Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Вазирми, бошқами, бу уйни қуришга, машинани олишга қаердан асос топди… жавоб берадиган вақт келяпти» — Президент

«Вазирми, бошқами, бу уйни қуришга, машинани олишга қаердан асос топди… жавоб берадиган вақт келяпти» — Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга 2020 йилги Мурожаатномасида Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф қилган эди.

Бугун, 31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида олимлар ва ёш тадқиқотчилар билан бўлиб ўтган учрашувда Президент ушбу ташкилот ҳақида тўхталиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Президентнинг таъкидлашича, коррупцияга қарши курашишга масъул ташкилотнинг номи ҳозирча аниқ эмас, аммо асосий иш йўналишлари маълум. «Вазирми, бошқами, бу уйни қуришга, бу машинани олишга қаердан асос топди, боласини қаерда ўқитяпти, омиллар қаерда, деган саволга ҳар бир раҳбар жавоб берадиган вақт келяпти... Қурган уйини ҳам асослаб бериши керак», — деди у.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, янги ташкилотда «ҳамма куч-қудрат бўлади, фақат уйқу вақтидаги тушни кўролмайди, холос», бошқа ҳамма нарсани билиши мумкин.

«Амалдорнинг бир йиллик ойлигидан нима қилиш мумкин, нечта костюм олиши мумкин, оиласининг топгани билан нима қила олади, Президентнинг ойлиги билан нима қилиш мумкин, бошқа катталарнинг ойлиги билан нима қилиш мумкин — ҳаммасини ёзиб берамиз. Биз бунга жуда катта тайёргарлик кўряпмиз», деди давлат раҳбари.

Президентнинг таъкидлашича, амалдорнинг мол-мулки унинг даромадига номувофиқ бўлса, у буни изоҳлаб бериши керак.

«Буларни қаердан олдингиз, деб сўралади. Амалдор ёзиб беради. Йўқса, тўнингни ташла-да, халқнинг ичида раҳбар бўлишга ҳақинг йўқ. Қонун олдида жавоб беради. Шу муҳитни ҳаммага етказиш керак — бошқа йўлимиз йўқ», — дея қўшимча қилган Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг