Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Эконометрик методология ва ўн тўртинчи йирик иқтисодиёт» – Флиндерс университети профессори билан суҳбат

«Эконометрик методология ва ўн тўртинчи йирик иқтисодиёт» – Флиндерс университети профессори билан суҳбат

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервьюларни давом эттирамиз. Бу галги суҳбатдошимиз Австралиядаги Флиндерс университети профессори Жаҳонгир Қаҳҳоров.

Қаҳрамонимиз Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат шарқшунослик университетида бакалавр, АҚШдаги Колумбия университетининг магистратура босқичида таълим олган. Шунингдек, Австралиядаги Гриффит университетида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган.

Бир йил кечроқ таҳсил олишни якунладим

Тошкент шаҳрида туғилиб-ўсганман. Пойтахтдаги 136-мактабда ўқиганман. Болаликдан спорт, математика ва чет тилларига қизиқишим юқори эди. Бир сафар рус тили бўйича туман олимпиадасида иккинчи ўринни олганман. Мактаблараро енгил атлетика, баскетбол, кўпкураш мусобақаларида ҳам совриндорлар сафидан жой олиб келганман.

Мактабни 1985 йил битиргач, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг фалсафа-иқтисод факультетининг фалсафа бўлимига ўқишга кирган эдим. Маълум даражада, онамнинг файласуф бўлганлари менинг бу танловимга сабаб бўлган бўлса керак. Лекин, 1987 йил икки йилга армияга мажбурий хизматга кетишимга тўғри келди. Армиядан қайтганимдан сўнг, собиқ СССР ва Ўзбекистонда мисли кўрилмаган иқтисодий ўзгаришлар юз бера бошлаган эди. Аввалига қайта қуриш, кейинчалик бозор иқтисодига ўтиш муаммолари муҳокама қилина бошлаган. Иқтисодий масалалар мени ҳам диққатимни тортган. Шу жараёнлар таъсири натижасида иқтисодиётга қизиқишим ортган. Шу сабаб, 1991 йил ёзида, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг халқаро иқтисодий алоқалар йўналиши бўлимига ўқишимни ўтказдим. Натижада бир йил кечроқ таҳсил олишни якунлаган бўлсам ҳам, ўзим қизиққан иқтисодиёт соҳасини ўргандим.

Олийгоҳда ўқишни энг катта плюси, бизга ўша даврдаги кўзга кўринган мутахассислар дарс берган. Менга айниқса, Саида Бурханованинг маъруза дарслари ёқарди. Саида Бурханова бизга дарс берганидан бир оз вақт ўтиб, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига вазир ўринбосари қилиб тайинланган. Умуман, талабалик йилларим ажойиб хотираларга бой ўтган.

Ўқишни тугатгандан кейин мен ҳам Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида бир йил ишлаганман.

Кўпчилик ҳавас қилишарди

Магистратурага топширмоқчи бўлган пайтим қизиқ жараён рўй берган. Аниқроғи, мен Колумбия университетини эмас, Колумбия университети мени танлаган эди. Гап шундаки, Қўшма Штатларда ўқиш учун АҚШ давлати молиялаштирган Freedom Support Act/Edmund Muskie дастурига ҳужжат топширганман. Танловдан TOEFL тести, тажриба, интервью, эссе ва тавсия хатлари натижасида ўтганимдан сўнг, таълим муассасаси маъмурияти мени магистратурага танлаб олган. Бу ўзим учун жуда катта омад эди, албатта.

Яна бир эътиборли жиҳат, ўша вақтлари АҚШга кетаётган талабалар, мамлакатнинг ўзидаги инсонлар билан гаплашганимда, Колумбия университетида ўқишимни айтсам, кўпчилик ҳавас қилишарди. Чунки олийгоҳ бизнес, иқтисодиёт ва молия йўналишлари бўйича университетларнинг халқаро рейтингларида етакчилар қаторида бўлиб келган.

Турли ечимлари борлигини тушунишга имконият яратган

Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, мусофирлик, умуман хориждаги ҳаёт дунёқарашимга катта таъсир ўтказган, деб ўйлайман. Авваламбор, бу тажриба бошқа миллат вакилларини тушуниш ва тил топишни анча осонлаштирди. Турли хил иқтисодий ва молиявий масалаларни турли мамлакатларда, турли ечимлари борлигини ҳам тушунишга имконият яратган. Албатта, илк даврларда тушунмовчилик ва қийинчиликлар ҳам бўлган. Лекин, ҳозир турли мамлакат вакилларини осон тушунаман. Кўпинча хорижликни гапиришидан ва фикрлашидан қайси давлатдан эканлигини билиб оламан. Чет элда яшаш асносида кенг мушоҳада қилишга одатланганман, деб ўйлайман.

Тадқиқотим эконометрик методологияларга асосланган

Таълим соҳаси қизиқ бўлгани ва илмий изланиш қилиш иштиёқи сабаб Австаралиядаги Гриффит университетида докторантурада таҳсил олдим. Докторлик ишим меҳнат мигрантларининг пул ўтказмаларини ҳисоблаш методологияси ва унинг молиявий тизимга таъсири мавзусида бўлган. Мисол учун, менинг эконометрик методологияларга асосланган тадқиқотим, пул ўтказмалари молия тизимини ривожланишига ижобий таъсир кўрсатишини исботлайди. Хусусан, пул ўтказмалари учун комиссия, пул ўтказмалари юбориш масканлари сони ва чет эл валютаси конвертация тартиблари расмий каналлар орқали пул ўтказишга энг катта таъсир ўтказишини кўтсатади.

Молия соҳасида маърузалар ўқийман

Ҳозир Флиндерс университетида молия соҳасида маърузалар ўқийман ва тадқиқотлар олиб бораман. Олийгоҳ Жанубий Австралиянинг Аделаида шаҳрида жойлашган бўлиб, XIX аср бошларида Жанубий Австралия қирғоқларини ўрганган ва тадқиқ қилган британиялик навигатор ва сайёҳ Метью Флиндерс шарафига номланган.

Муассасамиз инновацион тадқиқот университетлари (IRU) гуруҳининг аъзоси. Академик жиҳатдан университет фанлараро ёндашувни яратган ва унинг тиббиёт ва гуманитар фанлар факультетлари мамлакатнинг энг яхши 10 талигидан жой олган.
Дунёнинг энг яхши университетлари 2021 йилги Times Higher Education рейтинги Флиндерсни дунё бўйича 266-ўринга қўйган. Quacquarelli Symonds рейтинг агентлиги Флиндерс университетини 2023 йилдаги QS Recognition of Internationalization мукофотлари билан бутун дунё бўйлаб тўртта совриндорларидан бири, деб атади.

Дунёдаги ўн тўртинчи йирик иқтисодиёт

Австралия юқори даромадли иқтисодиётга эга ривожланган давлат. 2022 ҳолатига кўра, у аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад бўйича тўққизинчи ўринни эгаллаган дунёдаги ўн тўртинчи йирик иқтисодиётдир. 2021 йилда Австралия инсон тараққиёти бўйича бешинчи ўринни эгаллади. Австралия ҳаёт сифати, демократия, соғлиқни сақлаш, иқтисодий эркинлик, фуқаролик эркинликлари, хавфсизлик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича дунёда етакчи поғоналардан бирини эгаллайди. Унинг барча йирик шаҳарлари глобал қиёсий яшаш сифати бўйича юқори кўрсаткичларга эга.

Қолаверса, мамлакатнинг айниқса кончилик, қишлоқ хўжалиги, хизмат соҳаси (авваламбор туризм ва таълим) ва инфратузилма яхши ривожланган.

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда иқтисодиёт ва молия соҳасида авваламбор эркинлик, рақобат, давлат аралашувини чеклаш, қонун устуворлигини таъминлаш (бунинг учун биринчи навбатда қонунларни такомиллаштириш лозим) ва коррупцияга қарши курашиш керак. Олий таълимда ўқитиш жараёнини ҳар бир соҳанинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қайта қуриш мақсадга мувофиқ. Энг муҳими эса тадқиқотларга имконият яратиб (маълумотлар ва статистика базалари) академик эркинликни яратиш зарур.

Ҳаётда ҳар доим курашишга ўргатади

Мен энг яхши кўрган китобларим сирасига Жек Лондоннинг «Love of Life» (Ҳаётга муҳаббат) ва Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» кабилар киради. Биринчи китоб ҳаётда ҳар доим курашишга ўргатади, иккинчиси инсон психологиясига назар ташлашга имконият беради. Энг яхши кўрган фильмларим сифатида «The Shawshank Redemption» (Шоушенкдан қочиш), «The Godfather» (Чўқинтирган ота), «Ўн икки стул» кабиларни айтишим мумкин. Биринчи фильм ҳар кандай шароитда умид қилиш ва курашишга ўргатади, иккинчи фильм инсон характерига чуқур назар ташлайди, учинчиси эса кулдиради.

Келажакдаги режаларимга тўхталадиган бўлсам, Ўзбекистон ва Австарлияда мавжуд шунингдек, янги вужудга келаётган муаммоларга ечим топишда тадқиқотларим ва машғулотларим орқали ёрдам беришни ният қилганман.

Нурилло ТЎХТАСИНОВ суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг