Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бир ҳикмат ўқийман хазонлардан... (видео)

Юртимизда олтин куз меҳмон. Шоир айтганидек «Олтин Ўзбекистон тупроғи бу кун, Бир пари фаслнинг оғушида маст».

Кузнинг сокин кунларида бизнинг аҳвол-руҳиятимизда ҳам хотиржамлик, сокинлик ҳукмрон бўлади. Феъл-атворимиздаги бу оғир-босиқлик, ўйчанлик балким мана шу куз манзараларининг таъсиридир. Атрофингизга бир назар ташланг. Қаранг, сап-сариқ япроқларга бурканган дарахтлар, шудгорланган кенг далалар. Ногаҳон олдингиздаги мана бу дарахтнинг япроғи «чирт» этиб узилдию, оёғингиз остига тушди. Сиз кетаётган йўлакча эса ана шундай хазонрезги билан тўла. Уларни бирма-бир босиб ўтяпсиз. Ҳар қадам ташлашингизда бир сас, бир садо эшитилади. Сиз ҳоҳлаб, ҳоҳламай босаётган ана шу япроқлар олдин куртак эди, сўнгра барг чиқариб, кўм-кўк рангда товланди. Энди эса сап-сариқ рангда оёғингиз остида эзиляпти ва у бунга маҳкум:

«Бир ҳикмат ўқийман хазонлардан мен:

«Яшагин-у бироқ япроқ бўлма сен».

Япроқларнинг ҳавода ўйнаб, ерга тўкилиши, «хазоннинг тақдири, сўнги шовқини» Сизни саволларга кўмиб ташлайди. Шунда Сиз беихтиёр хаёллар дарёсига ғарқ бўласиз. ТУҒИЛИШ, ЯШАШ ва ЎЛИМ. Ўзи яшашдан не маъно деб ўйлаб қоласиз. БОЛАЛИК, ЁШЛИК ва КЕКСАЛИК. Мен бу даврларни одамзод умрининг фаслларига ўхшатаман. Ёшимиз улғайган сари, болаликни ёшликни қумсаймиз, соғинамиз. Чунки болалик ёшликнинг беғубор, беташвиш кунлари кўз очиб юмгунча тез ўтиб кетади. Шоир айтганидек, «Ўтган эса – ҳамиша тотлик...» Ана ўша тотли дамлар бизга бир умр армон бўлиб қолаверади. Куз ўқилмаган бир асар... унда талай сиру- синоат мужассам. ...Олтин Куз Баҳорнинг жонажон ўртоғи. Одатда муҳаббат,  ишқ, севги ҳақида Баҳор фаслида кўп гапирилади. Ана шу фаслда қалбларда севги куртаги очилади. Жўжани санайдиган вақт – Кузга келиб, муҳаббат мева беради, яъни ошиқ-машуқларнинг тўйлари бўлади. Ёз эса Кузнинг ишонган акаси, Куз акасига эркалик қилади:

«Кетгиси келмайди ёзнинг боғларидан,

Кузнинг қистовига: «Ҳозир – дер, – Кузжон,

Ризолик олайин чирилдоқлардан,

Озгина сабр қил, сабр қил полвон».

Бесабр Куз эса тушар – у қирдан,

Ёзга билдирмасдан ўтар гузарни

Ва сариқ япроққа айланиб бирдан

Таққилата бошлар деразаларни.»

Кумуш қиш кузнинг эркатой укаси, Куз эркатой укасини кўп куттирмайди. У барги хазонларни йўлларига тўшаб, сочиб укасининг олдига пешвоз чиқади...

Ҳа, бу ҳаёт, бу борлиқ, фасллар – ўқилмаган бир китоб. Кузнинг ўзи эса бир асар. Уни ўқимоқ, англамоқ учун атрофимизга бир назар солайлик. «Оғир хаёлларга чўмган бу фасл»нинг тилло ранг япроқлари нималар ҳақида шивирлаётган экан? Дарахтдан узилиб, шабодада унаётган Куз япроқлари қандай сирли рақсни ижро этаётган, қандай қўшиқни куйлаётган экан?...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг