Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Люк Бессон Алишер Навоий ҳақидаги фильмни яратишда қатнашади

Люк Бессон Алишер Навоий ҳақидаги фильмни яратишда қатнашади

Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва «Тожикфильм» давлат муассасасининг «Жомий ва Навоий» тарихий фильмини яратиш бўйича тузилган қўшма комиссиясининг якуний йиғилишида фильм концепцияси икки давлат мутахассислари томонидан маъқулланди.

Тақдимотда Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, «Тожикфилм» давлат муассасаси директори Маҳмасаид Шохиён, шунингдек, икки давлат олимлари ва киноижодкорлари иштирок этишди.

Икки мамлакат киноижодкорлари ва олимлари томонидан тайёрланган тарихий бадиий фильмнинг кенгайтирилган синопсиси атрофлича муҳокама қилинди. Маълумки, ҳамкорликда фильм суратга олиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 10-11 июнь кунлари Тожикистон Республикасига ташрифи чоғида билдирилган ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон томонидан қўллаб-қувватланган эди.

— Бугун барчамиз Тожикистон ва Ўзбекистон халқларининг буюк мутафаккирлари, шоир ва файласуфлари — Жомий ва Навоий ўртасидаги дўстлик ҳақида бадиий фильм яратиш жараёнида иштирок этмоқдамиз, — деди Тожикистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода.

Сценарий режасини тайёрлашга Кинематография агентлиги, «Тожикфилм» давлат муассасаси, икки мамлакат Киноижодкорлар уюшмалари, Фан академиялари, Маданият вазирликлари, санъат институтлари мутахассислари, шарқшунос олимлар жалб этилган.

— Ушбу ноёб лойиҳани Янги Ўзбекистон юритаётган яхши қўшничилик ва очиқлик сиёсатининг ёрқин намунаси дейиш мумкин. Бугун биз кўплаб ижодий учрашув ва мухокамалар, баҳс ва мунозаралар, изланишлар ўтказмоқдамиз. Ушбу лойиҳа икки давлат киноижодкорлари ўртасидаги йўқолган кўприкларни тиклайди ва бизни янада яқинлаштиради. Изланишлар натижасида кўплаб тарихий ва фактологик материаллар тўпланди, бугунги кунда бутун дунёни ҳайратга солаётган, буюк мутафаккир ва шоирларимиз ижод қилган Шарқ ренессанаси даврига оид кўплаб манбалар ўрганилди. Ўтган йилнинг октябрь ойида меморандум имзоланганидан буён ишчи гуруҳнинг 15 дан ортиқ йиғилиши бўлиб ўтди. Фильмнинг асосий ғояси «Тинчлик ва маърифат ҳукм сурган жойда — тараққиёт ва фаровонлик бўлади» деган ўзгармас ва ҳикматли иборага асосланган, — дея таъкидлади Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Ўзбекистон томонидан фильмга режиссёрлик қилаётган Фурқат Усмоновнинг таъкидлашича, Кинематография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов Тошкент кинофестивали доирасида таниқли актёр Люк Бессон билан музокара ўтказган.

«Яқинда бўлиб ўтган зум-конференция давомида Люк Бессон Ўзбекистон ва Тожикистон ёш режиссёрлари билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирди ва ёш ўзбек киноижодкорларининг иштиёқидан илҳомланганлигини таъкидлаб ўтди. Келишувларга кўра, сценарий устида биргаликда ишлаймиз, у лойиҳа бўйича маслаҳатчи вазифасини бажаради. Ҳозирда у фильм сценарийсини интиқлик билан кутмоқда», — деди Усмонов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг