Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Алвидо, Британия...ми?! (таҳлилий мақола, иккинчи қисм)

Алвидо, Британия...ми?! (таҳлилий мақола, иккинчи қисм)

Буюк Британия сўнгги беш асрдаги энг қудратли империялардан бири эди. Ўз вақтида (1913 йил) дунёнинг чорак қисмига ҳукмини ўтказган империя ҳудудларида 412 миллион киши яшаган.

Қадимда барча рақибларидан бир бош устун бўлган «боқий шаҳар» — Римга қиёсан Британия «боқий империя» номига мутлақо муносиб ҳисобланарди. Римни варварлар қулатди, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг парчаланиб, Бирлашган Қиролликка айланиб қолган Британия яхлитлиги ҳануз хавф остида. Бу сафар вазият жиддий.

Уэльс-Англия: Иттифоқдан маъно қолдими?

Сиёсий иттифоқлар ташаббускорлари анчайин айёр бўлишади. Ким бош бўлса, ўшанинг манфаатлари кўпроқ дегани. Масалан, 56 йил аввал Вестминстер Уэльс мисолида кўрсатиб қўйганди. Ўшанда кўплаб эътирозларга қарамай, расмий Лондон буйруғига биноан, Афон Трюверин водийсидаги Гуинет (Уэльс)да, Баладан шимоли-ғарбда Ливерпул ва Виррални саноат учун сув билан таъминлаш мақсадида Ллин Селин сув омбори қурилганди. 1965 йилда сув омбор ёрилиб, водийни сув босган, ҳаммаси бўлиб 800 гектар ер сув остида қолганди. Эҳтимол, шу воқеа уэльсликларда «мустақил давлат» деган «ҳомила»ни яратгандир.


Мавзуга доир: Алвидо, Британия...ми?! (таҳлилий мақола)


2021 йил март ойида ўтказилган сўровномада Уэльс мустақиллигини рекорд даражада – 39 фоиз қўллаб-қувватлашди. Олти йил олдин ушбу ғояни қўллаб-қувватлаш 3 фоизга тенг эди. «The Guardian»нинг таҳлиларига қараганда, сўровномаларда иштирок этган 18-24 ёшдаги уэльсликларнинг 60 фоизи мамлакат Бирлашган Қиролликни тарк этишини исташган. Машҳурларнинг ҳаммиллатчилик ғоясини маъқуллаши одатий ҳолга айланиб бормоқда. Бир томондан коронавирус, бир томондан «Брексит» кутилмаганда уэльсликларнинг «оғалари»га бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди.

Мустақиллик Уэльснинг иқтисодий салоҳиятини очиб бера оладими, у иқтисодий яккакурашларга бардош бера оладими, деган савол саҳнага чиқади. Уэльслик бир сиёсатдонга кўра, 4 давлатни ихтиёрий бирлаштирадиган янги институционал бирлашма архитектураси керак. Британ сиёсатдонлари пандемиягача бунга эътибор ҳам бермаган эди, бироқ…

Уэльс Шотландиядан илҳомланган кўринади

Шотландиянинг иккинчи мустақиллик референдуми ҳақидаги мунозараларнинг бошланиши Уэльс учун янада долзарб бўлиб қолди. Шотландия ҳукуматининг 2017 йилдаги ҳаракатлари Уэльс сиёсатчилари давлатнинг конституциявий келажаги тўғрисида «миллий баҳс» ўтказишига сабаб бўлди. Шотландиянинг Буюк Британияни тарк этиш имкониятини инобатга олган ҳолда, мустақиллик масаласини кўриб чиқиш кераклиги таъкидланди.

Уэльс мустақиллигини қўллаб-қувватловчи сайловчилар ҳукуматнинг коронавирус инқирозига қарши чораларини Вестминстерга қараганда кўпроқ маъқуллашади. Бу ўзини ўзи бошқариш органларига ишончнинг кучайиши билан боғлиқ, дейилмоқда таҳлилларда.

Мустақиллик масаласи Шотландияга қараганда инглизлашиб кетган Уэльс сайловчиларни камроқ ўйлантиради. Уэльсликларнинг тахминан тўртдан бири келажакдаги мустақиллик референдумида қатнашиш истагини билдирган.

Уэльс партияларининг мустақилликка бўлган позицияси

Уэльс партияларининг аксарияти, шу жумладан лейбористлар, консерваторлар, либерал-демократлар «Брексит» ва чуқур пандемиядан сўнг мустақилликни қўлловчи тарози «палласи»га ўтишди. Британ сиёсий партиялари бунга қарши чиқишмоқда. Уэльсдаги Лейбористлар децентрализимни, Британия конституциясини «янада пухта федерал ислоҳот» ўтказишни қўллаб-қувватлашди. Уэльс консерваторлари эса кейинги конституциявий ислоҳотларга қарши. «Ўз тақдирини ўзи белгилаш тўғрисидаги акт»га асосанган ҳолда 2026 йилда референдум ўтказилиши мумкин. Буни уэльслик лидерлар аллақачон ўйлаб қўйишгани ҳақида маълумотлар бор.

Уэльс тўғрисидаги 2017 йилги қонунга биноан, Уэльс парламенти Вестминстерга тегишли бўлган «Уэльс ва Англия миллатлари иттифоқи» билан боғлиқ қонунларни қабул қилишига йўл қўйилмайди. Бу Уэльс мустақиллиги билан боғлиқ ҳар қандай референдум Вестминстер томонидан маъқулланиши кераклигини англатади. Энг муҳим ва асосий тўсиқ ҳам мустақилликни легаллаштиришдир.

Сўнгги бир неча йил ичида Буюк Британияни Шотландиясиз истиқбол кутмоқдами ёки йўқми деган мунозаралар авж олди. Аммо Уэльссиз ҳам Британиянинг келажагини тасаввур қилиб кўринг-чи?

Уэльсда мустақиллик ҳали ҳам озчиликнинг нуқтаи назари, аммо уни амалга оширишга қаратилган кампания йўқ, дегани эмас. Буюк Британия собиқ бош вазири Тереза Мэй томонидан 2019 йил июл ойида иттифоқни мустаҳкамлаш бўйича ҳукумат шарҳини тайёрлаш учун топширилгани маълум, демак, Англия Уэльсдаги вазиятдан хавотирда.

BBCга кўра, Борис Жонсон Тереза Мэйнинг ўрнини эгаллагач, Вестминстер-Кардифф муносабатлари ёмонлашган. Буюк Британия ҳукумати коронавирус ва Брексит каби масалаларда мунтазам алоқалар мавжудлигини айтган бўлса-да, бу етарлича барқарорликни таъминламаяпти. Хуллас, Уэльс «жигарбанди»ни тарк этадими ёки йўқ буни келажак кўрсатади.

Буюк Британия суверентети қай даражада мустаҳкам?

1991-1995 йилларда кўп миллатли давлатлар парчаланиб кетди. Югославия 150 минг кишининг умрига зомин бўлган фуқаролар уруши йўли билан, Чехословакия эса тинч йўл билан тарқалди. Орадан 20 йил ўтиб яна катта давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги хавф остида қолмоқда. Шубҳасиз, ХХI асрда содир бўлиши мумкин бўлган энг катта бўлиниш Буюк Британиянинг парчаланиши бўлиши мумкин.

Буюк Британия сиёсатдонлари Шимолий Ирландия протоколи ва ички бозор тўғрисидаги қонун лойиҳасини яратиш орқали ўз суверенитетини сақлаб қолмоқчи. Бироқ ушбу ҳужжатлар кутилган натижани бермаса, Буюк Британия Шимолий Ирландияни курашсиз бой бериши мумкин.

Бирлашган Қироллик лойиҳасини сақлаб қолишга интилиш Британия империясининг носталгияси эмас, балки Вестминстер тизимини тиклашдир. Умуман олганда, британлар Вестминстерни сақлаб қолиш учун кўп нарсани қурбон қила олишади. Ҳиндистонга мустақилликнинг берилиши, Африка колониялардан воз кечилиши ҳам ушбу тизим учун «чиқарилган қон» эди.

Шотландиянинг тақдири эса Шимолий Ирландиядан фарқ қилади. Шотландия иттифоқда ўзини қолганлардан кўра «ўгайроқ» ҳис қилиши ҳам бор гап. Шотландларнинг БҚдан чиқиши британ маданиятининг катта қисми йўқотилишига сабаб бўлади. Ички бозор қонун лойиҳаси иттифоқнинг тақдирига жиддий таъсир қилиши кутилмоқда.

Борис Жонсон шу кунгача Шотландиянинг мустақиллиги бўйича референдумлар ўтказилишини рад этиб келди. Эдинбург эса мустақилликни бир томонлама эълон қилишни истамайди. Расмий Лондон Эдинбургнинг мустақиллигини қўлламаса ҳам, қаттиққўллик билан ёндашиши кутилмаяпти. Гап шундаки: хорватлар ва серблар, руслар ва украинлар, руслар ва грузинлар, арманлар ва озарбайжонлар, испанлар ва каталонлардан фарқли равишда британлар ўзаро бир-бирларига зарар етказишни исташмайди.

Уэльс иттифоқни тарк этмаслиги кераклигига сабаблар кўп. Энг биринчи сабаб Қироллик тожига меросхўрликдир. Британия тахтига ворислик насл-насаби, жинси, қонун ва дин билан белгиланади. Қонунга биноан, тож сувереннинг фарзандлари ёки сувереннинг энг яқин кафил линияси томонидан мерос қилиб олинади. Қиролича Елизавета II меросхўри унинг тўнғич ўғли, Уэльс шаҳзодаси Чарлздир. Ундан кейинги ўринда Уэльс шаҳзодасининг тўнғич ўғли, Кембриж герцоги шаҳзода Уилям туради. Учинчи ўринда Кембриж герцогининг тўнғич фарзанди шаҳзода Жорж, сўнг унинг синглиси малика Шарлотта ва унинг укаси шаҳзода Луи, олтинчи қаторда Уэльс шаҳзодасининг кенжа ўғли Суссекс герцоги шаҳзода Гарри меросхўрдир. Кўриниб турганидек, олтита меросхўрдан 5 таси Уэльс шахзодалари. Бу Уэльснинг иттифоқни ҳар қандай ҳолатда тарк этишини қийинлаштиради.

Конституцияни федерализациялаш сценарийси

Пандемия Буюк Британиянинг конституциявий меъморчилигидаги зиддиятларни янада кучайтирди. Бу даврда ҳар бир иттифоқ аъзоси фарқли соғлиқни сақлаш сиёсатини олиб борди. Пандемия даврида бош вазир Борис Жонсон «ёлғиз Англия учун қайғурди» деган фикрлар пайдо бўлди. Бу шовинистик қарашларни «қитиқлаб» қўйди.

Буюк Британия учун юмшоқроқ вариант ҳам бор. Бу – иттифоқ кўринишини ўзгартириш. Энг мақбул йўл сифатида федерализм танланмоқда. Конституциянинг федерализациялашган талқини иттифоқнинг яхлитлигини сақлаб қолиши айрим келишмовчиликларга йўл қўйиши мумкин, аммо бу энг хавфсиз йўл сифатида кўрилмоқда.

Иттифоқни марказлаштириш

Борис Жонсон 2019 йилда бош вазир бўлганидан сўнг ўзига «иттифоқ вазири» унвонини берди. «Брексит» билан ишлашда янги бош вазирнинг кўпроқ марказлаштиришга мойиллиги кўриниб қолди. Янги декадада Англия иттифоқнинг ҳақиқий марказига айланиши лозим. «Брексит»нинг асосий сабабларидан бир ҳам айнан Лондоннинг халқаро молия маркази мақомини йўқотаётгани билан боғлиқ эди. Бундай шуҳратпарастлик нафақат ЕИ билан алоқани узишга мажбур қилди, балки бугунга келиб Бирлашган Қироллик тақдирини ҳам сўроқ остига қўймоқда.

Алвидо, Британия (ми?)

Буюк Британия инсоният цивилизацияларининг муҳим нуқтаси эканлигини инкор этиб бўлмайди. У бугунги кунда дунёдаги бешинчи, Европада Германиядан кейин иккинчи ўринда турувчи йирик иқтисодиёт ҳисобланади.

Дунёдаги энг йирик молия марказларидан бири — Лондон 2020 йилда «Global Financial Centers Index»да Нью-Йоркдан кейин жаҳонда 2-ўринни эгаллаганди. Лондон, шунингдек, Европадаги энг йирик ЯИМга эга шаҳар. Эдинбург 2020 йилда эса Глобал молиявий марказлар индексида Ғарбий Европада 6-ўринни, дунёда 17-ўринни эгаллади.

Умуман олганда, Буюк Британиянинг ҳозирги дунёда тутган ўрнини санасак, жуда узоқ вақт сарф қилишимиз мумкин. Шимолий Ирландия ҳам, Шотландия ҳам, Уэльс ҳам Британиядан чиқишга у даражада муҳтож эмас. Аҳамиятлиси шундаки, бу бўлиниш содир бўлган тақдирда ҳам ҳеч қайсиси учун «Мустақиллик уруши» бўлмайди. Буюк Британия нафақат ўзининг давлатчилик тузилмаси, балки ўз таълим, иқтисодиёт, қонунчилик соҳасида ҳам бир бутунликни касб этадиган бўлинмас бирлик сифатида жаҳонга танилиб бўлди. Энди уни айро тасаввур қилиш қийин. Барибир Британия деганда бўлинмас тўрт давлат кўз олдимизга келаверади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг