Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Экофаол Наргис Қосимова: «Ҳар бир дарахтнинг жони, ҳар бир ҳайвоннинг қалби бор»

«110 метр баландликда» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони ЎзДЖТУ медиа ва коммуникация факультетининг доценти, филология фанлари номзоди, медиатренер, экожурналист Наргис Қосимова.

— Хуш келибсиз. Бугунги кунда экология муаммоси бутун дунёни ташвишга солаяпти. Бизда ҳам Экопартия ташкил қилинди, экополиция, эконазоратчилар фаолият бошлади. Айни пайтда экологик муаммоларнинг ечим топиши қай ҳолатда деб ўйлайсиз?

—15 йилдан бери экожурналистика билан шуғулланаман. Бундан тўрт йиллар олдин ekologuz телеграм каналини очгандим. Бошланишида ботга мурожаатлар жуда кам келарди. Ҳозир бир кунда 15 тадан ортиқ мурожаатлар тушади. Демак, одамларимиз орасида экологияга муносабат ўзгармоқда.

2019 йили Экопартия рўйхатдан ўтди. Экопартия бу нодавлат ташкилот. Нодавлат ташкилот биласиз пастдан туриб муаммоларни ҳал қилади. Ташкил қилинганига икки йил бўлган бўлса-да, уларнинг самарали ишларини кўраётганим йўқ. Яъни, бу соҳада силжик жуда оз. Сабаби партиянинг аъзолари орасида табиатга, ҳайвонот оламига меҳри баланд, фидойи одамларнинг камлигида деб ўйлайман. Масалан, бизга келган мурожаатларни ҳудудлардаги экология билан шуғулланадиган ташкилотларга жўнатамиз. Экопартиянинг Наманган вилояти бўйича аъзоси Собирхон Машрапов биз жўнатган мурожаатни, яъни муаммони дарров ўрганади, экоҳуқуқбузарга жарима солади, тушунтириш ишларини олиб боради. Чунки у кишининг ўзи бир неча йиллар шу соҳада жонкуярлик қилган. Бошқа вилоятларда эса бундай фидойиларни кўрганим йўқ.

Демак экология соҳасига эковолонтерларни жалб қилиш керак. Чунки волонтер кўнгилли, қалби ёниб турган одам дегани. Сизнинг телеграм каналингиз орқали эковолонтерлар ҳам кашф қилиндими?

— Бундан беш йиллар олдин факультетда экожурналистика фанини киритдим. Бу жуда катта олға силжиш эди мен учун. Чунки экология билан боғлиқ муаммони тушуниб етган журналистгина экологияни чуқур ёритади. Ана шу талабаларимиз орасидан кейинчалик кўнгилли, яъни волонтерлар чиқди. Умуман ,ҳеч қаерда ўқимаган волонтерлар керак бўлса, журналистлардан яхши ёзишади. Муаммо туғилганда кимга мурожаат қилиш кераклигини билишади. Айнан бу борада ННТларни кўпайтириш керак. Чунки муаммоларни нодавлат-нотижорат ташкилотлари кўтариб чиққанидан кейин ҳал этилган.

Масалан, «Меҳр-оқибат» ҳайвонлар муаммолари билан шуғулланадиган ННТ бор, фақат Тошкент вилоятидан рўйхатдан ўтган. Агар улар бошқа ҳудудларга ёрдам берадиган бўлса у жарима тўлайди. Лекин шунда ҳам «Меҳр-оқибат»чилар бошқа ҳудудларга қўлдан келгунча ёрдам беришади.

Ўзингиз ҳам экология, табиатни асраш ёки ҳайвонларга муносабатни яхшилаш мақсадида нодавлат-нотижорат ташкилоти очишга уриниб кўрганмисиз?

— Ҳа, албатта. Биз «Раҳмдил бўл» ННТни республика миқёсида очмоқчи эдик. 3 йилдан бери сарсонмиз. Ҳужжатлар жудаям кўп. Адлиядан шунақа талаб қўйилганки, топширган ҳужжатингизда вергул қолиб кетсаям қайтади. Айтган хатоликларни тўғрилаб жўнатсангиз яна бир ойдан кейин жавоб келади. У жавобда энди яна бир бошқа хатоликни кўрсатишади. Ҳамма хатони бирданига кўрсатиб жўнатишса, вақтимиз тежалармиди? Биз очиқмиз ва шаффофмиз, деб бонг уришади, лекин...

 — Ҳайвонлар, умуман табиатдаги барча тириклик борки, биз қанчалик яшашга ҳаққимиз бўлса, уларнинг ҳам яшашга ҳаққи бор. Йўлларда ҳайдовчилар қоидани бузса жарима тўлашади, аммо ҳайвонни уриб юборса ёки босиб кетса ҳеч қандай чора кўрилмайди.

— 10 йилдан буён машина ҳайдайман. Икки соатлик Жиззахга етиб боргунимча бир неча турдаги ҳайвонларнинг босиб кетилганини кўраман. Нафақат ит, мушукларни, балки кирпи, тошбақа, тулки ёки бошқа судралиб юрувчи жонзотлар ўлиб ётади, ҳайдовчиларнинг эҳтиётсизлиги туфайли. Уларнинг орасида «Қизил китоб»га киритилган ноёб турлар ҳам мавжуд. Баъзи ҳайдовчилар эса машинани атайлаб ҳайвоннинг устига ҳайдашади, ўзларини супермен ҳис қилишади. Наҳотки бунинг гуноҳ эканлигини билишмайди. Машинаси озгина тирналса дод-вой солади, жарима ундириб олади.

Европа давлатларида махсус камералар ўрнатилган. Экопатруллар камерага тушган, ҳайвонни уриб юборган ҳайдовчига жарима солади, нафақат бирор ҳайвонни уриб юборган, балки йўлда ёрдамга муҳтож ҳайвонга ўз вақтида биринчи кўмак кўрсатмаган ҳайдовчиниям жаримага тортишади. Бу билан улар инсонийликни тарғиб қилади.

Бизнинг ҳайвонот ва ўсимлик оламига муносабатимиз Ўзбекистоннинг ташқи имиджига ҳам салбий таъсир кўрсатади. «Шарқ тароналари» халқаро миқёсдаги тадбирдан олдин ит мушукларни оммавий заҳарлашганди бир йили. Ўша йили Тошкентга фестивалга келаётган танишларимнинг баъзилари бу воқеадан кейин фикридан қайтиб, билетларини топширишганди.

Дайди ҳайвонлар бутун дунёда катта муаммо эди. Ривожланган давлатлар инсонпарварлик йўли билан ҳал қилишди. Туркияда давлат томонидан маблағ ажратилади. Уларни боқиб оладиган мурувват уйлари бор. Бизда эса ваҳшиёна муносабат. Бизларда ҳайвонлар чиқинди сифатида кўрилади. Ҳайвон, ўсимликларни муҳофаза қилиш — табиатни муҳофаза қиладиган ташкилотларга эмас, ҳокимиятларга, яъни ободонлаштиришга топширилган. Ободонлаштириш тасарруфидаги бригадалар, яъни «отловка»лар кўчада юрган ҳайвонларни уриб, қийнаб, қопга худди чиқинди тиққандек тутиб олиб кетишади. Ва беш кун абгор ҳолатда сақлашади.

Ваҳоланки, бу тутилган ҳайвонлар беш кун ичида ветеринар кўригидан ўтказилиши, овқат, сув берилиши лозимлиги Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Афсуски, улар оч қолдирилади, ўлдирилади, ҳатто қассобларга, махсус кафеларга бериб юборилади.

«Отловка» ёки заҳарлаб ўлдиришга кетадиган маблағни ҳайвонларни боқишга, ёки уларни стириллашга сарфласа, одамийлик қилган бўламизку. Ҳайвонлар учун мурувват уйларини очиш ва уларга маблағ ажратиш билан давлат шуғулланиш керак. «Акфа» компаниясига алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Салкам 1000 нафар ҳайвон сиғадиган, шароитлари мавжуд бўлган «Меҳр» мурувват уйи учун. Бошқа хусусий мурувват уйлари эса кўнгилли волонтерлар ҳаракати билан ташкил этилмоқда. Уларнинг олдида эса ҳайвонларни боқиш, уларга ветеринар хизматини кўрсатиш каби муаммолар кўндаланг. Яхшиям ҳайвонлар тақдирига бефарқ бўлмаган ҳомийлар бор.

Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритаяпмиз — «отловка»ларни «приют»га айлантириш масаласини. Ҳайвонларни заҳарлайдиган ва ушлайдиган одамларгаям пул тўланади. Ўша пулни ҳайвонларни қутқарадиган одамларга тўлаш керак. Одамлар бозордан эмас, ювиб таралган, шифокор кўригидан ўтган ҳайвонларни мурувват уйларидан текин олсин. Бундай масканларда ҳатто волонтерлар текин ишлашга тайёр.

— Экополиция, экоинспекторларнинг ваколатлари қандай?

— Экоинспекторларни қисқартириб ташлашди. Борлариниям ойликлари жуда кам. Экофаолларда броконерларни ушлаш учун қурол, машина етарли эмас. Яқинда бир экополициячи броконерни қувган, броконер эса унинг қуроли йўқлигидан фойдаланиб отган ва у вафот этган. Ички ишлар билан ҳамкорликда амалга ошириш таклифи берилаяпти. Экоинспекторларни ойлигини кўтарса, улар учун иш ўринларини кўпайтирса, ваколатини кенгайтирса, ички ишларга берилаётган имтиёзлар берилса улар ҳам фидойилик билан ишлашади.

Кейин яна битта муаммо — Экология ва табиатни муҳофаза қилиш қўмитасини алоҳида вазирлик қилиш лозим. Барча экология, табиат, ҳайвонот олами билан боғлиқ ташкилоту муассасалар битта вазирликка бирлашсин.

«Қизил китоб» нашр қилинганига 15 йил бўлди. Умуман фауна, флора, жониворларнинг наслини сақлаб қолиш ёки уларнинг камайиб кетмаслигида бу китобнинг аҳамияти қандай?

— «Қизил китоб»нинг 2019 йил қайта тўлдирилган нашри чоп этилди. Қайсидир бир турлар сақланиб қолди, кўпайди. Қайсидир турларнинг эса буткул йўқолиб кетгани статистикасини кўришингиз мумкин. Ачинарлиси, биз болалигимизда ҳар ерда учратадиганимиз чўл тошбақаси ҳамда аёвсиз кесилган чинор «Қизил китоб»га киритилди. Бу йиғлайдиган ҳолат. Аҳоли «Қизил китоб»га киритилган ҳайвон ва ўсимликлардан хабардор эмас. Бунинг учун мактабларда бир ойда бир соат дарсни «Қизил китоб»га бағишлаш керак. Кичкина «қизил китоб»чалар устида бош қотириш керакдир.

Балки мактабларда жонли бурчакларни тиклаш керакдир. Ўқувчилар тажриба майдончаларида ўз қўллари билан гул парваришлар...

— Болалигимизда жонли бурчаклар, тажриба майдончаларимиз бўларди. Табиатга, ҳайвонот оламига меҳр қўйишимизда мана шу таълим услуби катта ёрдам берган. Биз ўқувчилар гуруҳларга бўлиниб навбати билан ҳайвонларга, ерга экилган ўсимликларга қарардик, парваришлардик.

Хитойдаги бир мактабда экология дарсини кўриб жуда ҳайрон қолгандим. Болаларга дарс табиат қўйнида ўтиларкан, ҳар бир дарахт, ҳар бир ўсимликнинг фойдали томонлари тушунтириларкан. Дарс охирида болалар ўқитувчиси таърифлаб берган дарахтни бориб қучоқлашди, қўллари билан силашди.

Тажриба майдончаларида болаларнинг меҳнат билан шуғулланиши бу таълимнинг тўғри шакли деб ҳисоблайман. Болалар меҳнатини пахтага нисбатан таъқиқлаш тўғридир, лекин табиатга, ўз атрофини чиқиндилардан тозалашга ўргатиш бу болалани меҳнаткашликка ўргатади.

Демак Экопартия турли хил акцияларни мактаб болалари, талабалар ўртасида ўтказиши керак. Айтайлик «Ҳар бир ҳайвоннинг қалби бор», «Ҳар бир дарахтнинг жони бор» мавзуларида...

— Партияни фаоллигини кўпроқ сайловлар пайтида кўраяпмиз. Одамларга ёрдам бериш орқали акциялар ўтказмоқда. Сардобада сув тошқини бўлганида одамларга ёрдам беришди. Лекин ўша пайтлари одамларга ёрдам берадиганлар жуда кўп эди. Бу фожиадан нафақат уй ҳайвонлари, балки табиатга ҳам зарар етказилди. Ўсимликлар, ёввойи ҳайвонларига ҳам зарар етди. Миллий гвардия ва волонтерлар ҳайвонларни қутқаришга бел боғлашди. Лекин экопартия эмас. Партия ҳукумат олдига «табиат зарар кўрди, бунга ким жавоб беради», деган талабни қўймади. Экопартия волонтерлар томонидан очилаётган хусусий мурувват уйлари билан алоқани мустаҳкамлаш, ўрни келса ёрдам бериши зарур.

Экотуризмни ривожлантириш учун қурилишга рухсат берилди. Бекободда, Зарафшонда дарахтлар кесилаяпти. Бу улкан қурилиш ишлари ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсига зарар келтирмоқда. Бу билан ҳам экопартия шуғулланиши керак.

Экокўпирклар масаласи ҳам оғриқли муаммо.

— Катта трассаларда ҳайвонлар кесиб ўтадиган жойларга махсус белгилар қўйилган. Лекин бу ерда соатига 20-30 тезликда ҳайдаши керак бўлса, бизнинг ҳайдовчилар 100-120 тезликда ўтиб кетишади. Яқинда бир ҳайдовчи катта трассаларнинг бирида «Қизил китоб» га киритилган Хонгул буғусини уриб юборди. Аммо унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмади. Хитойда, Японияда экокўприклар мавжуд. Қашқадарё, Қамчиқ довонларига ҳам шундай экокўприклар бўлиши шарт. Ҳайвонларнинг миграциясини таъминлаш керак.

Дунёни ташвишлантираётган яна бир муаммо елим халта, елим идишлар...

 — Мен баъзида ўзимни катта чиқиндихонада яшаётгандек ҳис қиламан. Йўл-йўлакай чиқиндиларни териб кетаман, кечга яна шу аҳвол. Европа давлатларида бир марталик идишларга таъқиқ қўйилди. Бу ер юзида асрлар давомида чириб кетмай табиатни заҳарлаб ётадиган чиқиндиларнинг камайишига сабаб бўлади. Одамларнинг айнан бу борада онггини ошириш керак. Масалан катта тезликда кетаётган машина ичидан елим идиш отилади, орқадаги машина ойнасига у тош каби қаттиқ зарба билан урилиши мумкин. Ёки бирон жойга машинани нотўғри қўйсангиз истаган одам суратга олиб жўнатиши мумкин. Чиқинди масаласида ҳам ташлаётган одамни суратга олиб жарима тўлаттириш лозим.

Экологик маданият қачонлардир шаклланади, деган умид борми?

— Табиатга муҳаббат аслида оилада шаклланади. Таълим тизимига экология фанларини киритиш керак. Фақат экология дарсида эмас, айтайлик математика фанида мисоллар экологияга оид бўлсин, адабиёт дарсида қисқа, табиатга меҳр уйғотадиган ҳикоячалар бўлсин.

Журналистика факультетлари барча ҳудудларимизда очилди. Ҳар бир факультетда экология фани бўлсин. Келажакда эса факультет сифатида шакллансин. Журналистлар экологик муаммоларнинг ичига кириб бориб қанча кўп ёритса шунча муаммолар бартараф бўлади. Экологиянинг софлиги келажак авлоднинг бахтли ҳаёти, табиат бу бизнинг ҳаётимиз, бизнинг бир бўлагимиз...

Мазмунли суҳбат учун раҳмат.

Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг