Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Қонли гуллар водийси: Мадаминбек» романи муаллифи билан суҳбат

«Қонли гуллар водийси: Мадаминбек» романи муаллифи билан суҳбат

Фото: «Xabar.uz»


Муаллиф ҳақида:

Бахтиёр Расулов (Бахтиёр Абдуғафур) 1980 йили Наманган вилоятининг Уйчи тумани Ёрқўрғон қишлоғида туғилган. Биология фанлари номзоди, катта илмий ходим. Айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси мудири вазифасида ишлаяпти.

Б.Расулов жуда кўплаб илмий ишлар, тадқиқотлар муаллифи, халқаро лойиҳалар фаол қатнашчиси. Хитой, Япония, Швейцария каби мамлакатларга маъруза ўқишга чақирилган.

У 100 га яқин илмий, илмий-оммабоп мақолалар эълон қилган, 1 та патент муаллифи.

Энди Бахтиёр Расулов фаолиятининг иккинчи — биринчисидан ўтса-ўтадиган, асло қолишмайдиган саҳифасини очамиз: бадиий ижод.

Шу кунгача «Қонли гуллар водийси: Мадаминбек», «Султон Жалолиддин Мангуберди», «Узбечка» тарихий романлари, болалар ва ўсмирлар учун «Оламлар кураши. Маликанинг машъум битиги» эртак-қиссаси, «Алкимёгарлар жанги», «Олтинчи йўлак», «Қуёш Мағрибга ботади» қиссалари эълон қилинган. «Шарқ юлдузи»да босилган «Кибр минораси» асари 2015 йилнинг энг яхши қиссаси дея эътироф этилди. Даврий нашрлар, жумладан «Шарқ юлдузи», «Ёшлик» журналлари, «Китоб дунёси», «Сўғдиёна», «Бекажон», «Даракчи» каби газеталарда насрий асарлари бериб борилмоқда.


— Роман ёзилиш тарихи қандай бўлган?

— Романни ёзишдан аввал унинг тахминий сюжети, кўриниши, бўй-басти бор эди. Уни қандай бадиийлаштириш, рамзий воқеалар ҳаммаси миямда айланарди. Жумладан, мен айтмоқчи бўлган асосий ғояни кимга юклаш, уни тарихий воқеалар асосида бериш хаёлимда ўз-ўзидан ривожланарди. Кўз ўнгимда қўрбошилар гавдаланар, бир-бирлари билан суҳбатлашишарди, жанг саҳналари ўтарди. Шу тариқа, Абдулла Қодирий домла айтганларидек, «ҳавасимда жасоратландим». 2003 йил январида асарнинг дастлабли бобларини қоғозга тушира бошладим. Қўқондаги «Дахмаи Шоҳон» қабристони. Ундаги янги қабр. Романнинг бош қаҳрамонларидан бири Мақсудбек Иброҳимбек ўғлининг отаси қабри пойида кўз ёшлари. Қўқондаги қирғин, хунрезлик. Яқинда мадрасани тамомлаб, отасининг пахта заводини қуриш орзусида юрган шоиртабиат йигитнинг қўлига қурол олиши ва Фарғонанинг энг йирик қўрбошиси Муҳаммад Аминбек Аҳмадбек ўғли — Мадаминбекнинг хизматига кириши ёзилди. У ёғи энди тарихий манбалар асосида ёзиш давом эттирилди.

Аслида, юрт ва миллат қайғусида майдонга чиққан мард бек боболар ҳақида сўз айтаётганда доимо бир нарса истиҳолада ушлаб турарди: уларнинг тарихини, кечмишини, орзу-армонларини тўғри етказиб бера олармиканман? Шунча вақт ёмонотлиқ қилинган асл фидойиларни, миллат жонкуярларининг сиймосини холис ёрита оламанми-йўқми? Буни қанчалик уддаладим, ҳурматли ўқувчиларнинг ҳукмига ҳавола.

— Роман бош қаҳрамони, Фарғона қўрбошиларининг сардори Мадаминбекнинг бошқа буюк аждодларимизга ўхшаш томонлари борми?

— Тарихимиз буюк аждодларга тўла. Жаҳон тарихидаги сиймолардан кўп жиҳатларидан фарқ қилишади. Масалан, Амир Темур бобомиз нафақат моҳир саркарда, балки дин ҳимоячиси, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида майдонга чиқади. Буюк Бобурийлар салтанатини тузган Заҳириддин Муҳаммад Бобур жасур жангчи, зукко қўмондон ва айни вақтда, нозиктаъб шоир бўлган. Мен тарихини ёзишган бел боғлаган Мадаминбек эса, истиқлол курашчиси бўлиш билан бир қаторда, ҳассос шеър мухлиси ва ҳофизи Қуръон бўлган. Вақти келганда жангларда аёвсиз курашган, душманга нисбатан муросасиз бўлган, вақти келганда Фузулийнинг девонини варақлаган, қўрғондаги хос ҳужрасига чекиниб Қуръон тиловат қилган. У ҳақда халқ орасида шеърлар тўқилган. Шулардан бирини эътиборингизга ҳавола қилсам:

Муҳаммад Аминбек салoмат бўлсин,

Вужуди ҳамиша фарoғат бўлсин.

Худoни ҳабиби рафoқат бўлсин,

Тамoми иши ҳам карoмат бўлсин,

Қилган кoри-бoри ибoдат бўлсин.

Ҳуруж айлади Марғинoн шаҳридин,

Ҳамма бўлди ҳайрoн мунинг аҳдидин.

Мубoрак oтидир Муҳаммад Амин,

Анга дер ҳамма oфарин, oфарин,

Бу куффoр элига шижoат ўлсин.

Азиз жoнини беқарoр айлади,

Ғазoтга ўзини нисoр айлади,

Кишининг аҳдига хўб вафo айлади,

Набию валиларни ёр айлади,

Қилган кoри-бoри ибoрат бўлсин.

Асарда яна шундай эпизод бор. Матнини келтираман:

«...Амирлашкарнинг ҳамон машварат хонасидан чиқмаётганидан хавотирланган Мақсудбек эшикнинг ёнига келиб, аста очди-ю чироқ қаршисида чуқур хаёлга ботган, қошлари уюлиб, ўртасида тугунчак ҳосил бўлган Мадаминбекни кўрди. У Мақсудбекнинг қараб турганини сезмади. Сезадиган аҳволда ҳам эмасди. Мақсудбекнинг ёдига Мадрасайи Мирда толиби илмлигида хатм қилган «Тарихи Алимқули амирилашкар»даги воқеа тушди. Хоннинг оталиғи Алимқули амирлашкар уч кеча-ю уч кундуз Тошканд ўрдасидаги хонасидан чиқмай, Кошғарга кимни ноиб қилиб тайинлаш масаласида бош қотиради. Чироқ қаршисида ўйга чўмган Мадаминбекнинг сиймосида у Алимқули амирлашкарнинг қисматини ўқигандек бўлди. «Миллат юки елкасига тушган саркардаларнинг қисмати ҳам ўхшаш экан!» — туйқус кўнглидан ўй ўтди. У Мадаминбекка ҳалақит бермаслик учун эшикни аста ёпди. Амирлашкарни хаёллари билан яна ёлғиз қолдирди...»

Романда ёзилганидек, миллат юки елкасига тушган саркардаларнинг қисмати ҳам ўхшаш, ҳайратланарлиси, ўша аждодларимизнинг қисматига Мадаминбек ҳам шерик бўлганини кўришимиз мумкин.

— Тарихий асарларни ёзиш машаққатли иш. Тарихий манбаларни ўрганиш, уларни ягона тизимга солиш оғир кечмаганми?

— Тўғри, тарихий мавзуда ёзиш осон эмас. Эмин-эркин ёза олмайсиз, маълум тарихий ҳақиқат асосида воқеаларни тасвирлайсиз. Миллий-истиқлолчилик ҳаракати нисбатан яқин тарих. Биргина большевиклар ва шўро ҳукуматига қарши кураш 1917-1938 йилларни ўз ичига олади. Бу даврни тадқиқ этган жуда кўплаб академик нашрлар — монографиялар, китоблар, тўпламлар, мемуарлар эълон қилинди. Архивларга ўша давр ҳужжатлари киритилди. Мавзуни ёритилиш нуқтайи-назаридан бу нашрларни иккига бўлсак бўлади: собиқ шўро ва мустақиллик даври адабиётлари. Шунингдек, ҳорижга чиқиб кетган ватандошларимизнинг ҳам асарлари бўлган. Айнан улар ва мустақиллик даврида эълон қилинган адабиётларни холис десак бўлади. Сабаби, шўро тарихчилиги қоралаган бу ҳаракат ва унинг қаҳрамонлари айнан мустақиллик даврида оқланди. Имкон қадар барча манбаларни, архив ҳужжатларини ўрганишга ҳаракат қилдим. Улар асосида истиқлолчилик курашининг асосий қаҳрамонлари ва жараёнларини ўзимда тиклашга уриндим. Романнинг узоқ муддат ёзилиши сабаби ҳам шунда. Манбаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш анча вақт олган. Одатда тарихий асарлар шундай ёзилади. Жанг бўлган жойларни бориб кўрдим, тарихий жойларни ўргандим.

— Бу изланишларда барибир кимдандир ёрдам сўрагансиз, маслаҳатлашгансиз. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Албатта, тарихчиларнинг ёрдами катта бўлган! Жумладан, ЎзР ФА Тарих институти профессори Қаҳрамон Ражабов, Андижон давлат университети профессори Рустамбек Шамсутдиновларнинг маслаҳатларини олдим. Мен роман ёзилишида Қаҳрамон Ражабовнинг катта ёрдамини алоҳида эътироф этишим керак. Қаҳрамон ака асар қўлёзмасини қайта-қайта ўқиб чиқдилар, маслаҳатлар бердилар. Шунингдек, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи катта илмий ходими Отабек Жўрабоев қўлёзмани ўқиб, таҳрир масалаларида ёрдамларини аямадилар. Фурсатдан фойдаланиб, бу инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

— Ўзаро суҳбатларда роман анча йиллар босилмаганини айтиб ўтган эдингиз. Нега бундай бўлди?

— Романни 2003-2009 йилларда ёздим. 2009 йилда роман қўлёзмасини бир неча давлат ва ҳусусий нашриётларга олиб бордим. Ҳеч қайси нашриёт босмади. Давлат нашриётидагилар очиғини айтишди: «Мавзу қалтис, мумкин эмас!..» Ҳайрон бўлардим, нимаси қалтис бўлиши мумкин?! Истиқлол учун курашган бек йигитлар ҳақида бўлса, бу дориломон кунларга халқимиз осонлик билан етиб келмаган бўлса! Ўша нашриёт муҳаррирлари менсимай гаплашганини ҳалиям эслайман. Хусусий нашриётлар нашрнинг пулини тўласам чиқариб берамиз, дейишганди. Ўша кезлари романни чиқара олмаслигимга ишонгандим. Ноширларнинг ўз режаси бор, менда эса пул йўқ. Бундан ташқари, тирикчилик, рўзғор деган гаплар бор. Орада Исроилда Бен Гурион университетида микробиология ихтисослиги бўйича магистратурада ўқидим, 2012 йилдан Хитой Халқ Республикаси Фанлар Академиясининг физика-кимё институтида нанобиотехнология бўйича илмий ишлар қилдим. Орада номзодлик диссертациясини ёқладим. Барибир кўнглимнинг бир четида романни нашр қилиш истаги чўғ бўлиб турар, тинчлик бермасди.

2015 йилда роман қўлёзмасини Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси Наср кенгашига топширдим. Кенгаш раиси Абдуқаюм Йўлдошев асарни мақтаб, нашр учун тавсия бердилар. Қўлёзма ва тавсия хатини бир давлат нашриётига топширдим. Бу ерда ҳам пайсалга солинаверди. «Академнашр» нашриёти раҳбари Санжар Назар аканинг ёрдамида 2018 йил бошида, ёзилганидан салкам ўн йил ўтиб роман дунё юзини кўрди.

— Яна бир тарихий асарингиз «Султон Жалолиддин Мангуберди» романи «Шарқ юлдузи» журналида нашр этилмоқда. Бу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Мадаминбек ҳақидаги романимни якунлаганимдан сўнг ануштегин Хоразмшоҳлар хонадонининг буюк вакили, мард аждодимиз султон Жалолиддин Мангуберди ҳақида асар ёзишга киришдим (2009 йил). Ўтган йили романнинг биринчи китобини тугатдим ва шу йилнинг бошидан «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилина бошланди. Насиб қилса, тез орада китоби ҳам нашр этилади.

— Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат...

— Фурсатдан фойдаланиб, сизга ва «Xabar» ижодкорларига миннатдорлигимни билдираман. Ишларингизда омад, ютуқ ва муваффақиятлар тилайман.

Шуҳрат Сатторов суҳбатлашди

Изоҳлар 3

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг