Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АКТ вазири бойсунлик ёшлар билан учрашди (видео, фото)

Мамлакатимизда ҳар йили 30 июнь — «Ёшлар куни» байрами сифатида кенг нишонланади. Ана шу байрам арафасида, 26 июнь куни Бойсун туманидаги 1-касб-ҳунар мактабида «Вазир, ҳоким ва ёшлар учрашуви» бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ва Бойсун тумани ҳокими Асқарали Жўраев иштирок этди.

Мактабга кираверишда бойсунлик ҳунармандлар, ёшларнинг қўл меҳнатлари билан яратилган миллий маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Меҳмонлар эътиборини картон қоғоздан ясалган машиналар ўзига тортди. Уни тумандаги 5-мактаб ўқувчиси Комрон Акмалов ясаган. Қизиғи, бу машиналар ҳаракатланади. Комрон ўз машиналари ҳақида шундай жўшиб гапирдики, унинг иқтидори, интилишига беихтиёр тасанно айтасиз.

Учрашувни Бойсун тумани ҳокими Асқарали Жўраев очиб, кейинги уч-тўрт йилда туманда ахборот технологиялари соҳасида сезиларли ишлар қилинганини эътироф этди. Шундан сўнг АКТ вазири Шуҳрат Содиқов сўз олиб, мард Алпомишлар, гўзал Барчинойлар юрти Бойсунда кўзи ёниб турган шижоатли ёшлар билан учрашаётганлигидан мамнунлигини билдирди.

«Вазирлик жамоаси сиз азиз ёшларнинг нафақат саволларингизга жавоб беришга, балки таклиф ва ғояларингизни амалга оширишга камарбаста бўлиш учун келган, – деди Шуҳрат Содиқов. – Шунинг учун таклиф ва ғояларингизни айтишдан тортинманглар».

Аввалида бироз тортиниб турган ёшлар бу сўзлардан кейин дадил ўз таклифларини айтишди, баъзи лойиҳаларни амалга оширишда кўмак беришни илтимос қилишди.

Бойсун туманида 117 минг аҳоли яшаса, уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади. Табиийки, уларнинг илм олишга, ҳунар ўрганишга иштиёқлари баланд. Саволларининг аксарияти ҳам замонавий билим олишга оид бўлди. Мазкур саволларга Тошкент ахборот технологиялари университети ва «IT-Парк» раҳбарлари жавоб беришди.

Ёшлардан илҳомланган Бойсун туманидаги 1-касб-ҳунар мактаби директори Рўзигул Холмўминова ҳам ўқув лаборатория очишда кўмак сўради. АКТ вазири бу масалада албатта ёрдам берилишини маълум қилди.

Таниқли бахши, «Шуҳрат» медали соҳиби Ўролбахши Раҳимовнинг чиқиши ҳам учрашувга ўзгача бир руҳ бахш этди.

Мулоқот давомида саволлар ҳам, таклиф ва ғоялар ҳам кўп бўлди. Учрашув якунида энг яхши таклиф, ғоя ва саволлар берган ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 май куни АКТ вазирининг хонободлик, 11 июнь куни эса қизилтепалик ёшлар билан қизиқарли учрашувлари бўлиб ўтган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг