Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фирдавс Абдухолиқов: «Айни пайтда Самарқанд, Сурхондарё, Қорақалпоғистондаги қадимий масканларнинг виртуал хариталари устида ишлаяпмиз»

Фирдавс Абдухолиқов: «Айни пайтда Самарқанд, Сурхондарё, Қорақалпоғистондаги қадимий масканларнинг виртуал хариталари устида ишлаяпмиз»

Аввал хабар берганимиздек, 10-11 декабрь кунлари мамлакатимизда «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг 2018 йил якунлари ва «Йўл харитаси-2019»ни ишлаб чиқишга бағишланган халқаро мультимедиа форуми бўлиб ўтади. Мазкур йирик анжуман арафасида лойиҳа раҳбари, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов билан суҳбатлашдик.

– Лойиҳанинг асосий мақсад ва вазифалари, ҳамкорлари ҳақида гапириб берсангиз.

–Раҳмат. Маълумки, Ўзбекистон дунё таманддунининг қадимий ўчоқларидан бири ҳисобланади. Бугун Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимиз ҳудудида яратилган ва турли сабабларга кўра, жаҳоннинг турли ҳудудларига сочилиб кетган меросимиз намуналарини излаб топиш, тадқиқ қилиш ва кенг миқёсда тарғиб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада бир қатор меъёрий ҳужатлар қабул қилинди. Бизнинг лойиҳамиз ҳам ана шу кенг қамровли лойиҳага муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган. Шу мақсадда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Маданият вазирлиги, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, шунингдек, нефть қазиб чиқариш билан шуғулланувчи «Eriell Group» компнанияси сингари йирик бизнес субъектлари билан ҳамкорликда иш олиб борамиз.

Шу ўринда бир ҳақиқатни айтиб ўтсак. Кейинги пайтларда турли давлатларда ўз ўтмишини янада салобатли кўрсатиш мақсадида тарихий маълумотларин кўпиртириш, ўзларини Буюк ипак йўлининиг маркази, тамаддуннинг энг қадимий бешиги сифатида кўрсатиш ҳоллари кузатилмоқда. Шундай пайтда биз нега жим туришимиз керак? Ҳолбуки, Ватанимиз ҳудудидан топилган осориатиқалар боболаримизнинг қанчалик буюк, оқил, доно ва жасур бўлганини исботламоқда. Бизнинг диёримиз Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган. Бу ҳудудда турли маданиятлар, тамаддунлар, қарашлар, билимлар туташган. Аждодларимиз яратган моддий ва маданий мерос намуналарини Хитойдан Ҳиндистонгача, Европадан Япониягача бўлган ҳудудлардан топилиши ҳар биримиз учун беҳад фахру ифтихор бағишлайди.

– Навбатдаги форумнинг аввалгиларидан фарқли жиҳатлари борми?

–Бу галги форум олдингиларидек илмий ва маданий қисмлардан иборат. Тадбирда лойиҳа доирасида жорий йил давомида қилинган ишлар хусусида сўз юритилиб, хорижий мамлакатларда амалга оширган илмий экспедициялар, турли шаҳарларда ўтказилган йирик халқаро анжуманларнинг натижалари кенг оммага тақдим этилади.

Шу билан бирга, «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» туркумидан чоп этилган китоб-альбомларнинг навбатдаги 10 жилди ўқувчиларга тақдим қилинади. Бу китобларда мамлакатимиз, шунингдек, Россия, Германия, Чехия, Япония, Туркия сингари мамлакатлардаги музейлар, кутубхоналар, илмий муассасаларда сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий ёдгорликлар ҳақида сўз боради. Худди шу мавзуларда суратга олинган фильмлар намойиш этилади.

Форум давомида лойиҳа доирасида фаолият юритаётган олимлар ўз натижалари ва шов-шувли топилмалари ҳақида сўзлаб беришади. Масалан, дунёга машҳур олим, тарих фанлари доктори, Ефим Резван Қуръони каримнинг Ўзбекистон ҳудудига тегишли бўлган, айни дамда дунёнинг турли ҳудудларида сақланаётган 114 та нусхаси ҳақида сўзлаб беради.

–Мазкур анжуманда «Ўзбекистоннинг 100 машҳур қўлёзма ёдгорликлари» лойиҳаси ҳам тақдим этилар экан...

–Аслида бугун дунёнинг турли мамлакатларида аждодларимизнинг ақл-заковати маҳсули бўлган минглаб нодир китоблар сақланади. Уларни бориб ўрганиш, тадқиқ этиш, кенг жамоачиликка таништириш зиммамиздаги асосий вазифалардан саналади. Айни пайтда мазкур лойиҳа бўйича бир қатор дурдона асарларнинг факсимиле нусхалари Европа технологиялари асосида кўпайтирилиб, юртимизга олиб келинди. Улар қаторида «Темур тузуклари», «Девоний Ҳусайний», «Меърожнома», «Равзатус-сафо» сингари ноёб асарларни мисол келтиришимиз мумкин.

Ушбу форумда Шарафуддин Али Яздийнинг Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи «Зафарнома» китоби ноёб нусхасининг факсимиле нусхасини тақдим этамиз. Келгусида мазкур туркумга кириши мумкин бўлган нодир асарлар рўйхатини шакллантиряпмиз.

–Бу йилги Х Ижтимоий медиа маҳсулотлар миллий фестивали айнан шу мазкур илмий анжуман билан бирга пайтда ўтяпти. Бунинг ўзига яраша сабаблари бўлса керак?

–Албатта бор. X Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивалида бевосита «Маданий мерос – Ўзбекистон бренди» ғоясини тарғиб этувчи ижод намуналари тақдим этилади. Мазкур медиа маҳсулотлар орасидан энг яхшиларини саралашда халқимизнинг бой миллий маданий мероси қай даражада асосли, қизиқарли ва гўзал тарзда тарғиб этилганига эътибор қаратилади. Мазкур фестивалнинг мутлақ ғолибига «Спарк» автомашинаси тақдим этилиши ҳам унинг қамрови, талаблари, масъулияти қанчалик юқори эканини кўрсатиб турибди.

Биз бу фестивални 10 йилдан бери ўтказиб келамиз. Унинг асосий мақсади жамиятимиздаги жиддий муаммоларга қисқа, лўнда, аниқ роликлар орқали жамоатчиликнинг эътиборини қаратишдан иборат. У атиги бир-икки дақиқа давом этади. Томошабиннинг кўп вақтини олмайди. Бундай роликларни интернетда жойлаштириш, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш, жамот жойларида, транспорт воситаларида намойиш қилиш мумкин. Муҳими, шу қисқа вақт кесимида муаллифлар йирик бир муаммо ва унинг ечимини кўрсатиб бера олишлари керак.

– Мазкур йирик лойиҳа доирасида келгуси йилда қандай режалар кўзда тутилган?

– Форумнинг иккинчи куни 2019 йилги «Йўл харитаси» муҳокама қилинади. Биз бу ҳақда жорий йилда Париж ва Деҳлида ўтказилган анжуманларимизда ҳам гапириб ўтган эдик. Марказий Осиё тарихи бўйича йирик олим Фредерик Стар яқинда Ўзбекистон тарихий гўшаларининг виртуал лавҳаларини яратиш ҳақида гапирди. Айни пайтда Самарқанд, Сурхондарё, Қорақалпоғистондаги қадимий масканларининг виртуал хариталарини – ўтмишда улар қандай кўринишда бўлганини бугунги томошабинга намойиш қилиш устида ишляпмиз.

Жорий йилда Санкт-Петербургда ўтган конгрессда дунёнинг турли ҳудудларидан 300 олимни ўзида бирлаштирган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти таъсис этилди. Дунёнинг бирор мамлакатида бундай нуфузли халқаро жамият ташкил этилмаган. Биз бу олимларнинг илмий салоҳиятидан, тажрибасидан фойдаланишимиз керак.

Масалан, Япониянинг Михо музейи мутахассиси Сергей Лаптев қадимий сопол кошинлар сирини топиш устида изланмоқда. Биласиз, юртимиздаги тарихий обидалар гумбазлари асрлар ўтса-да, ўз тусини йўқотмайдиган ўзига хос сирли кошинлар билан қопланган. Ўтмишда боболаримиз бу гумбазларга ранг беришда қандай технологиялардан фойдалангани ҳанузгача сир бўлиб қолмоқда. Лаптев эса ана шу сирни очиш арафасида. Биз эса унга қўлдан келганча ёрдам беряпмиз.

Биз келгуси йилда илмий-маданий анжумналаримизни мамлакатимизнинг кўҳна маданий марказлари – Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари бўйлаб ўтказишни режалаштирганмиз. Ушбу шаҳарларнинг ҳар бирида унинг тарихи, маданий дурдоналари, ўзига хос қадриятлари билан боғлиқ анжуманлар, кўргазмалар, тақлдимотлар ўтказилади. Бу мамлакатимизни жаҳонга янада кенгроқ танитишда катта аҳамият касб этади.

Рустам ЖАББОРОВ суҳбатлашди

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг