Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ушбу масалада гапириш мен учун оғир ва хавфли» — Расул Кушербаев

«Ушбу масалада гапириш мен учун оғир ва хавфли» — Расул Кушербаев

Фото: «Xabar.uz»

Чунки буни айтишим билан «ўқланган» бир қатор иқтисодчи ва сиёсатчиларимиз мени иқтисодни тушунмаслик, популизм ва ношукурликда айблашади. Тан оламан: мен кучли иқтисодчи эмасман, бор йўғи бир «овозман» холос. Наилож.

Майли масалага ўтсак.

Куни кеча ОАВда тарқалган хабар қалбимни ларзага солди... Ва бу узоқ вақтдан бери ўйлантириб юрган масалани эслатишга мажбур қилди. Бунинг учун кўпгина «муҳтарам»лардан узр сўрайман.

ОАВда қўшни Афғонистон собиқ депутати Мухаммад Мохакик саккиз нафар афғонистонлик бола очликдан вафот этганини айтди... Болаларнинг барчаси етим бўлиб, каттаси саккиз ёшда, кичиги бир ярим ёшда экан...

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, йил охиригача ушбу мамлакатда беш ёшгача бўлган уч миллион икки юз минг бола очликдан қийналади, уларнинг бир миллионга яқини очлик туфайли вафот этиши мумкин.

Камига яқинда интернетда бир домламиз ўзимизда битта аёл муҳтожликдан уч тўрт нафар ёш боласи, оиласи  билан бир «буханка» нонни беш кун еб, кун кечираётганини билдирди... Бошқа озуқаси йўқ.

Тагимизда улов, шоҳона ҳаёт бағрида, тўқ қоринга унга-бунга топшириқлар бериб яшаётган бир вақтда бундай ҳолатларни чин инсоний қалбдан ҳис қилишимиз қийиндир балки. Лекин булар бор гап ўртоқлар...

Энди масалага очиқ кўз билан қарасак: Афғондаги норасида болаларнинг очдан ўлгани ва дунёда очлик сабаб ўлаётган бошқа болаларнинг хуни учун она замин бойликларидан ортиқча ёки фақат ўзи учун фойдаланаётганлар жавоб беради албатта, балки улар қаторида биз ҳам бўлармиз. Лекин айни вақтда бизда ҳам бундай ҳоллар ҳеч бир бола билан содир бўлмаслиги учун нималар қилаяпмиз?

Балки амалдаги ишларимизни зудлик билан қайта кўриб чиқиш керакдир. «Бола ҳуқуқларининг  кафолатлари тўғрисида»ги қонун ва ҳеч бўлмаса реал ҳаётдан узоқроқ бўлган ҳукуматнинг 44-сон қарори билан тасдиқланган Низомни.

Ушбу Низомда ҳеч бўлмаса ҳар бир болани қандай оилада дунёга келишидан қатъи назар уч ёшга тўлгунга қадар нафақа пули (бола пули) берилишини тўлиқ кафолатлашимиз шарт. Майли бошқа режалардан кечармиз, бироқ болани ҳаққини жойига қўймасак бўлмайди. Шунда «бола пули» тайинлашда коррупция ҳам тўлиқ йўқолади, ўша пул сандиққа солинмай иқтисод юришига ҳисса қўшади. Акс ҳолда ишимизда ҳаловат, унум бўлиши даргумон.

Ҳурматли болалари бор иқтисодчи, ҳамкасб сиёсатчи ва раҳбарлар: ҳар биримиз афғон болаларининг аянчли қисматидан сабоқ олайлик, болаларимизни бундай қисматдан сақлайлик!

Айниқса, камбағалликка қарши курашадиган бутун бир вазирлигимиз бор, улар сал уйғонса бўларди.

Гапларим оғир ботган, бунинг учун «ақлимни киритиб» қўймоқчи бўлган барчадан яна бир бор узр сўрайман!

Такрор айтаман: мен муаммо эмасман, бир «овозман» холос. (Мени тинч қўйинг!) Унга қулоқ тутиш ёки тутмаслик виждон ва хоҳишингизга боғлиқ. Фақат бугунги болалар эртага сиз-у бизни ва ишларимизни қандай бахолашини унутмасангиз бўлди! — деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг