Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ассалом, мактабим! Хайр, мактабим! (видео)

Ассалом, мактабим! Сен билан хайрлашганимга 16 йил тўлибди. Биз бағрингдан учирма бўлган кундан бошлаб эшигингдан киришга ийманиб қолдик... Сўнгги қўнғироқ кунимиз эсимда, ўшанда ҳаммамизни хаёлимизда бир ўй эди: «Тезроқ сўнгги қўнғироқ чалинса-ю, тезроқ катта ҳаёт бағрига, катта одам бўлишга шошсак!».

Назаримизга илмаган ўша сўнгги қўнғироғингни бир кун келиб, қаттиқ қўмасашимизни билмабмиз, афсус... Ғўр эдик, кечир, мактабим!

Бугун сен қад ростлаган кўчадан ўтар бўлсам, ҳаяжонланмасдан ўтолмайман. Сендан кетибимиз-у, кўнгил узолмабмиз. Кўнгил узиб ҳам бўлмайди... Ўшанда сени оддий бир таълим маскани, иншоот деб танибмиз. Хато ўйлаган эканмиз! Сени юрагинг – жарангдор қўнғироғингда, болаларга атаган ниятинг – узун, файзли йўлагингда, кўзларинг – ўқитувчиларимизнинг маънодор, зиё таратган нигоҳларида экан асли... Оппоқ, шамолда ҳилпираган дарпардаларингда майин нафасинг уфуриб туришини бугун пайқабман... Катта танаффусда ёғоч йўлагингда сени аямай, қанча югуриб, шўхлик қилсак ҳам, индамасдинг... Зўрға «ғирч-ғирч» деган товуш чиқарардинг, холос... Бир марта ҳам койимабсан ҳам-а?!... Бағринг шунчалар кенг экан... Худди, Она бағри каби... Бугун сени йўқлаб, остонангдан ҳатлар эканман, ҳар бурчагиндан болалигимни излай кетдим... Кўзимга жуда кичик кўриндинг ёки биз шунчалар катта бўлиб қолдикми? Балки болаликдан шу қадар узоқлашдикмикан? Хитой архитектураси бўйича қурилган қийшиқ, бурама шаклли томинг кўзимга шу қадар азизки... Мактаб деворига жимжимадор иероглифларда битилган ёзувлар эса қадрдон йиллар хотирасини уйғотиб  юборади...

Ассалом, мактабим! Ассалом, қадрдон устозлар!

Кутилмаганда,  директоримиз Фахриддин ака пешвоз чиқдилар. Ҳаяжондан гапимни йўқотдим. Салом-аликдан сўнг: «Мен шу мактабда ўқиганман... Эсладингизми?» дедим-у, нафасим ичимга тушиб кетди... Ичимда бундай савол берганимга ўзимни койидим, 16 йил ичида мактабни неча киши битирган бўлса, ҳаммасини қандай эслаб қолишлари мумкин, ахир?!...

Директоримизнинг «Албатта, танидим!» деган жавоблари мендаги ўнғайсизликни бир зумда тарқатиб юборди. Наҳотки?!... Шундагина, директоримизнинг бутун умрини шу мактабга бағишлаганини, шу мактабнинг заҳматли ва ширин ташвишли ҳаётида сочига оқ тушганини ҳис қилдим. Ва уларга бу меҳр-муҳаббати, самимий хизматлари учун ич-ичимдан раҳмат айтгим келди! Кўринишларидан қаттиққўл одам бўлиб таассурот уйғотсалар-да, аслида директоримиз оддий ва камтарин, меҳрибон инсон.  Шу сабаб ҳам, мактабда ўқиб кетган ҳар бир болани яхши таниб, эслаб қолгандирлар балки...  Эшитишимга қараганда, Фахриддин аканинг ўзлари шу мактабни тамомлагач, кейинчалик, «Хитой тили»дан ўқитувчилик қилиб, йиллар давомида мактаб директори даражасига етган эканлар. Кутилмганда, директоримиз бартиблаётган калитлар қутисидан битта калит ерга тушиб кетди. Иккимиз ҳам ердан калитни излашга тушдик. «Кўз нури ҳам хира тортибди шекилли!» дея вазиятга нисбатан енгил ҳазил қилдилар Фахриддин ака. Бир энтикиб тушдим... Ахир, у кишининг кўз нурлари шу мактаб болаларига зиё улашаман, деб хира тортгани ҳақиқат-ку!... Фахриддин ака, азиз устозлар, бизни кечиринг! Бизни деб сочингизга оралаган оқ учун, кўз нурингизни ўғирлаганимиз учун кечиринг!

Мени олдинда Дилрабо опа Сахиева раҳбарлигидаги «1-А» синф ўқувчилари билан саргузашталар кутиб турарди. Синф хонага кирсам, «Хитой тили» дарси бўлаётган экан. Айтганча, менинг мактабим – Республикадаги ягона Хитой тилига ихтисослашаган 59-сонли номдор мактабдир. Ичимда «Болалар мени қандай қарши олишаркин? Улар билан тил топишишни уддадалай олармиканман?» деган ҳадик бор эди. Болалар ёлғонни билмайдилар ва ёлғон, ясамаликни тезда пайқайдилар. Улар қалбига нозиклик ва ўта эҳтиёткорлик билан йўл топиш даркор. Болалар бирин-кетин хитой тилида ёд олган шеърларини илина кетишди. Ичимдаги бояги ҳадик учди, кетди. Бунга болалар ёрдам беришди, уларнинг кўзларидаги муҳаббат учқунлари мени илҳомлантирди!

Болалар, бугун биз самога парвоз қиламиз! Бугун барча шўхликларингизга рухсат! Аввалига, ҳайрон қолган болалар хурсандчиликдан «Урееее!» деб юборишди. Шу тариқа болалар билан бирга мен ҳам болалигимга парвоз қилдим! Шу дамда бир фикр хаёлдан ўтди: Маънан озод одам шахс бўлиб етишади! Аслида, энг катта шахслар  бу – болалар! Дунёдаги энг самимий одам ҳам бу – бола! Болалар шартсиз севадилар!...

Мен ўқувчиларга савол бердим:  Дунёдаги энг меҳрибон одам ким? Барчалари бир овоздан ота-онамиз, деб жавоб қилишди. Баъзилари ҳаёжондан кўз ёш ҳам тўкишди. Шундай кутилмаган ҳолатлардан бири – Иймонанинг кўз ёшлари эди... Сочлари иккита қилиб ўрилган, лўппи юзли, синчалак қизалоқ жуда чиройли расм чизаркан. Вазиятни юмшатиш  ва болалар билан суҳбат узилиб қолмаслиги учун Иймонадан дарс охиригича мени суратимни чизиб беришини илтимос қилдим.

Катта танаффусга қўнғироқ чалинди. Болаларга қўшилиб, мен ҳам мактаб ошхонасига йўл олдим. Мактаб ошхонасининг усти қизариб пишган, бўрсилдоқ булочкалари эсингиздами? Ўрик шарбатларичи? Бу булочкалар мен учун дунёдаги энг ширин булочкалардир! Кутилмаганда, Жасминанинг «Опа, исмингиз нима?» деган саволи хаёлни бўлди. Шундагина эсимга келдики, мен уларга ўзимни таништирмабман ҳам. Қалбан яқин бўлган одамлар ўзларини таништиришни унутиб, сўзлари сўзларига пайванд бўлиб кетавераркан. Гўё синфдаги болаларни худди анчадан бери танийдигандекман.

Болаларнинг орзулари ҳақида билишга қизиқдим. Аслида, биз катталар орзу қилишни болалардан ўрганишимиз керак! Уларнинг жавобларини эшитиб, ҳайратландим. Орзулари бўйларидан баланд бахтли болалар!

Орқа қатордаги партада ўтирган митти бўйли, думалоқ кўз, киприклари қуюқ болакай – Мустафо аввалига даврага қўшилишга тортиниб турди-да, кейин бутун синфга «Математика»дан дарс ўтди. Ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ унга ўйин тарзидаги дарс ёқиб қолганди. Ҳатто, синфдаги энг шўх бола – Ҳумоюн ҳам ахири жиддий оҳанг, салобат, фахр билан  келажакда аскар бўлишни исташини айтди.

Қўнғироқ чалинди! Ким учундир катта ҳаёт остонаси олдидан охирги дилгир қўнғироқ, яна бошқалар учун уйга тезроқ кетиш учун навбатдаги қўнғироқ! Болалар билан хайрлашиш вақти келганди... Очиғи, улар билан хайрлашиш жуда қийин бўлди. Кутилмаганда, Мустафонинг кўз ёш аралаш «Кетманг, бекинмачоқ ўйнайлик!» дея айтган ялинчоқ ширин сўроғи мени шошириб қўйди. У бекинди, мен қидирдим... Топдим! Унинг мисолида мактабга бекитиб кетган болалагимни топдим!... Раҳмат, Мустафо! Менга болалигимни топиб бердинг! Болалик биздан узоқлашса-да, биз болаликдан асло узоқлашмайлик!

Иймонага қўшилиб, барча болалар мени суратимни чизишибди. Суратларни эсдаликка ўзим билан олиб кетдим. Бари чиройли, бари самимий чизилган суратлар. Дастхатлари ҳам бор ҳатто!

«1-А» синфи сизларни соғиниб қоламан!

  Синф хонадан чиқдим-у, болалардан яширган кўз ёшимни ушлаб туролмадим. Болалар билан учрашувимиз бутун умрга ёдимда қолди... Мактабнинг тор йўлаклари бўйлаб борарканман, титраб турган оппоқ дарпадалар хаёлни олди. У худди болалик кемасининг орзу елканлари каби қулочини кенг ёзиб, шамол билан ўйнашарди... Майнинг майин шамоли эса сўнгги қўнғироқни даракларди...

Хайр, мактабим! Йўқ, яна кўришгунча, мактабим!

Лобар Қобилова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг