Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бизнес бошлаш ва банкрот бўлмаслик учун нима қилиш лозим?

Бизнес бошлаш ва банкрот бўлмаслик учун нима қилиш лозим?

Фото: Xabar.uz

Ўзмиллий банк томонидан матбуот вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Тур доирасида банк томонидан молиялаштирилган «Golden Style Ceramics» МЧЖга ташриф буюрилди. ОАВ вакилларига нафақат корхона фаолияти ҳақида, балки бизнес юритиш ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

«Golden Style Ceramics» ҳақида
Корхонанинг асосий фаолияти керамикадан сантехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан иборат. Ҳозир юртимизда тадбиркорларга катта имкониятлар яратилмоқда. Яқинда ҳам имконсиз туюлган ишларни энди бемалол бошлаш мумкин. Масалан, 695 000 АҚШ доллари миқдорида кредит олса бўлади. Ўзмиллий банк томонидан «Golden Style Ceramics» МЧЖга ажратилган кредит миқдори айнан шунча.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Корхона ишлаб чиқариш учун ўзининг 819 241 доллар сармоясини ҳам тиккан. Шундай экан, лойиҳанинг умумий қиймати 1 524 240 доллар бўлиб чиқмоқда. Бунча пулни бизнесга тикиш — айтишга осон. Даромадга кириш эса игна билан қудуқ қазиш ила баробар. Хўш, фойдага кириш учун нималар қилиш лозим? Корхона раҳбари Нурилло Маҳмудов билан бўлган суҳбат мазмуни асосан шулардан иборат бўлди.

Бизнесга кириш ҳақида
Бизнес бошлашда энг оғири нимада? Уни бошлаб олиш. Сизни турли фикрлар қийнайди. Ахир атрофда бизнес ғоялар кўп ва уларнинг бари аввалига жозибадор кўринади. Унисини бошламоқчи бўлсанг, буниси ўзига оҳанрабодек тортади. Бўлғуси тадбиркор айнан шу ерда тўғри танловни амалга ошириши лозим.

Танлов ҳақида
Етти марта ўйлаб, бир марта кес. Бу мақол айнан бизнесменга аталган. Тадбиркор энг аввало бозордаги талабни ўрганиши лозим. Кейин эса ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархи муҳим ўрин тутади. Агар хом-ашё маҳаллий бўлмаса, бу табиийки маҳсулот нархига таъсир ўтказади. Масалан, «Golden Style Ceramics» ишлаб чиқарадиган сантехника маҳсулотларининг хом-ашёси 90 фоиз Ўзбекистондан чиқади. Шу боис ҳам танлов айнан сантехника ишлаб чиқаришда тўхталди. 

Кейин эса айнан қайси технологиядан фойдаланиш масаласи кун тартибига чиқди. Айтайлик, сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган технология Россия, Хитой ва Италияда бор. Хўп, улардан қай бири самаралироқ?

«Golden Style Ceramics» МЧЖ раҳбарияти Италия танловида тўхталди. Боиси, италияликлар нафақат технология етказиб берди, балки уни ўрнатиш, ишга тушириш ва мутахассислар тайёрлашда ҳам ёрдам берди.

Рақобат
Рақобатнинг фойдаси ҳақида қанча гапиришмасин, тадбиркор учун барибир бозордаги ўрни муҳим. Яъни, бозорда рақобатчи қанча кам бўлса, тадбиркорга шунча яхши. Аксинча ҳолатда эса «яшаш учун кураш» бошланади.

Юртимизда сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган 5 та корхона бор. Бундан ташқари импорт маҳсулотлари ҳам рақобатнинг катта қисмини ташкил этади. Бу борада россиялик ишлаб чиқарувчилар етакчи. Россия яқин ва транспорт масаласида муаммо кам. Шу боис руслар бозоримизга кириб келишган.

Бундай вақтда маҳаллий ишлаб чиқарувчи икки жиҳат билан рақобатда енгиб чиқиши мумкин — нарҳ ва сифат.

Сифат
Агарда нарҳ масаласида муаммо у қадар катта бўлмаса, сифат борасида анча тер тўкишга тўғри келади. «Golden Style Ceramics» ташкил этилганига 2 йил бўлади. Ишлаб чиқаришни сифатли йўлга қўйишда асосий муаммо — мутахассислар етишмовчилиги. Сантехника борасида юртимизда мутахассислар жуда кам. Шу боис ўзбек йигитлари Италияга малака оширишга юборилди.

Тан олиш лозим, Италиядан келтирилган ускуналарни ишлатиб, йўлга қўйиб олгунга қадар «брак» маҳсулот чиқди. Сантехника ишлаб чиқаришнинг яна бир афзал томони шундаки, «брак» маҳсулот хом-ашё сифатида қайта ишлаб чиқаришга йўналтирилади.

Нарҳ
Нарҳ масаласида корхонанинг ўз сиёсати бор. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот уч хил — биринчи, иккинчи ва учинчи сортга бўлинади. Нарҳ ҳам шунга яраша.

Энг муҳими — «Golden Style Ceramics» ишлаб чиқараётган маҳсулот хорижникига қараганда камида 20 фоиз арзон. Шу билан бирга сифат борасида ҳам рақобатлаша олади.

Банкрот бўлмаслик йўли
Кредит олиш яхши, аммо уни қайтаришчи? Фойда олишни кўзлаган бизнесмен таваккал қила билиши керак, дейилади. Аммо таваккалнинг ҳам меъёри бор. Банкрот бўлмаслик учун нима қилиш лозим?

Имкон қадар фақат кредитга асосланиб иш бошламаслик лозим. Дастлабки сармояни ўзингиздан чиқаришга ҳаракат қилинг. Ўзингиз учун бизнес ғоя танлаб олдингизми, аввал ўз пулингизни тикинг. Бозорга киринг, ўрганинг. Балки бирданига катта ҳажмда иш бошлай олмассиз, аммо касод бўлиш хавфи камаяди.

Фойда олишга кўзингиз етдими, энди кредитга уннаса бўлади. «Golden Style Ceramics» МЧЖ худди шу йўлдан кетди. Аввалига ўз пулини тикиб, ишни йўлга қўйди. Мана энди Ўзмиллий банк ёрдамида ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда.

Экспорт
Ҳар қандай тадбиркор учун олий мақсад — экспортга маҳсулот чиқариш. Аммо бунинг учун аввал ички бозорда оёққа туриб олиш керак. «Golden Style Ceramics» ҳозир ички ва ташқи рақобатчилар билан кураш олиб боряпти. Келгуси мақсад эса — хорижга чиқиш. Ҳозирча яқин қўшнилар — Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга маҳсулот юбориш режа қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг