Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Масжид яқинидаги кафеда битирилган иш

Масжид яқинидаги кафеда битирилган иш

Йўл четида хаёл билан кетаяпман. Ўнг томонимни нимадир ҳайбатли нарса тўсди (овози эшитилмади ҳисоб). Қарасам – «TOYOTA PRADO - 150».

Шофёр ойнани туширди:

— Нурулла ака, чиқинг!

Кўзим тушиши билан танидим: домда уч подъезд нариси билан қўшни турганмиз. Ҳозирги маҳалламизга яқин жойдан ер сотиб олган. Уй қураяпти. Ора-сира, йўл-йўлакай кўришиб қоламиз.

Айланиб ўтиб, ёнига ўтирдим.

— Бозор қипсиз-да? Енгил-ку, ғамламадингизми?

— Уйда ўзимман...

— Э, болалар қаерда?

— Қишлоқда.

— Ўўў, пухтасиз ака, пухтасиз. Яхши қипсиз.

— Наврўзга кетишувди. Олиб келишга улгурмай қолдим.

— Ҳа, шунақами? Ҳечқиси йўқ.

— Ўша ёқда бўлгани тинч.

— Самарқанддан чиқмадику ҳали.

— Чиқмасин. ИншаАллоҳ, ўтиб кетади. Роббимни синови бўлдида бу одамзодга. Аллоҳим синаяпти. Сабр қилиш керак.

— Жааа, қаттиқ бўлаяпти амо. Машиналарни ҳаммасини биттада ёпди-ей! Стикер об бўмайди денг. Бизни иш рухсат берилган бирорта йўналишга тўғри келмади. Доставшик қиб тўғриладим. Одам ғиж-ғиж...

Шунда лобовойга ичкари томондан тескари тиркалган қоғозга кўзим тушди.

— Қаердан олдингиз?

— Пастда, ёнимизда, масжид бору, чиқардик-ку, масжиднинг ёнидаги домни олдидан кафе қуришган. Укалар. Ўшаларга қоғоз қилдирдим.

— Озроқ сабр қилсангиз ўтиб кетарди. Курьер қилиб тўғирлаш шартмиди?

— Мен уйда ўтирадиган одаммасман-да, чидолмайман, ёрилиб кетаман!

...

— Четроқда тушаман.

— Мана шу кўчадан кирардингиз-а? Ҳа, айтганча, кечаси учда турдингизми?

— Ухлаб қоппан.

— Ўўўў, ҳаловат бўлди! Ҳаловат бўлди! Онлайн жамоатга ҳам қўшилиб туринг мундоқ.

— Раҳмат.

«Курьер» - »TOYOTA PRADO - 150» овоз чиқармасдан силжийди.

Бир ўкирик ичимдан бурқсиб келади. «Дод» дейман овоз чиқаролмай:

«Доооод!!!» Бу кунлар-ку, ўтар. Лекин йиллар сайин турмуш тарзимизга сингиб бораётган ёлғончилик, риёкорлик дардининг ўтиб кетишига шахсан мен ишонмайман. Бундай қалблар учун эсиз улуғ маслаклар, эсиз бўшаб қолган масжидлар, эсиз «онлайн жамоат»! Чунки сабоқ йўқ, сабоқ!

Бутун халқ бирлашиб, вабодан ҳазар деб турган бир пайтда шундай одамлар кўчада юрибдики, бу мақсадсиз риёкорларнинг тутуми вабонинг тутумидан фарқ қилмайди!

Нурулла Нарзуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг