Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коронавирусга қарши қурилган шифохона ҳақида. Батафсил (фото)

Коронавирусга қарши қурилган шифохона ҳақида. Батафсил (фото)

Фото: Xabar.uz

Зангиотада коронавирусга чалинганларни даволаш учун махсус шифохона қурилиши бошланганига уч ойдан ошди. Умумий қиймати 504 миллиард сўм бўлган лойиҳанинг дастлабки қисми душанба куни фойдаланишга топширилади. Бугун журналистлар Зангиотада бўлишди ва шахсан соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов уларга касалхона ҳақида сўзлаб берди.

Аввало, кичик тўхталиш — душанба куни фойдаланишга топшириладиган шифохонада ҳозир ҳам иш авжида. Яъни, ҳали қилинадиган ишлар талайгина. Бунақаси бизга бегона эмас, ҳар қандай қурилиш объектида учратса бўлади. Топшириш муддати яқин қолганда иш қизийди.

Зангиотада ҳам шу ҳолат. Муассаса ҳовлисида ободонлаштириш ишлари кетяпти, ичкарида эса ҳали ускуналар тўлиқ ўрнатилмаган. Вазирнинг тушунтиришича, ҳали қурувчилар кетмагани боис вирусология талаблари инобатга олинган ҳолда, ускуналар ўрнатилади. Душанбага қадар ҳаммасига улгурилишига ишонгинг келади.

Бошқа томондан, нима учун душанба? Улгурилмаса ҳафтанинг бошқа бирор кунида очса бўлмайдими? Сешанба ё чоршанбанинг душанбадан нима кам жойи бор? Ҳа, буни сизга эмас, «тепадагиларга» айтиш керак...

Гапнинг индаллосига ўтсак. Шифохона 33 гектар жойни эгаллаши ва 2000 ўринга эга бўлиши лозим. Ҳозирча 2 та бино қурилиши битмоқда ва 500 нафардан 1000 нафаргача бемор қабул қилиши мумкин.

Муҳими — шифохона қурилишида юқумли касалликлар хусусияти ва замонавий тиббиёт талаблари инобатга олинган. Бизни шунга обдон ишонтиришди.

Алишер Шодмоновнинг таъкидлашича, стационар жойларнинг ҳаммаси боксланган ва ҳар бир хона автоном. Биридаги ҳаво бошқасига ўтмайди. Авваллари бунақаси фақат жарроҳлик амалиёти ўтадиган хонада бўларди.

Шунингдек беморларнинг кириш-чиқиши ҳам, уларга хизмат кўрсатиш ҳам алоҳида эшикдан амалга оширилади. Касаллар келгач, қабул бўлимидан тамбур орқали тўғридан-тўғри ўз палатасига жойлаштирилади.

Барча корпуслар, бўлинмалар тоза ва нотоза йўлаклар билан ажратилган. Тоза йўлакдан фақат тиббий персонал ўз вазифасини бажариш учун фойдаланади. Шифокорлар ҳаракатланиш чоғида санитар ўтказгичлар орқали ўтади. Бу барчанинг – ташхиси ноаниқ бўлганлар, врачлар ва бошқа хизматчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш имконини беради. Шуниси кишини хурсанд қилади. Яна шифокорлар, ҳамшира ва фаррошларга яратилган шароитлар ҳам.

Коронавирусда реанимация бўлими самарали ишлаши жуда муҳим. Шифохонада 72 ўринли реанимация бўлими бор ва ҳар бир койка ўпкани сунъий вентиляциялаш ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланган. Бу бўлимни кардиология, неврология, педиатрия каби турли йўналишлар бўйича жиҳозлаш ҳам мумкин.

Жарроҳлик залларига ҳаво тепадан берилади ва ён томонлардан сўрилади. Натижада доимий стериллик таъминланади. Бу ҳақда боя айтгандик.

Энг муҳими — ушбу шифохона бир марталик эмас. Насиб қилса, коронавирус даф бўлгандан сўнг кўп тармоқли тиббиёт клиникаси сифатида фойдаланиш мумкин.

Ўша кунларга тезроқ етказсин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг