Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Учқудуқда Давлат хизматлари марказининг янги биноси очилди (фото)

Учқудуқда Давлат хизматлари марказининг янги биноси очилди (фото)

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Учқудуқда Давлат хизматлари марказининг янги биноси ишга тушди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га ДХА Навоий вилояти бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Тўққиз ой аввал бу ерлар тақир тупроқ эди. Қурувчилар бор бўлишсин, чўл бағрида бир мўъжиза яратишди.

Абдулла Керимбаев, учқудуқлик нуроний

Маҳаллий бюджет ҳисобидан қурилган замонавий объект карнай-сурнай садолари остида халқ ихтиёрига топширилди.

Марказ биноси ноаъанавий архитектура ва миллий меъморий ечим билан уйғунлашган. Халқ кирадиган жой шинам ва обод бўлиши учун алоҳида эътибор қаратилган. Ресепшнда ҳамиша очиқ чеҳрадаги марказ ходими фуқароларни тизим фаолияти билан таништириб, йўналтиради. Электрон навбат, кутиш зали, болалар майдончаси, интернетдан фойдаланиш учун бепул Wi-Fi ташкил этилган. Марказ бир вақтнинг ўзида 11 та қабул ойнасида мурожаатчиларга хизмат кўрсата олади. Бежирим ва бетакрор дизайнда замонавий жиҳозланган залда 5 та мониторда 100 дан ортиқ  давлат хизмати турлари юзасидан маълумотлар марказга келувчи фуқаролар учун тақдим этилган.

«Учқудуқ тумани давлат хизматлари маркази йил бошидан шу кунга қадар аҳолига 8500 та давлат хизматини кўрсатди. Аҳолиси 40 минг кишилик Учқудуқ учун аввалги бино кичик, фуқаролар хизмат олиши учун торлик қиларди. Яширмаймиз, жуда ноқулай эди. Мана энди халқ кирса киргулик, миллий ва замонавий дизайндаги архитектура, кенг ва ёруғ хизмат олиш зали, хизмат ойналари бари бари кўнгилдагидек... Бундай шароитда ишлаш ходимлар учун ҳам, марказ хизматидан фойдаланишга кирган одамлар учун ўзгача кайфият улашади, — дейди марказ директори Умар Худойқулов.

Марказ биносида туман ФҲДЁ, тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси ҳам иш бошлади.

Учқудуқ — Навоий вилоятдаги Давлат хизматлари маркази ўз фаолиятини янги бинода бошлаган тўртинчи марказ. Яна Навбаҳор ва Хатирчи туманларида ҳам марказларнинг янги бинолари иш бошлаш арафасида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг