Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Замонамиз қаҳрамони. Россияда автобус ҳалокатида йўловчиларни қутқарган йигит билан суҳбат (видео)

Замонамиз қаҳрамони. Россияда автобус ҳалокатида йўловчиларни қутқарган йигит билан суҳбат (видео)

Фото: Xabar.uz

Россиянинг Перм шаҳрида бироз вақт муқаддам автобус ҳалокатга учраган эди. Жамоат транспорти деворга бориб урилган, натижада бир киши вафот этиб, 32 киши турли даражада тан жароҳатига учраганди. Жабрланганлар орасида аёллар, қариялар ва болалар бор эди. Йўқотишлар балки кўпроқ ҳам бўларди, агарда Данил бўлмаганда.

Данил Юлдошев Ўзбекистоннинг Янгийўл шаҳридан. Йигирма ёшли йигит анча олдин, 6 йил муқаддам Россияга йўл олган. Ҳозирда Перм шаҳрида истиқомат қилади ва бокс билан шуғулланади. Ҳалокат жойига биринчи бўлиб айнан у етиб келди. Ўша вақтда Данил ўзининг «Нексия» машинасида машғулотга кетаётганди. Ҳалокат унинг кўз ўнгида рўй берди. Ёш боксчи ўзини йўқотиб қўймади ва дарҳол жабрланганларга ёрдам беришга отланди. У билан Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консуллигида кўришдик.

— Автобус деворга кучли зарб билан урилгани учун эшиги очилмайдиган бўлиб қолганди, куч билан очишга тўғри келди. Ичкаридаги ҳолат эса даҳшат эди. Бирорта ўриндиқ ўз жойида қолмаганди, ҳаммаси ўрнидан кўчиб, одамлар устидан босиб қолганди. Кимнидир қўли синган, бошқасини синган суяги оёғидан чиқиб турибди. Ҳамма ёқ қон, бақир-чақир, болалар йиғиси. Дарҳол жароҳатланганларга ёрдам бера бошладим. Мен ҳам ўзимни йўқотиб қўйсам бўлмасди, уларга ёрдам берадиган одам қолмасди.

Данил Юлдошев анча вақтгача ёлғиз ўзи жабрланганларни хавфсиз жойга олиб чиқди. Гарчи ҳодиса серқатнов йўл ёқасида содир бўлган бўлса ҳам ёрдам учун тўхтаганлар кўп эмасди. Агар у ҳам йўлида давом этганда, балки ҳеч ким айбламаган бўларди. Аммо ўзбек йигити барча ишини йиғиштириб қўйиб, автобусдагиларни қутқаришга киришди. Бу орада нафақат тез ёрдам ва ФВВни чақирди, балки йўловчи машиналарни тўхтатиб, жабрланганларни касалхонага олиб боришни илтимос қилди. Қатъий оҳангда. Тез ёрдам машиналари шунча одамга ёрдам беришга улгурмасди. Ҳар бир дақиқа эса, қадрли, кимнингдир ҳаётини қутқариб қолади.

Данил барча иш якунига етгандан сўнг полиция идорасига бориб, нималар бўлгани, кўрганлари ҳақида саволларга жавоб берди. Шунақа, ҳозирги замонда қилган яхшилигинг учун ҳам ҳисоб бериш керак.

Биз Данилдан нима сабабдан кўпчилик каби йўл тутмасдан, бошқаларга ёрдамга отланганини сўрадик.

— Мени Ислом шундай тарбиялаган. Ота-онам муҳтожларга ёрдам беришни болалигимдан миямга сингдирган. Мен бошқача йўл тута олмасдим. Ўзбекона одатимиз шунақа.

Данилнинг инсонпарварлиги, одамийлиги Перм шаҳри раҳбариятининг эътиборидан четда қолмади. Унга улкан миннатдорчилик билдирилди. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консуллигида бош консул Фариддин Насриев, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Муродулло Холмуҳамедов кутиб олиб, одамлар ҳаётини сақлаб қолишда кўрсатган жонбозлиги учун миннатдорчилик билдирди. Данил Юлдошевга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Меҳнат вазири ўринбосари Данил Ўзбекистонга қайтган тақдирда муносиб иш билан таъминланишда ёрдам кўрсатишга ваъда берди. «Ўзбекистонда анча катта ўзгаришлар бўлган. Қайтиб борсангиз 500 долларлик иш ҳақи тўланадиган иш топилади», — деди меҳнат вазири биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов. Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Муродулло Холмуҳамедов эса таълим соҳасида ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Қозон шаҳридаги бош консул Фариддин Насриев ҳам ўз навбатида Данилга ҳар қандай масалада мурожаат қилиши мумкинлигини айтди. «Аслида ўзбекистонлик муҳожирлар орасида Данил каби соф кўнгилли, фидойи йигитлар истаганча топилади. Улар ҳар куни қаерлардадир, қандайдир қаҳрамонликларни амалга оширадилар. Аммо бу ҳақда гапирмайдилар. Данилнинг қаҳрамонлигини ҳам интернет орқали билдик. Унинг ўзи сира ҳам бизга мурожаат қилиб, шундай ишни амалга оширганини айтмаган бўларди. Мана шу тақдирлашга ҳам ўзимиз амаллаб кўндириб, чақириб олдик. Бундай йигитлар бизга жуда керак», — деди Фариддин Насриев.

Данил билан илиқ ҳайрлашдик. Қаерда бўлмасин, Россиядами ёки Ўзбекистонда, омад тиладик. Бундай йигитлар ҳамма жойда керак...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг