Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Андижонда даҳшатли ЙТҲда тўрт киши вафот этди

Андижонда даҳшатли ЙТҲда тўрт киши вафот этди

Кеча, 2020 йил 13 феврал куни, тахминан соат 21:00 ларда, 24 ёшли Х.М. «Nexia-3» русумли автомашинада 3 нафар йўловчилар билан бирга «Андижон-Асака» автомобил йўлининг «Асака» йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётиб, Андижон тумани, «Терактаги» маҳалласи ҳудудида йўлнинг чекка қисмида ҳаракатсиз ҳолда турган 27 ёшли А.Н.нинг бошқарувида бўлган «Зил-130» русумли юк автомашинасига урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Натижада «Nexia-3» автомашинаси ҳайдовчиси Х.М. ва олди йўловчи ўриндиқдаги йўловчи 24 ёшли И.Ж.лар ҳодиса содир бўлган жойида, йўловчилар 24 ёшли М.Б. ва 20 ёшли Н.П.лар эса кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Тергов департаменти ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Ҳурматли фуқаролар йўлларда ҳаракатланганда белгиланган тезлик талабларига қатъий риоя қилишингизни сўраймиз. Тезликни меъёридан ошириб ўзингиз ва бошқа ҳаракат иштирокчиларининг ҳаётини хавф остида қолдирманг. Унутманг! Сизни уйда фарзандларингиз, ота-онангиз ва яқинларингиз кутади. Ҳар доим йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинг.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг