Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бир ойда пора бериш билан боғлиқ нечта жиноят иши қўзғатилди? Бош прокуратура очиқлади

Бир ойда пора бериш билан боғлиқ нечта жиноят иши қўзғатилди? Бош прокуратура очиқлади

Жорий йилнинг ўтган бир ойида пора бериш (Жиноят кодексининг 211-моддаси) билан боғлиқ 16та жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари, адлия катта маслаҳатчиси Ҳаёт Шамсутдинов «Xabar.uz»га маълум қилди.

Қўзғатилган жиноят ишларининг барчасида ички ишлар органи ходимларига «пора таклиф» қилинган. Яъниким, 23 нафар шахс ички ишлар органлари ходимларига пора бераётган вақтида ушланиб, улардан жами 18 940 000 сўм ва 10 400 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинган.

Таҳлилларга кўра, 16 та ҳолатнинг 11 тасида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий баённома тузмаслик ва автомашинани жарима майдонига жойлаштирмаслик ёки жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига, 5 тасида содир этилган жиноятни ижобий ҳал қилиш, терговда енгиллик қилиб бериш эвазига пора берилган.

Таклиф этилган сумманинг энг ками 400 минг сўм (фуқаро И. Ж.  Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ инспекторига машинасини жарима майдонидан «чиқариб» бериши учун шунча пул таклиф этган), энг кўпи 9500 АҚШ доллари (тошкентлик фуқаро А.И. ИИБ бошлиғи ўринбосарига «тўпланган материалларни йўқ қилиш ва жиноий жавобгарликка тортмаслик» эвазига шунча пул «атаган»). Ҳудудлар  бўйича эса пора бериш жиноятларининг 4 таси Наманган, 3 тадан Қашқадарё ва Жиззах, 2 таси Навоий, 1 тадан Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳисобига тўғри келади.

Ҳозирда пора берганлиги учун ушланган барча шахслар тергов олдида жавоб бермоқда.

Юқоридагиларга кўра, Бош прокуратура барча фуқароларни Конституция ва қонунларга қатъий риоя қилишга чақириб:

–  Жиноят кодексида фақатгина пора олган мансабдор шахсгина эмас, балки пора берган шахс учун ҳам қатъий жиноий жавобгарлик белгиланганлиги;

– Жиноят кодексининг 211-моддасида, пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш жинояти учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш  жазоси белгиланганлигини яна бир бор эслатган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг