Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Хитойда нима бўляпти? «Xabar.uz» учун воқеа жойидан махсус репортаж

Хитойда нима бўляпти?  «Xabar.uz» учун воқеа жойидан махсус репортаж

Айни вақтда Хитойда ҳайвонлардан одамларга юқадиган коронавирус тарқалган ва кундан кунга кўпчиликни ташвишга солмоқда. Касаллик Хитой марказидаги Ухан шаҳридаги денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозор ҳудудидан тарқалишни бошлади. Айни вақтда вирус юқтирганлар сони 1337 тани ташкил қилган, юқтирган деб тахмин қилинганлар сони 1965 та, ҳалок бўлганлар сони эса 41 нафарга етган. Вирус ўчоғи бўлган Ухан шаҳри ва унга қўшни 9 та шаҳар карантин зона деб эълон қилинди. Шаҳарга кириш-чиқиш тўхтатилган. Метро, автобус, поезд, самолётлар ишламаяпти. Шаҳарда бутун мамлакатдан мутахассислар келиб ишламоқда.

Ҳозир ўзим айни вақтда Хитойда, вирус тарқалган провинция билан қўшни бўлган Чунцин шаҳридаман. Вазиятни ҳар дақиқа кузатиб боряпман. Минг афсуски мана шундай ҳолатда асоссиз миш-миш ва ваҳима тарқатаётган ўзбеклар чиқиб турибди.

Кеча бир қизнинг аудиоси тарқалди. Унда Хитойда аҳвол чатоқлиги, ўзбек талабаларининг аҳволи ёмонлиги, карантин шаҳардаги талабалар оч қолиб кетгани, кўчаларда йиқилиб қолаётгани, ҳамма давлат элчихоналари ўз фуқароларини олиб чиқиб кетгани, фақатгина ўзбеклар қолиб кетаётгани ва шунга ўхшаган асоссиз хабарлар тарқатилган. Бундай арзон хайпга ўч Youtube видео блогерлари эса текин томошадан қуруқ қолмаслик учун ўзи билмаган, кўрмаган, ҳақиқий аҳволдан бехабар ҳолда худди ҳаммасини кўриб тургандек экспертларча фикр билдиришга киришиб кетишган.

Мен ичкарида бўлиб турган, ҳақиқий аҳволни ўз кўзи билан кўриб турган Ўзбекистон фуқароси сифатида асл ҳолат қандай эканлиги ҳақида хабар беришни истар эдим.

Ҳақиқатдан ҳам Ҳубеи провинциясидаги 10 та шаҳар беркитилган, кириб чиқиш мумкин эмас. Лекин мен ўзим шахсан Ухан шаҳридаги 6 та талаба йигит билан гаплашдим, биолог мутахассис сифатида вирус тарқалган ҳолатда қандай қоидаларга амал қилиш кераклигини батафсил тушунтирдим, улар билан ҳозир ҳам доимий алоқадаман. Шаҳар беркитилгани билан ҳеч ким оч қолиб кетгани, касалликдан йиқилиб қолгани йўқ. Супермаркетлар, озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар бир хилда ишлаб турибди. Ушбу мақолани ёзаётган вақтимда ҳам Уҳандагилардан бири билан гаплашдим, ҳозиргина супермаркетдан келаётганини айтди. Нархлар ваҳима қилинаётганидек ҳеч қанақа осмонга кўтарилиб кетмаганлигини қўшимча қилди. Қолаверса ҳамма давлат талабалари ўз университетларининг ётоқхонасида турибди, ҳеч қайси бир давлат элчихонаси ўз фуқароларини олиб чиқиб кетгани йўқ. Шахсан мен ўзим Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси томонидан ташкил қилинган Wechat тармоғидадаги гуруҳда борман ва элчихона вакили кунда икки марта ҳолат ҳақида хабар бериб турибди.

Хитойнинг бошқа шаҳарларида эса ҳаёт одатдагидек давом этмоқда, барча транспорт воситалари, супермаркетлар ишламоқда. Истаган одам истаган вақтида Ўзбекистонга қайтаман деса йўллар очиқ, бемалол ҳеч қандай қаршилик йўқ. Қолаверса вирус ҳақидаги статистикада айтилишича асосан ёши катталар вирус юқтирган ва ҳалок бўлганлар ҳам 48 ёшдан катталар бўлган, яъни вирус асосан иммун тизими паст ва ёши катталарга юқмоқда. Бундан ташқари Хитойда тиббий жиҳатдан ҳамма шароит бор, касал бўлганлар ва улар билан гаплашганларнинг барчаси касалхоналарда махсус назоратда сақланиб турибди. Яна бир қувончли томони вирус юқтирганлар орасида 38 нафари соғайган, демоқчиманки олдинга силжиш бор.

Мақола сўнгида халқимиздан, яқини Хитойда бўлган ватандошларимизда бунақа асоссиз хабарларга, ваҳималарга эътибор бермасликларини сўраб қолардим. Аҳвол чиндан ҳам ваҳима қиладиган даражада эмас, ҳаммаси ҳукумат назоратида, ўзбек талабаларининг барчаси ўқиш жойидаги ётоқхоналарда ва уларнинг ҳолидан бошқа барча чет эллик талабалар каби махсус бириктирилган университет ходимлари мунтазам хабар олиб турибди.

Шов-шув тарқатаётган, ютубда машҳурликка эришаман деб халқ ичида асоссиз ташвиш, ваҳима уйғотаётган «диванный эксперт»ларга худодан инсоф тилаб қоламан. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг