Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бир кунда 697 бемор: Арманистон коронавирус босимига дош беролмаяпти

Бир кунда 697 бемор: Арманистон коронавирус босимига дош беролмаяпти

Фото: «Facebook»

Арманистонда ўтган суткада COVID-19 касаллигига чалинган 697 киши аниқланди. Интенсив терапияга муҳтож бу беморларни вақтида жойлаштиришга тиббиёт хизматлари улгурмаяпти. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Никол Пашинян бугун «Facebook»даги жонли эфирда маълум қилди.

«Бизда нохуш хабарлар. Бир кунда 697 та янги ҳолат аниқланди. Олти киши бевосита коронавирусдан вафот этди, оламдан ўтган яна тўққиз кишида бошқа касалликлар ҳам бўлган», — деди Пашинян.

Бош вазирнинг айтишича, 75 фоиз беморлар коронавирусни симптомсиз ўтказиб юборишяпти, бироқ қолган 25 фоизига касалхона ва интенсив терапия керак, ушбу шароитда тиббиёт ходимлари имкониятларининг сўнгги чегарасида ишлашяпти.

Яқинда берган баёнотида Пашинян касалхоналарда бўш жойлар деярли қолмаганини, коронавирус суръатини бир кунда тўхтатиб бўлмагани учун тез орада умуман жой қолмаслигини таъкидлаганди. Агарда биз жорий этган меъёрларга амал қилинганида касаллар сони 95 фоиз кам бўларди, деганди у.

Арманистон ягона ахборот маркази хабар беришича, мамлакатда коронавирусни юқтирганлар сони 11 221 нафарга етди. Жами 3468 нафар бемор соғайган, қурбонлар сони — 176 нафар.

Эслатиб ўтамиз, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва унинг оиласи коронавирус билан касаллангани ҳақида 1 июнь куни хабар тарқаганди. Пашинян касалликни ишчи йиғилишда юқтириб олганини гумон қилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг