Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги уйлар тақсимланишга тайёр – Бош вазир Сирдарёга борди (фото)

Янги уйлар тақсимланишга тайёр – Бош вазир Сирдарёга борди (фото)

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 29 октябрь куни Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида янги қурилган кўп қаватли уйлардан фойдаланиш, уларни соз ҳолатда сақлаш ҳамда аҳоли учун янги иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

Президентимизнинг жорий йил 13 октябрь куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида мазкур ҳудудларда барпо этилган кўп қаватли уйлардан фойдаланиш, уларни доим соз ҳолатда сақлаш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини тизимли ташкил этиш вазифаси белгилаб берилган эди.

Сардоба туманида ушбу топшириқ ижроси юзасидан ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи йиғилишида турли вазир ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, вилоят фаоллари иштирок этди.

Унда Абдулла Арипов энг муҳим масала аҳолини рози қилиш ва бунинг учун керакли барча чораларни кўриш лозимлигини қайд этди.

«Ҳақиқий жабр чекиб, уйини ювиб кетган одамларгагина уйларни берамиз. Чунки бу солиқ тўловчиларнинг ажратган маблағи, давлат бюджетидан ажратилган. Бу осмондан тушган пул эмас», — деди бош вазир.

Йиғилишда янги уйларни тақсимлаш ва аҳолининг ушбу уйларга кўчиб ўтишини ташкил этиш, мазкур ҳудудларда «Хавфсиз маҳалла» тизимини жорий этиш, ҳудуд аҳолиси бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, ҳудуддаги ушбу улкан бунёдкорлик ишлари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан беғараз асосда амалга оширилган. Янги уйларни ўз эгаларига бериш жараёни шаффоф тарзда амалга оширилади. Бу борада ҳар бир маҳалла гузарларида янги уй олувчилар ҳақида ахборотлар эълон қилинган.

Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан янги уйларни тақсимлашда фуқаролар ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. Шу асосида уйларга кўчиб киришдан олдин улар билан суҳбат ўтказилади. Бунда асосан, ҳудудда ноқонуний қурилмалар қурмаслик, коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, умумий фойдаланиладиган йўлаклар, уйлар атрофини озода сақлаш борасида тушунтириш берилади.

Йиғилишда мутахассислар томонидан Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги талафот етган хонадон эгаларини янги қурилган кўп қаватли уйларга жойлаштириш режаси тақдимоти ўтказилди.

Ҳукумат раҳбари йиғилиш сўнгида вазирликлар, давлат идора ва ташкилотлари, қолаверса, депутатлардан иборат ишчи гуруҳларга юклатилган вазифаларни амалга ошириш, аҳолини «қуръа ташлаш» йўли билан, адолатли тарзда кўчириб ўтказиш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг