Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Депутатлар бир қатор ҳуқуқлардан маҳрум бўлдилар

Депутатлар бир қатор ҳуқуқлардан маҳрум бўлдилар

Фото: Xabar.uz

Шу йилнинг 4 сентябрдаги «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига асосан 1995 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида депутатларнинг мақоми тўғрисида»ги қонуни ўз кучини йўқотди. Бу ҳақда Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев хабар бериб ўтди.
«Таъкидлаш жоизки, мазкур қонунда депутат фаолиятининг кафолатларига оид бошқа қонунларда мавжуд бўлмаган ва амалиётда ғоятда муҳим ҳисобланган бир қатор ҳуқуқ ва ваколатлар мавжуд эди.

Хусусан, бекор қилинган қонуннинг 13-моддасига кўра, депутатлар сессияда оғзаки билдирган ёки сессияда раислик қилувчига ёзма равишда берган таклиф ва мулоҳазалар ҳокимият вакиллик органи, унинг қўмиталари ёки комиссиялари томонидан кўриб чиқилиши ёхуд кўриб чиқиш учун тегишли давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг органлари ва мансабдор шахсларга юборилиши белгиланган эди.

Депутат сайлов округида ўз ваколатларини амалга ошириш учун тегишли ҳокимият вакиллик органи назорати остидаги ташкилотларда ўз сайлов округидаги фуқароларнинг муҳим манфаатларига тааллуқли бўлган ҳар қандай масала кўриб чиқилиши чоғида иштирок этиши мумкинлиги кафолатланган эди. Эндиликда депутатда ҳар қандай масала эмас балки ҳокимлик, идора ва ташкилот рухсат берган масалалардагина иштирок этиши мумкинлиги хавфи пайдо бўлди. Бу ҳам депутат учун адолатни тиклаш ва амалга оширишда катта йўқотиш, дейиш мумкин.

Депутат фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда ўзи юборган таклиф, ариза ва шикоятлар тегишли ҳокимият органи ҳудудида жойлашган давлат органларида, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда кўриб чиқилишини назорат қилишга ва уларнинг кўриб чиқилишида шахсан иштирок этишга ҳақли эди. Эндиликда депутат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун талаблари асосида умумий тартибда мурожаатлар кўриб чиқилишида иштирок этиши мумкин.

Энг катта йўқотиш бу депутатнинг қуйи Кенгашлар ишида қатнашишидан маҳрум этилгани бўлди. Масалан, Олий Мажлис депутати зарур ҳолларда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари мажлисларида маслаҳат овози билан иштирок этиб, депутатларнинг барча вакиллик бўғинида ҳамкорлигини таъминлаш, сессия давомида ўз таклиф ва фикрларини билдириши мумкин эди. Бу айниқса, Олий Мажлис депутатларининг қуйи Кенгашлар томонидан кўриб чиқилаётган масалаларнинг амалдаги норматив ҳуқуқий ҳужжатларга мос ва мувофиқлигини кўриб чиқиш масалан, қонунларга зид ҳолда «снос» қилиш, фермерларнинг ерларини олиб қўйиш, ҳокимликлар ҳисоботини тинглашда алоҳида аҳамият касб этарди. Афсуски мазкур ҳуқуқнинг йўқолиши қонунан Олий Мажлис депутатларига қуйи Кенгашларнинг эшиги ёпилишига олиб келди.

Шунингдек, қонуннинг 23-моддасига асосан депутат мурожаатларини кўриб чиқиш юзасидан мансабдор шахсларга мажбуриятлар юклатилган бўлиб, унда барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмаларига, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, мансабдор шахслар депутатларнинг ғоят муҳим масалалар, шу жумладан, тегишли органнинг қарор қабул қилиши, қабул қилган қарорини ўзгартириши ёки бекор қилиши зарурлиги тўғрисидаги мурожаатлари кўриб чиқилиши шарт эди. Мурожаат кўриб чиқиладиган кун тўғрисида депутатни олдиндан хабардор қилиши керак бўлган. Бу шаклдаги ҳуқуқ билан ҳам ҳайрлашилди.

Шу билан бирга депутатлар ҳокимликлар, корхоналарнинг, ташкилотларнинг, илмий, юридик муассасаларнинг, ўқув юртларининг маъмурияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан унинг депутатлик фаолиятида юзага келадиган ҳуқуқий масалаларда ёрдам олиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлдилар.

Эслатиб ўтамиз депутат фаолиятининг кафолатларига оид амалдаги асосий Қонунлар «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонунлардан иборат.

Бу ўзгаришлар депутатлар фаол ишлаши учун тўсиқ бўлмаслигига қаттиқ умид қиламан», — дея фикрини якунлайди Расул Кушербаев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг