Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Зироат Мирзиёева: «Сиз кўзимиз қувончи, бизнинг эртамиз ва ҳаётимиз мазмунисиз»

Зироат Мирзиёева: «Сиз кўзимиз қувончи, бизнинг эртамиз ва ҳаётимиз мазмунисиз»

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида «Замин»  фонди мамлакатнинг ихтисослаштирилган муассасаларидаги беш минг нафарга яқин эшитиш қобилияти заиф ўқувчилар учун таълимни ривожлантириш дастурини тақдим этди. Лойиҳанинг мақсади — ўқитишнинг янги усулларини жорий этиш, мактаб-интернатлар инфратузилмасини такомиллаштириш.

«Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида «Замин» фонди эшитиш қобилияти заиф болалар учун таълимни ривожлантириш дастурини тақдим этмоқда. Лойиҳа доирасида жарроҳлик амалиёти йўли билан ўқувчиларнинг эшитиш қобилиятини тиклаш устида иш олиб борилади. Бу дегани, соғлиғида муаммоси бўлган болалар меҳрибон онажониси, ғамхўр отасининг овозларини, атроф-борлиқдаги товушларни, мусиқа оҳангларини эшита олади, тўлақонли ҳаёт кечиради.

«Замин» фонди, жисмоний ҳолатидан қатъи назар, барча болажонларга қувонч улашишга тайёр. Зеро, сиз кўзимиз қувончи, бизнинг эртамиз ва ҳаётимиз мазмунисиз», — деди Фонд васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева.

Эшитиш қобилиятининг қисман ёки тўлиқ йўқолиши одамларни муҳим маълумот манбаидан маҳрум қилади ва интеллектуал ривожланиш жараёнини чеклайди. Аксарият ҳолда имконияти чекланган болалар қатор қийинчиликларга дуч келадилар, улардан бири тўлақонли таълим олиш имкониятининг йўқлигидир.



Дастур уч босқичдан иборат:

1. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни замонавий ассистив ускуналар билан жиҳозлаш

Мактаблар халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий ассистив (қўшимча) ускуналар, жумладан, гуруҳ машғулотлари учун аудио-синфлар, индивидуал машғулотлар учун нутқ симуляторлари, келгуси таълим жараёнида фойдаланиладиган аудиометрлар ва стационар овоз кучайтиргичлари билан жиҳозланади.

2. Ўқитиш усулларини такомиллаштириш

Эшитиш қобилияти заиф болалар махсус мактабларидаги жорий ўқув дастурларини ҳар томонлама таҳлил қилиш режалаштирилган. Бунинг учун лойиҳа ташкилотчилари Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда етакчи халқаро экспертлик институтлари ва уларнинг мутахассисларини жалб қиладилар. Ихтисослаштирилган мактабларда замонавий ёрдамчи технологиялардан фойдаланган ҳолда таълим методикалари жорий этилади.

3. Мактаб ёшидаги болалар учун кохлеар имплантация

Дастурнинг муҳим қисми ҳар йили 30 нафар мактаб ёшидаги болаларга кохлеар имплантация жарроҳлик амалиётини бепул ўтказиш бўлади. Шунингдек, ушбу босқич кейинги реабилитация ва болалар жамиятга сингиб кетиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишни ўз ичига олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг