Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олимлар коронавируснинг тез йўқолиб кетишидан хавотирда...

Олимлар коронавируснинг тез йўқолиб кетишидан хавотирда...

Фото: «Pixabay»

Британиялик тадқиқотчилар инфекциялар сони қисқариб кетиши коронавирусга қарши вакцина тайёрлаш ишларини мушкуллаштириб юборишидан хавотирланишмоқда. Бу ҳақда «Fox News» хабар берди.

Оксфорддаги Эдвард Женнер вакциналарни тадқиқ қилиш институти вакциналарни одамларда синашнинг иккинчи босқичига киришди. Хабарларга кўра, вакцина муваффақиятли чиқса, сентябрь ойида 30 миллион инсонга етказиб берилиши мумкин. Бироқ тадқиқотда қатнашган олимлар дастлабки прогнозлар унчалик ҳам яхшимас дейишмоқда.

Улар коронавирус ўз-ўзидан жуда тез йўқолиб кетишидан хавотирдалар, шундай бўлган тақдирда тадқиқотчилар керакли натижаларни олишга улгурмай қолишади.

«Бу чинакам пойга. Бошқа олимлар билан эмас, вируснинг йўқолиб кетиши ва вақтга қарши пойга. Айни пайтда ҳеч қандай натижа олмаслигимиз эҳтимоли 50/50 бўлиб турибди. Ғалати вазиятдамиз, COVID-19 озгина вақтга бўлса ҳам сақланиб туришини истаймиз», — деди профессор Ҳилл.

Оксфорд университети тиббиёт профессори Жон Бэлл ҳам ҳамкасбининг фикрига қўшилган ҳолда вакцинанинг тез ишлаб чиқилиши коронавируснинг мавжудлигига бевосита боғлиқлигини таъкидлади.

Университет мамлакатда коронавирус чўққига чиққан палла — апрель ойида 1000 нафар кўнгилли билан ўтказилган биринчи тадқиқот натижаларини июнь ойи бошида маълум қилади.

Профессор Ҳилл бу натижалардан бошқа мамлакатлар ҳам ўз фуқароларини ҳимоялашда ишлатишса боши осмонга етишини билдириб, яна бир бор такрорлади: вакцина ишлаб чиқиш — тадқиқотчилар ўртасидаги кимўзарга пойга эмас.

«Агарда бошқа кимдир миллиард доза ишлаб чиқаришни уддаласа, зиёфати биздан», — таъкидлади Ҳилл.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда коронавирусга қарши вакциналардан 10 хили одамларда синаляпти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг