Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ширин ўлим». Колбаса-сосискада ҳам қанд бор

«Ширин ўлим». Колбаса-сосискада ҳам қанд бор

Фото: «Domstrousam.ru»

Кўпинча спортчи, озғин ва фаол ёшлар қонида қанд миқдори ошганини тасодифан билиб қолишади. Бунга ажабланмаслик керак, чунки қанд ҳатто ширин бўлмаган маҳсулотлар таркибида ҳам бор. Уни қандай топиш ва зарарсизлантириш мумкин?

Аксарият кишилар қанд фақат торт, пирожний ва шунга ўхшаш ширинликларда бўлади деб хато ўйлашади, дейди диетолог-эндокринологлар. Қанд деярли барча қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларига қўшилади.

Салатлар учун зиравор ва қайла

Бир ош қошиқ кетчупда бир чой қошиқ (4 грамм), чили қайласида икки чой қошиқ (8 грамм) шакар бор.

Тайёр шўрва ва бўтқалар

Ўртача бир порция (100 г) тайёр шўрва ёки бўтқада 0,5 дан 7 граммгача қанд бор (брендга боғлиқ).

Ярим тайёр маҳсулотлар (колбаса, сосиска, сарделька)

Ҳатто гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳам қанд қўшмасдан иложи йўқ. Ярим тайёр угуликлар сершира, ҳақиқий «гўшт» тусини бериши учун ҳам уларга қанд қўшилади.

Нон

Қанд ноннинг барча навларида бор. Ҳатто «соғлом» ҳисобланмиш қора нонлар ҳам бундан мустасно эмас. 100 грамм ҳар қандай нон таркибида 7 дан 10 граммгача шакар бор.

Ёғсизлантирилган сут маҳсулотлари

Бундай маҳсулотлар ёғ билан бирга таъм сифатини ҳам йўқотади. Ишлаб чиқарувчилар уларга ширинлик қўшишдан ўзга чора тополмайди. Тўғри, қадоққа глюкоза, лактоза, фруктоза ва ҳоказо деб ёзиб қўйишади. Алданиб қолманг — улар ҳам қанд ҳисобланади.

Фойдали ширинликлар

Фитнес-батончиклар, қуруқ мевалар ва ҳоказолар нафақат юқори калорияга эга, балки таркибида қанд ҳам бисёр.

Ширин ичимликлар

Улар таркибида қанд кўплиги бўйича мутлақ рекордчилар. Ширин газланган ичимлик, мевали шарбат ва нектарлар таркибида қанд кўплиги бўйича конфет ва пирожнийлардан қолишмайди. Бир стакан узум шарбати, мисол учун, калорияси бўйича бир порция шоколадли тортга тенг. Одатда инсон тановул қилаётган десерт миқдорини назорат қила олади, лекин ширин ичимликни симираётганда сезгирликни йўқотади. Шунинг учун ҳам «суюқ калория» «қаттиғидан» кўра даҳшатлироқ.

Таомномадан қандни буткул чиқариб ташлаш мумкинми?

Бунинг иложи йўқ. Қанд фойдали маҳсулотлар (мева-сабзавотлар, ёрмалар ва ҳоказо) таркибида ҳам бор. Улардан воз кечиб бўлмайди. Устига-устак, шифокорлар ҳам «қанддан тўлиқ сақланишни» маъқулламайди. Глюкоза ва тезкор углеводлар танқислиги ҳафсаласизлик ва асаббузарликларни келтириб чиқаради. Бу, айниқса, шусиз ҳам стрессли вазиятдаги кишилар учун хатарли. Ширин маҳсулотларни истеъмол қилганда бош мияда жойлашган қониқиш марказлари фаоллашади, улар туфайли хурсандчилик ҳисси келиб чиқади.

Бироқ қанд фақат «терапевтик дозада» фойдали. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти, масалан, кунига 50 граммгача қанд истеъмол қилишни тавсия этади (10 – 12 чой қошиқ). Бунга нафақат шакарнинг ўзи, балки маҳсулотлардаги яширин қандлар, шунингдек, қўнғир (шакарқамиш) қанд ҳам киради: уни кўпчилик фойдали ва безарар маҳсулот деб билади.

Бундай қанд таркибида чиндан ҳам фойдали микроэлементлар бор, бироқ ҳатто табиий шакарқамиш қандини ҳам (уни дўконлардан топиш осон эмас) парҳезбоп деб бўлмайди. Бу ҳам худди рафинадланган оқ шакарга ўхшаган углевод.

Кўп ширинлик еганда диабет орттириб олиш мумкинми?

Тадқиқотларга кўра, 30% одамлар ҳатто ширинлик кўп еб, кам ҳаракат қилган тақдирда ҳам, диабет ривожланмайди.

Бироқ инсулин резистентлик генини ташувчи аксарият одамларда, аксинча,  ҳужайралари глюкозани ҳазм қилмай қўяди, бу қонда қанд миқдори ошишига олиб келади. Агар бундай одам нотўғри овқатланса ва жисмоний юкламага эътибор бермаса, унда диабет ривожланиши эҳтимоли ортади. Шу боис, вазн тўплашга мойил кишилар кам калорияли парҳезга (кунига 1500 – 800 ккал) ўтишлари ва қонда қанд миқдорини назорат қилишлари зарур.

Диабетни ташхисловчи энг ишончли таҳлил — гликирли гемоглобинга тест бўлиб, у 2-3 ойда қонда ўртача қанд миқдорини кўрсатиб беради.

Ушбу тест мунтазам топшириб турилса, касалликни диабетдан олдинги босқичда фош этишга кўмаклашади. Чунки бу вақтда аломатлар умуман кузатилмайди, қонда қанд миқдори меъёрда юради (5,8 – 6,1 ммол/л), фақат инқирозли кўрсаткичга етмаган бўлади (7 ммол/л.дан юқори).

Диабетдан олдинги босқични тўғри овқатланиш ва етарлича жисмоний фаол бўлиш орқали тўлиқ бартараф этиш мумкин. Маълумки, клетчатка истеъмол қилиш ва кунига 2 соат жисмоний юклама диабетнинг ривожланиш хавфини 14% га камайтиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг