Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

 «Америка орзуси»дагиларни алдаб пул ундирганлар ушланди

 «Америка орзуси»дагиларни алдаб пул ундирганлар ушланди

ДХХ уч ҳолатда фуқароларни алдаб, уларнинг ишончига кириб, АҚШга жўнатиш эвазига катта миқдорда пул ундирган шахсларни қўлга олди.

Хусусан, ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган шахс ўзганинг ишончига кириб, 30 минг АҚШ доллари эвазига танишлари орқали уни Америка Қўшма Штатларига юборишини айтиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Бошқа бир ҳолатда эса Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахс Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида истиқомат қилувчи, 1981 йилда туғилган фуқаронинг ишончига қириб, танишлари ёрдамида уни Қўшма Штатларга юбориш эвазига 21 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Ғаллаорол туманида ўтказилган тезкор тадбирда, у 10 минг АҚШ доллари ва 100 млн. сўм олган вақтида ушланди.

Тошкент шаҳрида қайд этилган ҳолатда, нуфузли университетлардан бирининг талабаси юқори ташкилотда ишловчи танишлари орқали Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида яшовчи фуқарони Америкага юбориш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.

Таъкидлаш лозимки, ҳар уччала ҳолатда фуқароларга «Ўзбекистон – Туркия – Европа – Мексика – АҚШ» йўналишида Қўшма Штатларга ишлаш учун юбориш ваъда қилинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг