Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Замонавий давлатда ҳақиқат яширилмайди»

«Замонавий давлатда ҳақиқат яширилмайди»

Фото: АОКА

«Журналист давлат ишчиси эмас. Уларнинг асосий вазифаси аудитория. Чунки аудитория давлатга солиқ тўлайди, шунинг учун у — олий ҳакам, журналист аудитория олдида жавобгар. Муҳаррирлар мустақил бўлиши керак, улар аудитория учун хавфсиз муҳитни ярата олиши керак».

Куни кеча Тошкентдаги Fгank Fort меҳмонхонасида «Ўзбекистонда масс-медиани ривожлантиришнинг долзарб масалалари» республика давра суҳбати ана шундай қизғин фикрлар билан бошланди.

— Агар юртингизда журналистга босим бўлса, бошқа жойдан ёрдам кутманг. Сиз тўхтовсиз ҳамкасбингиз учун курашинг. Охиригача курашинг, бу ҳақда бонг уринг, бонг уринг, — деб сўзини давом эттирди «Минтақавий мулоқот», халқаро ноҳукумат ташкилоти раҳбари Мюша Север.

Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатаси вакиллари, бир қатор мутасадди давлат органлари масъуллари ҳамда халқаро ва нодавлат ташкилот раҳбарлари, хорижий, маҳаллий ОАВ мутахассислари иштирокидаги тадбирда, АОКА раҳбари А.Хўжаев ўз сўзи давомида давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, танқидлар ва жамоатчилик фикрига ўз вақтида асосли муносабат билдириш йўналишидаги ишлар ҳақида маълумот берди. Яъни 2019 йилда танқидий-таҳлилий материалларга жавоб бериш 12 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йил якунига кўра бу кўрсаткич 93 фоизга етган.

«Агар журналистларга босим бўлса, биз қараб турмаймиз. Яқинда бир журналист аёл менга босим бўлаяпти, менга қўнғироқ қилишаяпти деб хабар тарқатди. Биз тезда ишга киришдик. Бошқарма бошлиқларини ишга солдик, 4-5 марта мурожаат қилдик, бизга ариза беринг бу иш билан керакли жойлар шуғуллансин, дедик. Лекин у аёл бизга аризаям ёзмади, ким босим ўтказаётганиниям очиқламади, охири «тинч қўйинглар бизни» деди. Журналист ҳамкасбимизнинг мақсади нима бўлган тушунмадик. Агар ростдан ҳам босим бўлаётган бўлса охиригача бориш керак. Мақсад нима бўлган бундан, ёрдам кутишми, билолмадик», деди суҳбат орасида АОКА раҳбари.

Филип Коснетт, халқаро консалтинг компанияси вакили: «Ҳозир интернет чиқиб кетди, турли каналлар, блоглар бор, бир пайтлар журналистика керакми ўзи, деган савол Американи ҳам ўйлантирган эди. Ўшанда айтганманки: «ҳа, журналистлар аввалгидан ҳам кўра кўпроқ керак. Сабаби, блогерлар ва бошқа ахборот тарқатувчилар профессионал журналистдек таҳлил қилолмайди, хабарнинг рост ёки ёлғонлигига жавоб беролмайди. Одамлар рост ва холис хабарни журналистдан қидиради ва унга ишонади. Замонавий давлатда ҳақиқат яширилмайди, яширилган тақдирда ҳам бошқа манбалар орқали ҳақиқат ошкор бўлади. Шунинг учун журналист ҳақиқатни яширмаслиги керак, токи ҳақиқат бўялиб, бежалиб одамларга бошқача тарзда етиб бормасин».

Шунингдек, тадбир доирасида Агентлик фаолияти доирасида ташкил этилган «Диалог майдончаси», 1213 қисқа рақамли Call-марказ, «Media-advice» платформалари орқали нафақат соҳа вакиллари, балки аҳоли ҳам ўзларини қизиқтирган барча масалалар бўйича ҳуқуқий жавоблар, маслаҳатлар ва тавсиялар олиш имконига эгалиги айтилди.

Давра суҳбатида журналистларнинг ҳуқуқини, шунингдек, уларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, ахборот олиш ва тарқатишда холисликни таъминлаш, ОАВ ходимлари ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, турли «фейк» хабарлар тарқалишини олдини олиш, журналистик фаолиятда гендер тенглик масалалари ёритилиши ва соҳадаги бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг