Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Маънавият шахсий масала эмас

Маънавият шахсий масала эмас

Фото: «Xabar.uz»

Миллий маънавият деган тушунча бор. Бундай маънавият битта одамдан тортиб, бутун миллатгача тааллуқли бўлади. Яъни, қачонки элнинг маънавий қарашлари, диёнати, диний ахлоқий, фалсафий тасаввурлари бирлашиб яхлит ҳолга келганда, миллий маънавият ҳосил бўлади. Янаям оддийроқ тушунтирсам, битта мақолнинг яратилишида шу миллатдаги битта одам ва ҳамма билиб, билмай иштирок этади, унга эгалик қилиш ҳам шу йўсинда бўлади. Битта ўзбек халқ мақоли бутун ўзбек миллатиники, шу билан бирга меники ҳамдир. Мақол маънавият меваси бўлгани учун шундан мисол қилдим.

Бизда миллий маънавиятнинг ёзилгану ёзилмаган қоидалари шаклланган. Буни асрлар давомида халқнинг ўзи яратган. Бу қоидалар кимдир вафот этганда, кимдир туғилганда, эл бошига иш тушганда, Она ерни муқаддас билишда ва бошқа шу каби ҳолатларда кўпроқ намоён бўлади.

Халқимизда эл тушунчаси жуда азиз тушунча. Эл худбинликни, индивидулизмни, якка шумшукликни ёмон кўради. Маънавият шахсий масала эмас. У осмондан тушгандай ё ердан чиққандай бир одамнинг ичида тўсатдан пайдо бўлиб қолмайди. Одам дўконда сотиладиган аждодсиз қўғирчоқ эмас-ку. Ота-она, бобо-момо деган гаплар бор. Мен ўз ичимдаги маънавиятнинг 60 фоизини ота-онам, бобом ва момомдан олганман десам, тўғри бўлади. Қолган 40 фоизи кўриб-кечирганларим ва ўқиганларимнинг туҳфаси. Маънавият элга тааллуқли.

Маънавиятли одамларнинг бирлашувидан эл пайдо бўлади. Янаям аниқроғи, одамлар маънавиятни эмас, маънавият одамларни бирлаштиради. Маънавиятсиз одамлар бирлашса, пода пайдо бўлади. Хуллас, гап кўпу кўмир оз.

Маълумот учун: «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да маданият ва маънавият сўзларига шундай изоҳ берилган:

МАЪНАВИЯТ - арабча сўз, ахлоқий ҳолат, барча ахлоқий нарсалар, хусусиятлар. Инсониятнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, диний, ахлоқий ва шу каби тасаввурлари ва тушунчалари мажмуи.

МАДАНИЯТ - ар. цивилизация. Жамиятнинг ишлаб чиқариш, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳада қўлга киритган ютуқлари мажмуи. Арабча маданият сўзининг туб илдизи шаҳарлик, мадиналик, Мадинага хос мазмунини англатади.

Эшқобил Шукур, шоир

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг