Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Уруш юртда туғилиб, уруш юртда ўлган Саша тоға

Уруш юртда туғилиб, уруш юртда ўлган Саша тоға

2022 йилнинг август ойида эски «дом»ни сотиб, оиламиз билан бошқа кўп қаватли уйлардан бирига кўчдик. Шинам, кенг. Биринчи қаватда жойлашгани учун кичиккина томорқаси ҳам бор. Қўни-қўшнилар бегона бўлгани учун ҳеч кимни танимаймиз. Етмаганига кўпчилиги рус миллатига мансуб фуқаролар.

...Бир ҳафтадан ортиқроқ вақтда зўрға жойлашиб олдик. Бу орада на кўчага қарай олдик, на томорқага. Шундай кунларнинг бирида чамаси, 70 ёшлардан ошган рус миллатига мансуб бир киши томорқадаги тошлару қоғозларни териб, йўлакчага тўпларти. Мени кўриб, қўли билан имлаб чақирди.

- Здрастувуйте, идёмте,-дедим кулиб унга томон борар эканман.

- Ваалейкум ассалом, мен билан бемалол ўзбекча тилда гапир. Ман уже сто-о-о лет биламан ўзбекчани. И менга бу тил ёқади,-деди кулиб. Ўзбек тилини ўз шевасига хос талаффузлаб сўзларди у,- кўрдим сен янги қўшни, мен сенга ёрдам беришни истадим. Озгина кўмагим тегса, мен шундан хурсанд.

  • ...
  • Исмим Саша. Қўшнилар «Саша тоға» дейишади,-қўшиб қўйди кулиб.
  • Унда Саша тоға, уйга киринг,-дедим кулиб.
  • Йўқ, сен чиқ, огородингни тозалаймиз, баҳонада суҳбатлашиб, яқиндан танишамиз. Бу ерда ҳамма қўни-қўшни яхши. Жой яхши. Мен яхши – олам яхши,-деди кулиб.

Биргалашиб кулишдик. Саша тоға билан бир пасда иноқлашиб олдик. Унинг қадди баланд, виқорли, ишлашидан кўриниб турарди, қўллари чайир. Ҳар икки гапининг бирида кулар, қаҳ-қаҳ отарди. Суҳбат қизиб, бирпасда томорқани тозаладик.

- Агар боғни боқсанг, боғ сени боқади. Бу ерда сендан олдинги қўшни уй олиб сотадиган эди, шунинг учун боғига қарамаган. Бу яхши иш эмас. Сен ундай қилма.

- Хўп, Саша тоға! Қани, иссиқ чойдан ичинг,- дедим томорқага чой ва қанд олиб чиққан болалар қўлидан чойнак-пиёлани олар эканман.

- Ўзбекни шу такаллуфи менга ёқади. 78 йил бўлди, мен Ўзбекистонда яшайман. Қаерда бўлмасин, ўзбекнинг бир пиёла чойию, бир тақсим қанди бор...

- 78 йилдан буён... – сўрадим ҳайратланиб.

- Ҳа, нима деб ўйлагандинг, 81 ёшдаман...

- Қойил, лекин, кўз тегмасин, ўхшамайсиз!

У ҳақиқатан ҳам 81 ёшга кирган одамга ўхшамас, чамалашимча, 70 ёшларни бергандим.

- Ўзбекистонда қаримайсан-да, одам, бу ер яхши, - деди яна кулиб, сўзида давом этди,- борига шукур, Ўзбекистонни. Менга Ватанлик қилди!

Саша тоға бирдан маъюс тортди. Қайноқ чойни ўзбекларга хос ҳўплаб-ҳўплаб ичарди.

- Лекин, ташлаб кетгим йўқ... Аммо, болаларим қўярда-қўймай олиб кетишяпти...

- Ия?

- Россиянинг Хабаровск ўлкасида туғилганман. 1941 йилда. Айни уруш бошланганда. Отам урушда ўлиб кетган. Мени онам билан 1944 йилда поезд билан жўнатишган. Элас-элас эслайман, бор хотиралар ҳам ўчиб кетган... Фақат бир-икки «картина» қолган бу қари Саша тоғангда. Отамнинг юз тузилишини эслолмайману, ҳовлида чўчқаларни қувлаб юришигина хотирамда бор. Кейин жудаям шовқин-суронда мени онамга қўшиб, поездга чиқаришгани... Бўлди, бошқа ҳеч нарсани эслолмайман. Шуям узуқ-юлуқ... Лекин, билсанг, 78 йилдан бери ҳар куни шу икки хотира миямда тинимсиз айланади...

- Ҳа-а, буни Ватан, дейишади, туғилиб ўсган юрт, дейишади,-дейман мен.

- Хабаровск ўлкаси Россиянинг Шарқий Сибир ва Узоқ Шарқ минтақасида жойлашган. Жудаям катта ҳудуд. Посёлкалариям кўп. Мен Чегдомын посёлкасида туғилганман, Верхнебуреинск туманида жойлашган. Ҳозир ўғилларим шу ердаги кўмир саноатида ишлашади. Икки ўғлим, икки қизим бор. Уларнинг кетишганига йигирма йиллардан ошди-ёв. Мен аёлим Катя билан қолдим. Катя ҳам худди ўзимдек уруш даврида Ўзбекистонга келиб қолганлардан. Болаларимиз ҳар йили навбат билан келиб-кетиб туришади. Ҳар икки куннинг бирида телефон орқали хабар олиб туришади. Пул-мул жўнатиб, рўзғоримизни бутлаб қўйишади. Аммо, барибир, ёнингда юришганига етмас экан. Нимаям қилардим, «Ватанга қайтамиз» деб оёқ тираб олишганди-да. Аёлим пандемиянинг бошидаёқ вафот этди. 2019 йилда.  Мана, уч йилдан бери болалар қулоқ-мияни титишиб, мениям олиб кетамиз, дейишгани-дейишган. Шу ёшимда қўйларинг, десам ҳам қўйишмаяпти...,-дея чуқур хўрсинди Саша тоға.

Саша тоға суҳбати давомида пиёлани айлантириб-айлантириб, чой ичди, қанд қоғозини чиройли буклаб, чўнтагига солиб қўйди.

- Беринг, Саша тоға, ўзим ташлавораман!

- Йўқ, ўзбеклар шунақа қилишади-ку, буям бир адаб бўлса керак-да,-дейди мийиғида кулиб.

Шу билан қўшнимиз Саша тоға тез-тез бизникига чиқадиган, узоқ суҳбат қурадиган бўлди. Мен ҳам хабарлашиб, ширинликми, овқатми илиниб турардим. Кунларнинг бирида у ўзи пиширган ширин кулча (булочка)дан олиб чиқди. Яна бир пиёла чой устида суҳбат қурдик. Саша тоға  мени «қизинка» дерди.

- Келгуси ойда кетаман, қизинка. Бу ерда онамнинг, аёлимнинг қабри бор. Уларни ташлаб кетгим йўқ. Болалар мени олиб кетишгач, кейин ўзлари келиб, онасию, бувисининг қабридан хабар олишадими, йўқми?-кўзларидан билинар-билинмас ёш сизиб чиқди Саша тоғанинг.

- Хабар олишади. Ахир улар Ўзбекистонда улғайишган-ку!

- Уверень айтдинг-а, қизинка,- Саша  тоға яна очилиб кулиб,-ҳақиқатан ҳам. Ўзлари рус бўлишсаям, ўзбек миллатига хос тарбияда улғайишди. Рус мактабларию, рус олийгоҳларида таҳсил олишсаям, қадрлашди ўзбек урф-одатларини. Билсанг, бир ўғлим ўзбек қизига уйланган. Келинкам намоз ўқийди. Э, яна билсанг, бир чиройли қироатлар қилади келинкам, мени мияларим ором олади. Хатим-ўчар, худойи, мавлуд, деган урф-одатларингиз бор-ку, шуларгаям қўни-қўшниларникига тез-тез чиқиб турамиз. Умрбўйи шу юрт нон-тузини едик, урфиниям қабул қиламиз-да. Бу ерда қанча дўстларим, қанча ўртоқ, таниш-биродарларим бор. Кетиш қийин бўляпти-да!

- Кетманг, Саша тоға, мана, мендай яхши қўшниям келди,-дедим мен ҳам кулиб.

- Ўлма, қизинка, ўлма,-қаҳ-қаҳ отди Саша тоғаям,- бу тушмагур болалар билетни олиб қўйишган-да, ҳозир августнинг 22-чи куними, 11 сентябрда учаман. Ҳозир катта ўғлим ҳам шу ерда. Бирга учамиз!-деди ўйчан тортиб.

- 11 сентябрь. Юрагим, негадир, «шувв» этиб кетди. Бу санада жуда кўп тарихий талофатлар содир бўлгани учунми, беихтиёр Саша тоғага «ялт» этиб қарабман.

- 2001 йил, 11 сентябрда АҚШда террорчилик ҳужумлари содир бўлган. 1973 йил, 11 сентябрда Чилида ҳарбий тўнтариш юзага келиб, ҳарбий диктатура режими ўрнатилган. 1857 йил, 11 сентябрда Деҳлида Британ истилосига қарши ҳужум... шунақа демоқчийдингми?

- Йў-ўқ, тўғриси, бунчалик билмасдим...

- Саша тоғанг билимли-да, қизинка, ҳатто, нима демоқчи бўлганингни қарашингдан дарров сездим...

- Ҳа, ажойибсиз, Саша тоға!-дедим-да, ўйчан тортиб,-демак... бор-йўғи, нари борса, 10-15 кундан кейин учасиз...

- Шундай!

- ...

- Сен журналистсан, шу гапим ёдингда турсин: Мен Ўзбекистонда яшадим, улғайдим, илм олдим, касб эгалладим. Ўзбекнинг нон-тузини едим – буям мен учун Ватан. Аммо Россия ўлкасида туғилдим – у туғилиб ўсган Ватан. Қўлимда чиптам борлиги учунми, барибир, туғилиб ўсган юрт тупроғи тортишини кўпроқ ҳис қиляпман. Ақлимни танигандан бери менга бошпана бўлган Ўзбекистондан эса юрак узолмаяпман. Тинч юрт, тинч-да. Бундай юртни қаердан ҳам топиш мумкин. Урушни номи қурсин, эслолмасам ҳам оғриқлари кўпни юртгадо қилди..,- Саша тоға шу пайтда худди сув устида қалқиб турган хасча чўпга ўхшаб кетди кўзларимга.

- ...

- Фарзандларим учун кетяпман, уларни ҳам йигирма йиллардан бери икки ўртада сарсон қилдим-да. «Келинингиз бухоролик бўлса. Унинг ҳам қариндош-уруғлари шу ерда. Тез-тез келиб ҳам турамиз, барибир. Бизнинг ҳам онамизни, сизнинг ҳам онангизни тупроғи шу ерда, хабарсиз қолдирмаймиз... ҳеч бўлмаса, отамиз тупроғи ўзимизда бўлсин. Сиз бизга кераксиз, ота!»-дея қатъий айтишгандан кейин кетяпман-да... ноилож. Энди фарзандлар ихтиёридаман-да,-деди Саша тоға.

- Хай, бахайр бўлсин. Чойдан олинг. Ширин кулчангиз ажойиб чиқибди,-дедим Саша тоғани чалғитиш учун.

- Ош бўлсин. Ҳа, айтмоқчи, қизинка, телефон рақамингни ёзиб бер. Сенга соғ-саломат етиб борганимни билдириб, телефон қиламан,-деди Саша тоға.

Саша тоға болалик кечинмаларию, уруш даврларида онаси билан анча-мунча қийинчиликларга учрагани, Бухоро ва бухороликларнинг кўмаги, мадади билан оёққа туришгани, ўзбеклардан нақадар, миннатдорлигини сўзлаб беришдан тўхтамасди. Юрак-юракдан Саша тоғанинг кетишни истамаётгани сезилиб турарди. Ҳар икки гапининг бирида «Фарзандларим учун кетишга мажбурман.»,-деб қўярди.

Бир пайт эшик тақиллади.

- По-моему, Сергей, ўғлим!-деди кулиб Саша тоға.

Эшикни очдим. Ҳақиқатан ҳам Сергей.

- Ассалому алайкум, опа. Отам шу ерда-а,-деди кулиб.

- Энди Сергей, отангиз бизнинг тоғамиз. Тоғамизни эса Россияга жўнатмаймиз,-дедим кулиб ва,- киринг, меҳмон!

Сергей ҳам ичкарилади. Қўшнилар узоқ суҳбатлашдик. Суҳбат қўлбола ошга уланди. Саша тоғанинг бизнинг уйда эканини эшитиб, бошқа қўшнилар ҳам бирин-кетиш келишди.

- Саша тоғани ҳаммамиз яхши кўрамиз. Сергей, сенга шарт шу: соғ-саломат олиб кетасан. Битта касал бўлса, сени қулоғингни тортиб қўямиз,-деди қўшни Шамсигул хола.

***

10 сентябрдан 11 сентябрга ўтар кечаси. Саша тоғани кузатиб қўйиш учун кўп қўни-қўшнилар кўчага чиқдик. Ҳаммамиз Саша тоға билан бағирлашиб хайрлашдик. Ҳаммамиз дийдор қиёматда қолишини билиб хайрлашдик.

- Ҳа-а, ота-онам мени уруш ўчоғида қолиб кетмаслигим учун Ўзбекистонга юборган. Тинч ўлкангизга кўз тегмасин. Нон-туз учун, ҳаёт учун, тинчлик учун, меҳр-оқибат учун раҳмат,-деди ҳаммага.

Ва менга қараб:

- Қизинка, боғингни қаровсиз қолдирма. Қўни-қўшнилар билан яхши бўл. Буларнинг ҳаммаси яхши, мен яхши – олам яхши,-деди қаҳ-қаҳлаб кулиб ва пешонамдан ўпиб қўйди.

- Сиз менга қўнғироқ қилишга, касал бўлмасликка ва мени соғинишга ваъда беринг!-дедим кўзларимда ёш айланса-да, кулиб.

- Ваъда, ваъда, қизинка!-деди Саша тоға.

Саша тоға машина ортидан бизга кўзлари мўлтираб тикилганча ке-е-етди...

***

Саша тоғанинг телефонини анча кутдик. Аммо, дарак бўлмади. 2022 йил феврал ойининг ўрталарида Россия ва Украина ўртасида зиддият кескинлашаётгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларни «ёра» бошлади. 21 февраль Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужумига тўғридан-тўғри олиб келган жараёнларнинг бир қисми бўлганди. 24 февралда эса кенг кўламли уруш бошланди. 

Шу куни тунда, айни ухлар палламизда телефон жиринглади. Сапчиб турдим. «Неизвестный».

- Ойи, олинг, Саша тоға бўлиши мумкин!

- ...-бироз қалтираган кўйи гўшакни олдим. Ҳе йўқ, бе йўқ айтган гапим:

- Саша тоға, сизмисиз?- бўлди.

- Танидингми, қизинка?!

- Сиздан хавотирдамиз, Саша тоға!

Телефон гўшагида бироз сукут бўлди, кейин хирагина товушда:

- Об-ҳавосини ёшим кўтармади, қизинка. Ўзбекистондан қайтган куним, депсиниб йиқилдим. Ўшандан бери тўшаклаб ётгандим. Ҳали оёққа туриб-турмагандим, юртда нотинчлик бошланди. Бу дардни юрагим кўтара олмаса керак. Уруш юртда туғилиб, уруш юртда ўлиш тақдиримда бор экан, қизинка..,- Саша тоға томоғига бир нима тиқилгандай жим тортди. Чуқур «уҳ» тортди. Хўрсинди...

- Саша тоға...

Телефон гўшаги қисқа-қисқа «дуд-дуд»лади... Саша тоға бошқа гапиролмади. Бошқа гапиролмадик. Шу-шу бошқа гаплашмадик...

Орадан икки йил ўтди. Яқинда Саша тоғанинг ўғли Сергей аёли билан Бухорога – онаси ва бувисининг зиёратига келишди.

- Отам уруш дардини кўтаролмади. Ўшанда истагига қарши чиқмай, олиб кетмасак яхшироқ экан. У кекса ёшда экани учун эмас, «Уруш юртда туғилиб, уруш юртда ўлиш тақдиримда бор экан»,-деган оғриқ билан ўлди,-деди Сергей.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг