Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вилоятликларга талон жорий қилишни таклиф қилган партия вакили ўз сўзларига изоҳ берди

Вилоятликларга талон жорий қилишни таклиф қилган партия вакили ўз сўзларига изоҳ берди

Улуғбек Пирмуҳаммедов.

Фото: Халқаро пресс клуб

Ўзбекистон экологик партияси вакили Улуғбек Пирмуҳаммедов Тошкентга келаётган вилоятликларнинг ўз ҳудудидаги профилактика нозиридан рухсатнома олиши кераклиги ҳақидаги таклифи (видео) кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди.

У ўзига нисбатан ёғилаётган танқидларга жавоб қайтариб, билдирган таклифига изоҳ берди:

«Аввало, мен Экологик партия номидан эмас, балки мустақил шахс сифатида фикримни билдирдим. Кўрсатув вақтида менинг шахсий фикрим, деб таъкидлаб ўтдим.

Авваламбор, мен прописка тизимига қаршиман. Энди шахсий таклифимга эътибор берсак, таклифим шундан иборатки, вилоятлардан ишлаш мақсадида келаётган ҳамюртларимиз маълум бир муаммоларга учраётгани тўғрисида бир қанча мавзулар кўтарилди. Айнан Халқаро пресс клуб бош продюсери Ғуломжон Самадов кўрсатувда ҳамюртларимизнинг ишлаб турган жойида профилактика инспекторлари томонидан жаримага тортилаётгани тўғрисида фуқаролар мурожаати ўқиб эшиттирилди. Уч кун ичида рўйхатга қўймаса, қонуний чора кўриш кераклиги тўғрисида айтиб ўтилди.

Бу муаммолар тўғрисида мендан кўра сиз яхшироқ биласиз. Сабаби ОАВ вакиллари халқ билан ўзаро доимий мулоқотда. Керак бўлса, биз ҳам сиз орқали эшитамиз баъзи муаммоларни. Мен иштирокчи сифатида шахсий фикримни билдирганимда, яқинларимиз зарурат юзасидан ишлаш мақсадида келаётган бўлиши мумкин. Улар маълум муддатга келишса-да, биз бу ерда уларга рўйхатдан ўт деб турсак, бу одамлар учун адолатсизлик бўлмайдими?

Прописка масаласи жуда кўп марта кўтарилган. Айниқса, блогерларнинг каналларида тўлиқ ёритиб берилган. Ўз фикримни тўлиқ айтиб бериш имкон бўлмади, лекин қисқача айтиб ўтсам. Мен прописка тўғрисида эмас, балки онлайн рўйхат, қулайлик ва хавфсизликни яратиш мақсадида таклиф қилдим. Тошкентга келаётган қадрдонларимиз яшаб турган ҳудудларидаги инспекторлар томонидан рўйхатдан ўтишса, Тошкентда муаммоларга дуч келмаслиги учун онлайн рўйхат олинса ва бу рўйхат, яъни онлайн портал дастури орқали акс этса, ППС томонидан кўчадан ушлаб кетиш ҳолатлари кузатилганда, бу дастур ҳамюртларимиз ҳуқуқини ҳимоя қилувчи восита вазифасини бажарарди. Балки шунда ҳамюртларимиз норозилигига сабаб бўлаётган муаммо қайсидир маънода ўз ечимини топар эди. Таклифда қийинчиликларга дуч келаётган ҳамюртларимизни камситиш назарда тутилмаган, балки уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва уларга шароит яратиш мақсади бор эди. Ваҳоланки, ҳеч биримизнинг ҳақимиз йўқ маҳаллийчилик қилишга, ҳаммамиз тенг ҳуқуқли фуқаромиз. Ахир Ўзбекистон Республикасида битта яшил паспорт бор. Фикрларимни бошқача талқин қилмасликни сўрар эдим», деб ёзадиди Ўзбекистон экологик партияси аъзоси.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг