Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Йўқотилган Александрия: Амударё қирғоғидаги Искандар Мақдуний қалъаси

Йўқотилган Александрия: Амударё қирғоғидаги Искандар Мақдуний қалъаси

2019 йилнинг 22-27 август кунлари Тошкент, Термиз ва Самарқанд шаҳарларида «Ўзбекистон — буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин маданият» мерос ҳафталиги бўлиб ўтади. Ушбу ҳафталик доирасида 24-25 август кунлари Термиз шаҳрида «Ўзбекистон — цивилизациялар чорраҳаси» номли халқаро археология форуми ўтказилиши кўзда тутилган.

Айтиш керакки, мерос ҳафталиги меҳмонларини Термизда кўплаб ҳайратга солувчи кашифиётлар кутмоқда. Улардан бири Оксиана Искандарияси – Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий археологик ёдгорликларидан бири Кампиртепа шаҳарчаси билан боғлиқ. Бу милоддан аввалги IV аср охири ва милоддан аввалги I асрга қадар мавжуд бўлган Амударё соҳилидаги (қадимда Окс) порт шаҳар харобаларидир.

Ҳафталик иштирокчиларига академик Э.Ртвеладзе бошчилигидаги нуфузли ўзбек олимлари томонидан сўнгги йилларда олиб борилган улкан ишлар натижалари илк марта айнан шу ерда эълон қилинади.

Кўп йиллар давомида илмий жамоатчилик вакиллари «Оксиана Искандарияси қаерда - Эски Термиздами, Ой-хонумдами ёки Кампиртепада?» деган савол атрофида мунозара олиб боришган. Конгресс давомида жаҳон илм-фан ҳамжамияти, жамоатчилик ва ОАВ вакилларини қадимий грек тарихчиси ва географи Птолемей асарларида ёдга олинган ва эллинистик маданиятнинг Марказий Осиёдаги ғаройиб ёдгорлиги саналган афсонавий Оксиана Искандарияси Кампиртепа шаҳарчаси экани борасидаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган маълумотлар кутмоқда.

Ушбу тахминни тасдиқловчи археологик маълумотлар орасида энг аввало, Окс бўйлаб ғарбдан шарққа 400 метрдан ортиқ масофага чўзилган порт-шаҳарнинг ўлчамлари, шунингдек, мустаҳкам фрурион – эшикли, кўча ва ибодатхонага эга, θησαυρὸς (қурбонликлар, муқаддас нарсаларни сақлаш жойи), маёқли портни ўз ичига олган некрополь ва бандаргоҳ, ривожланган шаҳарсозлик тузилмаси, савдо нуқталари ва ҳунармандлар устахоналаридан иборат кемалар тўхтайдиган жой алоҳида аҳамият касб этади.

Олимлар томонидан уч шаҳарча – Ой-Хоним, Эски Термиз ва Кампиртепанинг таҳлил этилган маълумотлари шуни кўрсатадики, фақат Кампиртепадагина иккита шаҳардан фарқли равишда македониялик Искандарнинг милоддан аввалги 329–327 йилларда майдони ўлчамлари бўйича катта, ривожланган шаҳарсозлик тузилмасига, қудратли истеҳкомлар ва капитал иншоотларга эга Трансоксианага юриши ҳақида гувоҳлик берувчи ишончли материаллар олинган. Бу афсонавий Оксиана Искандарияси экани эҳтимоли бор.

Қалъа жар билан қуршаб олинган асосий ҳарбий иншоот, қалъа девори ва минорали «қуйи шаҳар» ва маҳкамланмаган шаҳар чеккасидан иборат. Археологлар бу ердан илк эллинистик, грек-Бақтрия ва Кушон-Юэчжи даврига тегишли яхши сақланган маданий қатламларни топишган. Кўп сонли топилмалар, шунингдек шаҳар архитектурасининг ўзига хослиги Кампиртепада бир неча асрлар давомида турли маданият ва динлар тинч-тотувликда мавжуд бўлгани ҳақида гувоҳлик беради.

Бу ерда зардуштийлар, буддавийлар, маъжусийлар, шунингдек бошқа маҳаллий динлар вакиллари яшашган. Ўзбек илм-фани тарихида илк марта Мерос ҳафталиги иштирокчиларига Оксиана Искандариясининг 3D шаклидаги инсталляцияси тақдимоти ўтказилади. У қадимий шаҳарчани тиклайди ва ушбу археологик ёдгорлик билан унинг илк кўринишида батафсил танишиш имконини беради.

Шунингдек, кенг жамоатчиликни тарих ва маданиятнинг машҳур ёдгорликлари билан таништириш учун чўнтак китобчаси – pocket book шаклидаги «Оксиана Искандарияси (Кампиртепа)» ва «Кушонлар: сулола, халқ, ёзув» рисолалари тақдим этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг