиқий ижодкор тупроқни ҳидини ҳис қилиши, сувни таъмини билиши, одамнинг нафас олишини эшита билиш қобилиятига эга бўлиши керак. Одамни қонида бўлади дейишади. Ўша қондаги бор иқтидорни билим орқали ривожлантириш керак. Мен қишлоқда ўсган бўлсам ҳам ота-онамдан тоабад миннатдорман, бизни тўлақонли оғир жисмоний меҳнатдан озод қилишган, отам оддий одам, яъни сувчи боғбон ўн нафар фарзандининг ҳаммасини олий маълумотли қилишга эришган.

Мен бобомни Жумавой ҳофиз дейишарди. Бобом достон куйлаган. Мен эса отамдан эшитганим «Алпомиш» достонини беш ёшимда 90 фоиз ёддан билардим. Алпомиш билан Барчинойни муҳаббатини ишонасизми, тўлақонли ҳис қилганман. Беш ёшли болага муҳаббатни ҳис қилдириш бу бизнинг адабиётимизнингнақадар кучли эканлигидан далолат. Барча санъатлар бир бирини тўлдиради ва озиқлантиради. Фотограф кулолниям, ҳайкалтарошниям, ганчкорниям ишини билиши керак. Яхши фотограф адабиётни севиши лозим, архитектурани, ранг тасвирни графикани тушуниши зарур. Ганчкор Уста Ширинни Бухоро Амирининг ёзги аркидаги қабулхонаси иши орқали Микаланжело, Леонар Да Винчи каби машҳурлар қаторидаги талант эгаси, деб баҳолаган бўлардим.

Ёки менга мусиқа қандай таъсир қилади. Масалан, Бетховеннинг 9 симфониясини ётиб эшитсангиз туролмай қоласиз. Моцартни ҳам шундай. Хўш, у ниманинг таъсирида буни ёзган ва уни таъсирлантирган асар эшитувчиниям шундай таъсирлантириши — булар бир-бирига боғлиқ.

Фото: Абдуғани Жума

— Сизни тутолмаган лаҳзангиз борми, орзуингизда ҳали ололмаган суратингиз...

— Устахонамда кўрган бўлсангиз катта-катта қутилар бор, ўшаларнинг бариси негативлар, кадрлар — шуларни рўёбга чиқаришим, китоб қилишим керак, иккинчиси — фотограф қирқ ёшгача, эллик ёшгача ҳамма ишини қилиб қўйиш керак. Сабаби — вақт ўтгач, жисмоний куч-қувват камаяди, сезги камаяди. Шу учун мен вақтида «Бунёдкорлик эпопеяси»ни яратдим. Ҳиссиёт, туйғу, ҳайратлар аввалгидек бўлмайди. Чунки сиз энди профессионаллашиб кетган бўласиз, ҳамма ишни қойил қилиб ташлаб қўяверасиз. «Бунёдкорлик эпопеяси»ни яратганимнинг сабаби мен бошқа томондан ўзимни топишга ҳаракат қилдим, ўзимда янгилик яратмоқчи бўлдим ва бунга эришдим, деб ўйлайман.

Китоб, мусиқа фотографга нимага керак, туйғуларни, ҳиссиётларни уйғотиш, эҳтиросларни баландлаштиш учун керак, ҳайратланиш учун керак.

Фото: Абдуғани Жума

— Яхши фотографларни ўзимизда олиб қолиш учун, уларни ривожлантириш учун қандай таклифларингиз бор.

— Бизда бирорта университет ёки жой йўқки, фотографияни ўртача ўргата олаётган бўлса. Бир неча йил олдин Миллий университетда менинг «Маҳорат мактаб»им очилди. Биринчи навбатда, кириш жойга катта кўргазма қилиб қўйдим, фотография бу нима эканлигини англаб олишлари учун. Отаси фотоделодан бир пайтлар дарс берган бир ўқитувчи билан суҳбатлашиб қолдим, суҳбат орасида «фотография бу ижод эмас», деди. Мен «Сиз  соҳанинг одами бўла туриб шу гапни айтаяпсизми, сизни ишдан ҳайдаш керак», деб очиқчасига айтдим. Биласизми, бу жуда аянчли факт.

Миллийлигимизни ўзимиздан чиқадиган кадрлар кўрсата олади. Четдан келадиган профессионаллар минг марта яхши суратга олмасин, ташқи томондан ёндашади.

Мен ҳар доим айтаман, муҳаррир ҳам керак бўлса, фотожурналистикадан хабари бўлсин. Масалан, бешик билан боғлиқ бир сурат. Дўппи кийган чол бобо бешикни елкасида кўтариб турибди. Буни барча журнал ва газеталар ёритди. Лекин бешикни елка узра ёки бош узра кўтариш анъанамизга тўғри келмайди. Тобут елка узра кўтарилади. Бир шогирдим айтиб қолди, аёллар тўйхонага бешикни елкасида кўтариб киришди, бу қандай ҳолат. Бундай пайтда биз уларга бу мумкин эмаслигини айтишимиз ва суратга шу ҳолатда олмаслигимиз керак. Чунки биз олган сурат эртага анъанага айланиб кетиши мумкин.

Фото: Абдуғани Жума

— Кўп ҳолларда сураткашлар қаҳрамонларни алоҳида тайёргарлик билан кадрларга олишади, айниқса, далаларда, бунга қандай қарайсиз.

— Бир пайтлар механизаторни суратга олишим керак бўлиб қолди. Мен суратга олмоқчи бўлган қаҳрамон офтобда қорайиб кетган экан. Шўр сувга юзини ювгани учун рангги ҳам жуда хира, қолаверса, 12 ёшли фарзанди ҳам вафот этган, қайғу уни янада қорайтириб юборган эди. Қандай бўлса шундайлигича суратга олдим. Буни кўрган редактор бу сурат бунча қора, дейди. Мен бу механизатор-ку дедим. Қачонгача, биз оддий меҳнаткашни, заҳматкашни артистга ўхшатиб олишимиз керак. Нима учун ҳақиқий меҳнаткашлар четда қолиши керак, газета, журнал кўрмай ўтиб кетиши керак, дедим.

Абдуғани Жума. Фото: Xabar.uz

— Фурсатдан фойдаланиб, ёшларга нима деган бўлар эдингиз.

— Бизнинг «Ҳаёт»марказимизда бир қанча ёшлар билан мулоқот қилиш имконимиз бор. Ҳаммамиз топганимизни ўртада «баҳам» кўрамиз. Бир-биримизни ишимизни, ижодимизни кузатамиз. Ёшларга айтадиган гапим: мукаммалликка интилишсин, шахс камолотини шакллантиришсин. Аслида бу суҳбатга рози бўлганимнинг сабаби ёшларга маҳоратимни, тажрибаларимни, билганларимни айтгим келган эди...

— Мазмунли суҳбат учун раҳмат.

Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг