Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент бепарволик сабаб ўта оғир аҳволга тушган бемор ҳақида гапирди

Президент бепарволик сабаб ўта оғир аҳволга тушган бемор ҳақида гапирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар бергандик.

Унда давлатимиз раҳбари яна бир бор халқимизга мурожаат қилди. Президент коронавирус пандемиясининг оғир оқибатлари ҳақида шунча огоҳлантириш ва тушунтиришлар берилишига қарамай, айримлар ҳамон ўзи ва яқинлари соғлиғига беписанд қараётганини қайд этди.

«Нима учун мен халқимизга мурожаат қиляпман. Мана, кеча кечқурун жуда оғир аҳволда Чирчиқдан бир бемор келиб тушди. Биласизларми, 5-6 кун жуда катта иситма билан уйида ётган. 24 соат давомида ОАВда огоҳ бўлайлик, маданиятли бўлайлик, ўзимизга, оила аъзоларимизга эътиборли бўлайлик деб бонг уряпмиз... Оиласи бор, фарзандлари бор, набиралари бор, 5-6 кун уйида ётган. Шифокорларни чақирса бўлмасмиди? Шунинг учун азиз ҳамюртларим, сизларга яна бир марта мурожаат қилмоқчиман: ўзингизни сақланг, фарзандларингизни, қўшниларингизни, ота-онангизни асранг. Агар ўзингизни ўйламасангиз, шифокорларни айтганини қилмасангиз, қаттиққўллик, интизом, тартиб бўлмаса, осонлик билан буни енга олмаймиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтига Х. исмли бемор олиб келингани, у олиб келиниши билан дарҳол сунъий нафас олиш аппаратига улашга эҳтиёж туғилгани хабар қилинганди. Унинг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг